Ўзбекистон – улкан иқтидорлар мамлакати. Зеро юртимизда истиқлол даврида етишиб чиқаётган ёш истеъдодлар секин-аста бутун дунёни ўзларига қаратишмоқда.
Футболда ҳам мамлакатимизнинг мақтанса арзигулик иқтидорли ёшлари етарли. Тўғри, ҳали Ўзбекистондан Месси ёки Роналду етишиб чиқмади. Аммо секин-аста ёшлар спортига, болалар футболига катта эътибор қаратилаётгани ҳали яқин келжакда ўз мевасини беради, албатта.
Сўнгги пайтларда барчанинг диққат-эътибор марказида турган ёш футболчилардан бири – бу “Бунёдкор” ҳимоячиси Рустам Ашурматовдир. “Қалдирғочлар”нинг келажаги порлоқ дея эътироф этилаётган ушбу ўйинчиси билан дилдан суҳбат қурдик.
Қуйида мухбиримиз Бахтиёр Тоштемировнинг Рустам Ашурматов билан суҳбатини ўқиш имконига эга бўласиз.
- Футболга кириб келишингиз ҳақида икки оғиз...
- Бобом 6 ёшимда Қўқондаги футбол мактабига олиб борган. Миллионлар ўйинига илк қадамларимни шу ерда ташлаганман. Кейинчалик мени “Бунёдкор” жамоасига таклиф қилишган ва шундан буён шу жамоа шарафини ҳимоя қилиб келяпман.
- Дебют учрашувингизни эслай оласизми?
Албатта, 2015 йил Ўзбекистон Кубоги бахсида “Обод” жамоасига қарши асосий таркибда майдонга тушганман. Ўша учрашув 1-1 натижасида якунланган.
- 2013 йил 17 ёшли футболчилар ўртасида БАА да бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳақида.
- БАА да кўрсатган натижамизни ажойиб деб бўлмайди албатта, лекин ўшанда жамоамиз яхши шаклланган эди. Менимча жаҳон чемпионатида иштирок этишнинг, энг асосийси, юртимиздаги кўплаб маҳоратли футболчилар орасидан 21 талик таркибга кирганимнинг ўзи катта бахт. Бунинг учун менга таълим – тарбия берган устозларимга катта раҳмат. Таассуротларга келадиган бўлсак, буни сўз билан тарифлаш қийин. Буни фақат ушбу мусобақада иштирок этган инсонгина ҳис қила олади.
- Тушкунликка тушиб қолганингизда ким сизни рухлантиради?
- Биринчи навбатда оила аъзоларим. Бундай вазиятда онам, акам, синглим, қолаверса, тоғам Бахтиёр Ашурматов ўзининг қимматли маслаҳатларини аямайди. Улар билан кўпроқ мулоқот қиламан.
- 2015 йилда Янги Зеландияда ўтказилган U20 жахон чемпионатида сизни ҳақиқий, келажаги порлоқ химоячи сифатида кўргандик. Умуман ушбу мусобақа ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтсангиз.
- Янги Зеландияда ўтган жаҳон чемпионатида деярли ҳаяжонлар унутилган эди. Чунки 2013 йилда БАА даги кичик мундиалда ҳам иштирок этгандик. Тажриба ҳам етарли эди. Қизиғи, жаҳон чемпионати бошлангунга қадар мен асосий таркиб ўйинчиси эмас эдим. Лекин 2-турдан бошлаб мураббийим менга ишонч билдира бошлади. Бу эса менинг ҳаётимда катта ўзгаришларга сабаб бўлди.
- Гуруҳ босқичини ажойиб якунлаб, чорак финалда Сенегал терма жамоасига кичик хисобда имкониятни бой бергандинглар. Ўша учрашувда ғалаба қозонишингизга нима етишмаган. Жисмоний ҳолатми?
- Албатта, Африка қитъасидан келган футболчилар ҳар доим жисмонан анча бақувват бўлишган. Лекин биз ҳам ўйин борасида рақибимиздан асло қолишмаганмиз деб ўйлайман. Ушбу учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилсак ҳам бўларди, лекин ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳимояда йўл қўйилган камчиликлар туфайли ўз дарвозамиздан тўп олиб чиққанмиз.
- Химоячи сифатида Рустам Ашурматов учун олий лигамиздаги энг ноқулай рақиблар кимлар?
- Мен айнан бир футболчи ёки жамоани ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Чунки ҳар бир футболчи ёки жамоанинг ўзига яраша кучли ва кучсиз томонлари бор. Рақибни менсимаслик эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ўйиндан олдин рақибни ўрганиб унга яраша ҳаракат қиламан.
- Бахтиёр Ашурматов ҳозирда тажрибали мураббийлар қаторида эътироф этилади. У киши сизга ҳам ўз маслаҳатларини бериб турадими?
- Буни инкор этмайман. Мабодо қийинчиликларга дуч келсам, албатта боғланаман ва керакли маслаҳатларини оламан.
- Биламизки фаолиятингизни бошлаганингиздан буён кўплаб халқаро мусобақаларда қатнашдингиз. Хусусан, 17 ва 20 ёшли футболчилар ўртасида жаҳон чемпионатида иштирок этдингиз. Шундай экан хориждан ҳам таклифлар тушган бўлиши табиий. Агар сир бўлмаса айтингчи қайси жамоалардан қизиқиш бўлган?
- Шу кунгача шахсан ўзимга таклиф билан чиқишмаган, балким клуб раҳбарларига бу борада таклифлар бўлгандир.
- Агар футболчи бўлмасангиз қайси соҳа эгаси бўлардингиз?
- Тўғриси менга бу саволни жуда кўп беришган. Қизиғи бошқа касб эгаси бўлиш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Вақти келиб футболни тарк этишим ҳақида ўйласам бошқа касб танлаш фикри туғилади. Лекин ҳали бир қарорга келмадим.
- Бўлажак турмуш ўртоғингизни қандай сифатларга эга бўлишини орзу қиласиз?
Бу ҳақда ўйлашга ҳали эрта деб ўйлайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- “Бунёдкор” жамоасининг сўнгги йиллардаги қониқарсиз натижалари нима билан боғлиқ?
- Ҳозир жамоамизда ёшларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Ўйлайманки ҳали бу ўз мевасини беради. Яқин йиллар ичида “Бунёдкор” аввалги даражасига албатта қайтади.
- Осиё чемпионлар лигаси сиз учун қандай мусобақа? Умуман ОЧЛ ва миллий чемпионатнинг фарқи ҳақида
- Осиё чемпионлар лигаси алоҳида мавзу. У ерда Осиёнинг энг кучли жамоалари тўп суради. Ушбу мусобақанинг олий лига билан фарқи жуда катта. Буни кўрсатаётган натижаларимиздан ҳам билиб олса бўлади. ОЧЛ да қониқарсиз иштирок этяпмиз, лекин чемпионатдаги ишларимиз жойида.
- Ушалмаган орзуингиз.
- Албатта ҳар бир инсонда орзу бўлади. Шундай экан мени ҳам орзуларим бор. Аммо ҳозирча улар сир бўла қолсин.
- Сиз билан бирга тўп сурган энг яхши легионер
- Мен ҳали кўп легионерлар билан майдонга тушишга улгурмадим. Лекин ҳозирда мен билан бирга тўп сураётган япониялик Сато Минорини энг яхши легионер деб биламан.
- Барселона ёки Реал мадрид?
- Реал Мадрид жамоасига муҳлислик қиламан.
- Рустам Ашурматовнинг хаёлий жамоаси....(жахон футболида)
Дарвозада: И.Касилляс,
Ҳимояда: Д.Алвеш, Н.Видич, С.Рамос, Марсело,
Ярим химояда: С.Бускетс, А.Инеъста, Л.Модрич,
Ҳужумда: К.Рональдо, З.Ибрагимович, Л.Месси
- Сиз учун энг эсда қоларли учрашув?
- 2013 йилги жахон чемпионатида Панама терма жамоасига қарши кечган учрашув мен учун энг эсда қоларлиси бўлганди.
- Сизнинг наздингизда ўзбек футболи тарихидаги энг яхши футболчи ким?
- Одил Ахмедов.
- Мазмунли суҳбатингиз учун катта рахмат.
Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ суҳбатлашди