Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Гудйонсен эртаги

Баҳо:
+ | -

Журналистиканинг ёзилмаган тамойилига кўра, қайсидир жамоа ёки футболчи ҳақида алоҳида мақола ёзиш учун аниқ бир сабаб - ўйинлари, голлари сони (юзинчи, икки юзинчи... мингинчи) ёки қайсидир нуфузли турнирнинг кашфиётига айланиши талаб этилади. Бироқ шу кунларда  камтарин «Мольде»нинг ўйинини кузатган хорижлик касбдошимиз 37 ёшли Эйдур Гудйонсен ҳақида ёзишга қарор қилди.

Қанотлардан жарима майдончаси томон амалга ошириладиган узатмаларга айниқса, икки ҳужумчи билан ўйнайдиган жамоалар ўйинларида кўп гувоҳ бўламиз. Бироқ учрашувнинг 14-дақиқасида ана шу одатий узатмани Гудйонсен чинакам мўъжизага айлантирди: юқоридан келаётган тўпни бир тепишда ортидан келаётган жамоадошига оширди, ҳужумчи ҳам уни ерга туширмасдан дарвоза томон йўллади. Шу тариқа, «Мольде» «Волеренга» дарвозасини забт этиб, ҳисобда олдинга чиқиб олди. Эътиборлиси, ўта мафтункор узатмани 37 ёшли фахрий, ундан қолишмайдиган ажойиб зарбани эса 18 ёшли иқтидор соҳиби амалга оширганди. Ҳа, шимолнинг энг машҳур футболчиси билан ёрқин иқтидор соҳибларидан бири «Мольде»да сермаҳсул тандемни ташкил этишганди.

Исландия терма жамоасининг бош мураббийи Ларс Лагербак мукаммал таҳлилни хуш кўради. Ҳатто, тўпнинг майдондан чиқариб юборилиши ҳам унинг эътиборидан четда қолмайди. Чунки кўп ҳолларда ён чизиқдан тўпни ўйинга киритиш охир-оқибат самарали узатма билан якунланади. Буни яхши билган швециялик мутахассис ўз шогирдларидан тўпни имкон қадар майдонда сақлаб қолишни талаб қилади. Ҳимоячиларнинг ўз дарвозаларига яқин жойлашишлари ҳам мураббийга ёқмайди. Шунингдек, Лагербек футболчилардан тўпга қараб эмас, майдонга назар ташлаб ўйнашни талаб қилади. Айнан Лагербак ўйлаганидек тўп сураётган Эйдур Гудйонсен Европа чемпионатида қатнашиш ҳуқуқига лойиқ топилди. Тўғри, унинг аввалги тезлиги йўқолган, лекин йиллар давомида орттирилган бой тажриба тезикдан кўра кўпроқ манфаат келтирмоқда - Эйдур ҳеч қачон тўпга қарамайди, уни шунчаки, ҳис-туйғулари орқали назорат қилади. Кўзлари эса майдондаги вазиятни баҳолаш билан банд. Ана шу фазилати эвазига у Норвегия чемпионатининг дастлабки 6 турида битта гол уриб, 5та (!) голга ассистентлик қилди.

 Албатта, Гудйонсеннинг яна юксак савияда ўйнашига шубҳаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин, «Мольде» бош мураббийи Оле Гуннер Сульшернинг фахрийдан кўнгли тўқ. «Футболчи спорт формасини йўқотиши ёки тиклаб олиш мумкин. Лекин савия доимо бирга қолади». Эйдур «Мольде»да ҳам худди «Барселона», Бельгия, Англия ва Хитойдаги каби тиришқоқлик билан тўп сурмоқда. Фарқ шундаки, майдонга диққат билан қараётган юзларда ажинлар пайдо бўлган, қарашлар эса ўша-ўша. Борди-ю, Евро арафасида «Мольде» захира ўриндиғига тушиб қолса ҳам, бундан аччиқланмайди, Францияга Исландиянинг захира футболчиси сифатида йўл олса ҳам, ёш жамоанинг нуфузли мусобақада эсанкираб қолмаслиги учун қўлидан келганича ҳаракат қилади.

Дарвоқе, 2013 йилнинг кузида Эйдур термадаги фаолиятини якунлаганди.

Аммо орадан бир йил ўтгач, «викинглар» Францияга жуда яқинлашиб қолишди. Шунда Лагербак Гудйонсеннинг тажрибасига эҳтиёж сезди. Эйдур термага қайтишини гол билан нишонлади. Шахсан  мен Эйдурнинг инсонийлик фазилатига, нуфузига чуқур ҳурмат билан қарайман. Ватанида ҳеч кимга қизиғи йўқ иш билан шуғулланиб, 20 йилдан кейин бу касбни ҳавас қиладиган даражага олиб чиқди. 90-йилларнинг ўрталарида у профессионал футболга қадам қўйганди, Исландия ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик ботқоғига ботиб қолганди. Овлоқ оролдаги шимоллик ёшларни соғлом турмуш тарзига етаклайдиган омиллар деярли йўқ эди. Гудйонсен ана шундай мураккаб шароитда вулқонлар салтанатидан ҳам ЧЛ ғолиби чиқиши мумкинлигини исботлади. Бунинг учун кеча-ю кундуз сабр билан тер тўкиш кераклигини амалда кўрсатиб, бошқаларга ибрат бўлди. Европанинг гранд жамоаларида тўп суриб, нуфузли совринларга эга чиққанида ҳам камтарин Эйдурлигича қолди.

Мана, энди ундан ибрат олган ёш ватандошлари қитъа биринчилигида иштирок этадилар, Гудйонсеннинг 20 йиллик фаолияти давомида шаклланган исландча қадриятларга таяниб, янада юксак марраларни забт этишга ҳаракат қилишади. Аслида, терма Францияга йўл олмасдан туриб машҳур бўлиб улгурди - Чехия, Голландия ва Туркиядек рақиблардан устун келиб, саралашни гуруҳ ғолиби сифатида якунлади. Энди Еврода ҳам сенсацияни амалга оширишга уриниб кўради. Чунки унинг Эйдурдек тажрибали етакчиси бор. Дарвоқе, Эйдурнинг тақдирига ёшларга ўрнак бўлиш битилган экан, мамлакатнинг ноёб иқтидор соҳиби сифатида миллий жамоа сафидан 17 ёшида жой олганди. Ўша пайтдаги жамоа дурустроқ натижага эришишга қодир бўлмасада, стадион мухлисларга тўлиб кетарди. Боиси, улар жамоа сафида ота-бола Гудйонсенларнинг ёнма-ён майдонга тушишини талаб қилишарди. Бу тарихий воқеа бундан ропа-роса 20 йил муқаддам - 1996 йилнинг апрелида юз берди: ўзининг дебют учрашувида Эйдур ўз отаси - Арнорнинг ўрнига майдонга тушганди. Ҳозирда Эйдур ва унинг ёш жамоадошлари Евро-2016 «плей-офф» босқичини мўлжалламоқдалар.

Championat com - С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:02, 03.05.2016.
Ўқилди: 3450 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.