Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўлими ўғлини Англиянинг энг яхши футболчисига айлантирган Аҳмад Маҳрез тарихи

Баҳо:
+ | -

 

 

Полиция билан тўқнашувлар, футбол майдони ўрнига лой ва тош ҳамда ҳақиқий қашшоқлик — Eurosport Англиянинг энг яхши футболчисининг бошдан кечирганлари ҳақида.

Касалхона каравотида ўрта ёшлардаги эркак ётибди. Унинг томоғига қувурча уланган, томирларига игналар санчилган. Олдида чарчаган қиёфали аёл ва икки озғин ўсмир турибди. Кардиомонитор жазоирлик муҳожирнинг сўнгги юрак уришларини кўрсатмоқда. Каравот суянчиғидаги касаллик тарихида шифокорнинг ажи-бужи ёзувлари билан шундай қайд битилган: «Аҳмад Маҳрез. Инфаркт. Кома ҳолатида».

Аҳмад тақдирдан қочиб қутула олмади — ундаги каби юрак билан узоқ яшаш амалда имконсиз эди. Бироқ, у 30 йилдан ортиқроқ — Тлемсен (Жазоир) шаҳридаги шифокорлар 23 ёшли йигитга унинг юраги тез орада ўчиши ва мамлакатда унга ёрдам бера оладиган бирорта ҳам шифокор йўқлигини айтганидан кейин ҳам яшади. Жазоирда унга керакли ускуна шунчаки йўқ эди. Уйга қайтаркан, Маҳрез ўз она қишлоғи ал-Мадинага бошқа кўз билан қаради. У қишлоқ жамоаси таркибида Жазоирнинг профессионал клубларига қарши тўп сурган майдон, йигитда математикага бўлган муҳаббатни уйғотиб, унинг муҳандислик институтига киришига сабабчи бўлган мактаб ёнидан оҳиста ўтаркан, болалик йиллари кўз олдида тасвирланди. Аҳмад буюмларини йиғишга тушди. Чўнтагида Парижга чипта, бағрида эса, ҳаста юрак билан ёнма-ён умид бор эди.

 

Аҳмад Париж чеккасидаги 58 минг киши истиқомат қиладиган Сарсель даҳасига етиб олгунига қадар, Франция пойтахтини автобус ойнасидан томоша қилди. Африканинг ҳароратли қуёши остида жилоланган қишлоқ ишсиз муҳожирларга тўла тушкун кўп қаватли уйлар билан алмашди. Бу ишсизлар доим норози, уларнинг мамлакатини асрлар бўйи қийнаб келаётгани ва уларни қашшоқликда қолдиргани учун Франция ҳукуматини ёмон кўрар, Сарселда кечани кеча, кундузни кундуз демай дайдилар, гиёҳвандлар ва безориларни излаб юрувчи полициячиларни кўргани кўзи йўқ эди. Аҳмад Жазоирнинг мустақиллиги учун уруш йиллари вояга етган, бироқ намойиш ва тартибсизликларда бирор марта қатнашмаган эди. Маҳрез фақат алгебрага қизиқарди.

Маҳрез Франциядаги янги ҳаётдан завқ ола бошлади: шаҳар хизматидаги муҳандис-электрик иши барқарор даромад келтирар, маҳаллий ҳаваскорлар жамоаси эса ҳаракатчан ярим ҳимоячини жон деб ўз сафига қабул қилган, телевизордан Пьер Ришар қувноқлик улашар, кўксида эса янги кардиостимуляторли юрак уриб турарди. Марселнинг «Олимпик» клубини эса Аҳмад бир кўришдаёқ ёқтириб қолди. Маҳрезни Францияга келиши «Олимпик»нинг юлдузлик онларига тўғри келган, шу сабабли, жамоа ўйинларидан илҳомланган Аҳмад бир кун келиб фарзандлари шу клуб либосида тўп суришини ният қилади.

80 йилларнинг ўрталарида Аҳмад марокашлик Солиҳа билан танишиб, тез орада у билан оила қурди. 1991 йили эса уларнинг икки ўғли — тўнғич Воҳид ва янги туғилган Риёз бор эди. Бироқ кичик Маҳрез саккизга тўлганида, Аҳмад ва Солиҳанинг никоҳига дарз кетди. Болалар онаси билан қолди, ота эса қўшни уйга кўчиб ўтгани билан, вақтини мунтазам болалар билан ўтказди. Ака-укалар ҳеч кимдан кам ўсмаслиги учун, Солиҳа арзимас чақа эвазига Париж поликлиникасига фаррош сифатида ишга кирди. Ота ва она пойтахтда ишлар, ишга бориш-келиш йўлида соатлаб вақт йўқотарди. Бу вақтда эса ака-укалар Франциянинг энг криминал ва қашшоқ даҳаларидан бирида вояга етди — Сарсель ҳозир ҳам гиёҳвандлик, қотилликлар, тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувлар сони бўйича рейтингларда етакчилик қилади. Даҳанинг 25 фоиз аҳолиси яҳудийлар, шунингдек, бу ерда кўплаб фаластинликлар ҳам истиқомат қилади, бу эса даҳадаги ёшлар орасида ишсизлик даражаси 40 фоизга тенг экани билан қоришиб, даҳшатли портловчи ҳолатни юзага келтиради.

 

Отаси каби, Риёз ҳам ҳеч қачон жиноятчилар оламига кирмади, бироқ бу одамлар бирга катта бўлди, уларни кўчада кўрди, улар билан бирга футбол ўйнади. Балки, полиция машиналарини ёқиб юборганлардан бирортаси Нелсон Мандела номли спорт марказида «Лестер»нинг бўлажак юлдузи билан бирга шуғулланган чиқар. Айнан шу марказда Риёз Маҳрез спортдаги илк қадамларини ташлаган эди. Маҳаллий тўгарак унинг учун клуб академияси ўрнини босди. Риёз ақлбовар қилмас даражада иқтидорли ва тиришқоқ, бироқ ҳаётда унга омад жуда кулиб боққан. Гап шундаки, Мандела маркази асосан чемпион сузувчи ва каратечиларни тайёрлаши билан машҳур. Бу ерда Франция марказий қисмидаги энг зич департамент — Вал-д’Уазанинг энг катта бассейни жойлашган; сузиш бўйича Франция олимпия термаси айнан шу ерда тайёргарлик кўради, Сарселнинг карате сексияси эса 2006 йили бутун Франция бўйича энг яхши, деб тан олинган. Марказнинг фақат тўрт тарбияланувчиси профессионал футболда муваффақият қозонган: Жан-Мануэл Татис «Марсель» ва «Севилья»да ўйнаб кета олган, Седрик Сабин бир ховуч француз клубларида ўйнаган, Туркия ва АҚШга сафар қилган, Филипп Кристанвал эса «Барселона»да порлаган. Каталонияликларнинг собиқ ҳимоячиси 2000 йилларнинг охирида марказга янги сунъий қопламали майдон совға қилган. Шундай экан, тупроқ ва тош аралаш тақир майдонда шуғулланишга мажбур бўлган Маҳрезнинг бу тўртлик орасига киришда ҳам омади чопган.

Футбол тўгарагига 15 йилдан бери Муҳаммад Кулибали раҳбарлик қилади. Мураббий ўз тарбияланувчиларига нисбатан жуда талабчан ва Аҳмад 12 ёшли Риёзни унинг қўлига топширганида, қотма болакайнинг финтлари Кулибалини ҳайратда қолдирмаган. Маҳрез профессионал фаолият ҳақида ўйламас ва тўпни шунчаки кўнгилхушлик учун тепарди. Бироқ тепишдан тинмасди. Акаси Воҳид ҳам футболни ёқтирар, бироқ қизларни ва улар билан қовоқхонага боришни ундан ҳам кўпроқ маъқул кўрарди. Йўлда кўпинча укасини учратар, Риёз эса ҳатто машғулотлардан кейин ҳам асфальт майдонда катталар билан футбол ўйнашга шайланиб турарди. Агар ҳовлида футбол бўлмаса, болакай шунчаки тўпни деворга тепиш билан вақт ўтказарди.

Риёзнинг тенгдошлари гиёҳвандликка берилган, ўғирлик ва босқинчиликлар учун қўлга тушган, ўнг кайфиятдаги яширин ташкилотлар сафига кираётган бир вақтда, Маҳрез ҳеч нарса ҳақида ўйламай, фақат тўп тепарди. Бу ҳолат уч йил — онаси болаларининг қўлидан олиб, шифохонага олиб кетмагунича давом этди: ҳаста юрак 54 ёшли Аҳмадни барибир йиқитган эди. Катта Маҳрез ҳушига келмай, вафот этди. Сарселдаги бутун ҳаёти давомида у футболчини вояга етказиш ҳақида орзу қилган эди. Кейинчалик Риёз айнан отасининг ўлими уни профессионал футболчи бўлишга ундаганини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ бечора электрик унинг ўғли қандай қилиб тонгга қадар шуғулланганини, тушунарсиз клубларнинг ўйинларини томоша қилиб ўтирганини, қандай қилиб «Лестер»да пайдо бўлиб қолганини, инглиз қизга уйланганини ва Премьер-лиганинг энг яхши футболчисига айланганини кўра олмади.

Палатадаги кардиомониторнинг чўзиқ чийиллаши Аҳмаднинг ҳаётидаги сўнгги овоз бўлди. Бироқ ҳар қандай ота ўғлининг орзуси рўёби учун ҳаётини ҳам берган бўларди. Маҳрезлар оиласида худди шундай бўлиб чиқди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 23:27, 02.05.2016.
Ўқилди: 5401 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.