Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишончга путур етса…

Баҳо:
+ | -

Мавсум бошланганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлмади, аммо баъзи жамоалар учун жўжа саналадиган фасл келиб қолгандек. ОЧЛ гуруҳ босқичидаги жамоаларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажраладиган вақт келди. Ўтган ҳафта бешинчи тур ўйинлари ўтказилди ва унга кўра жамоаларимизнинг сарагини кўрмаган бўлсак-да, бироқ ҳозирданоқ пучаги ажралиб қолганига гувоҳ бўлдик.

Мавсум бошида кўпчиликка умид улашган «Бунёдкор»нинг ўз майдонидаги сўнгги учрашувда ҳам мағлубиятга учраши жамоаларимиздан бири мусобақани расман тарк этганидан далолат. «Лаҳвия»ни сира ҳам «Бунёдкор»дан кучли, демаган бўлардик. Аслида, бу баҳсда тошкентликлар ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. Аммо энг керакли лаҳзада ирода етишмади. Энди «қалдирғочлар» Чемпионлар Лигасининг сўнгги ўйинини шунчаки расмиятчилик учун ўтказишади. Шундан сўнг Сергей Лушан айтмоқчи, эътиборни ички мусобақаларга қаратишса ҳам бўлаверади. Турнирни биринчи бошлаган клуб ҳам «Бунёдкор» бўлди, энг аввал якунлага ҳам у...

Хўш, клуб муаммолари нимада, қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолди? Ахир «қалдирғочлар» яқингача халқаро ўйинларда энг номдор жамоаларимиздан ҳисобланишарди-ку? Бу саволга дабдурустдан жавоб қайтариш қийин. Боиси, «Бунёдкор»да ҳеч бир жабҳада муаммо кўрмаяпмиз - яхши таркиб, барқарор молиявий таъминот, стадион, база, маош... Буларнинг ҳеч бири нолийдиган даражада эмас. Демак, қайсидир қарор борасида хато қилинганки, «Бунёдкор» мана икки йилдан буён ўзига кела олмаяпти. Қарорни эса ким қабул қилади? Ҳа, яшанг - раҳбарият!

«Бунёдкор»нинг айни вақтдаги мураббийлар штаби иш бошлаган дамларда Ўзбекистон чемпионатидаги энг барқарор ўйинни айнан «қалдирғочлар» намойиш этишаётганди. Аммо сўнгги икки йил мобайнида клубда пасайиш кузатилди. Бир қарасангиз, ундан яхши жамоа йўқ, яна бир қараганда эса, ундан-да ёмонини топа олмайсиз. Албатта, асосий эътибор ёшларга қаратиларкан, бундай ҳолат юзага келиши турган гап. Шу сабабли ҳам, балки Сергей Лушанга қайта ва қайта ишонч билдирилаётгандир. Аммо ҳамма нарсанинг ҳам чек-чегараси бўлганидек, қачондир бу ишончга ҳам путур етади. Ўйлаймизки, бу воқеа бугун, эрта ёки индинга рўй берса, «Бунёдкор» мухлислари орасида қарши чиқадиганлар кўп топилмаса керак.

Жамоага ислоҳотлар қай даражада кераклигини Чемпионлар Лигасида кўрдик. Магарки, клуб аввалги мавқеини тиклашни истар экан, қандайдир ўзгаришлар қилиши шартлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Акс ҳолда, «Пахтакор»нинг қисмати такрорланиши ҳеч гап эмас. Ёдингизда бўлса, «шерлар» ҳам беш-олти йил бурун асосан ёшларни тарбиялаётганларини таъкидлаш билан банд эдилар. Шу сабабли, жамоа ўйини ортга кетганига эътибор қаратмаслик, ғалабалар, албатта, келишини таъкидлашдан чарчамасдилар. Агар «Пахтакор» раҳбарияти «ғалабалар» деган жумла орқали олий лигадаги ғолибликни назарда тутган бўлса, улар ўз ваъдаларини бажардилар, дейиш мумкин. Аммо халқаро ўйинларга назар ташласак, бир вақтлари бутун қитъани титратган клубнинг ҳозир гуруҳдан чиқишга ҳам қийналаётганини кўрамиз. «Пахтакор» тарбиялаётган ёшлар эса йил ўтгани сари ўртамиёна футболчига айланиб боришмоқда. Ахир фақат олий лигадаги иштирок билан халқаро даражадаги футболчини тарбиялаб бўлмайди-ку!

Ҳозирги «Бунёдкор» ҳам ўша сценарий бўйича «ривожланаётгандек». Клубнинг ҳозирги раҳбарияти ёшлар ҳақида гапиришни хуш кўради. Бунинг нима билан якунланишига «Пахтакор» тимсолида ишонч ҳосил қилиб улгурганмиз. Демак, «қалдирғочлар» шу йўлдан кетишни исташмаса, ҳозирданоқ чора кўришлари лозим. Клубнинг ички муҳити қандай эканидан бехабармиз, аммо намойиш этаётган ўйинига қараб ҳам бир гапни бемалол айтиш мумкин - «Бунёдкор»га, энг аввало, яхши савиядаги тажрибали мураббий керак. Албатта, ўша мураббийни юртимиздан топиш қийиндир, аммо Хорватиядан Бульятга ўхшаган ҳимоячини йирик маош эвазига олиб келгандан кўра, малакали мутахассисни жалб этган афзал эмасмикан? Зеро, Бульят сингари хато кетидан хато қиладиганлар ўзимизда ҳам топилади. Фойдасиз легионерларга тўланадиган пул бирор мураббийга берилса-чи? Унга Лушан олаётган маошни ҳам қўшилса, ҳеч бўлмаганда Миодраг Радулович каби мураббийлардан бири клубни бошқаришга кўнар?!

Мақола сўнгида «Бунёдкор» раҳбариятига айтар гапимиз бор - бу клуб нафақат юртимизда, балки бутун қитъада ўз ўрнига эга... эди. Ҳа, эди, фақат уч йил олдин! «Қалдирғочлар» шу вақтга қадар Ўзбекистон чемпионатида 5 марта, кубокда эса 4 марта ғолиб чиқишган. Яна икки марта Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалига етиб боришган... Хўш, «Бунёдкор» қандай қилиб қисқа вақт ичида етакчидан ўртамиёнага айланиб қолди? Селекция ишлари қайси мақсадни кўзлаб амалга оширилмоқда? Ёшларни тарбиялаш ҳақида гапириш осон, аммо уларга ниманидир ўргата оладиган футболчилар таркибга жалб этилмас экан, бу тарбиядан наф чиқариш қийин бўлади.

З. ҚОСИМОВ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 00:31, 04.05.2016.
Ўқилди: 6395 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.