Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ҳунарманд ва мусаввир

Баҳо:
+ | -

«Атлетико» хавбеки Сауль Ньигес ЧЛ ярим финалига қадар майдонда бир қатор «ҳунар»лар кўрсатиб, омма эътиборини ўзига қаратганди. Мана, 21 ёшли футболчи Милан финали йўлида  «Бавария»га қарши кечган биринчи ўйинда ниҳоятда чиройли гол уриб, «матрасчилар»нинг минимал ҳисобли ғалабаларини таъминлади. Қитъадаги энг кучли клублар кузатуви остида турган ярим ҳимоячининг Мануэль Нойер дарвозасини фантастик даражада нишонга олиш жараёнида ён бермас рақибнинг нақ 4 нафар ҳимоячисини алдаб ўтгани диққатга сазовор ҳолат. Демак, ёш иқтидорни эътироф этиш мақсадида унинг жорий мавсумда урган голларини бирма-бир эсга оламиз. «Бу фаолиятим давомидаги энг муҳим ва шубҳасиз, энг чиройли гол бўлди», деди «Атлетико»-«Бавария» ўйини қаҳрамонининг ўзи финал ҳуштаги янграганидан сўнг.

Сауль - «Атлетико» тарбияланувчиси, у клуб академиясига 14 ёшида ...«Реал» мактабидан ўтган. Футболчи жорий мавсумга келибгина «матрасчилар» асосий таркибидан тўлақонли жой олди. Ньигес барча қатори аввалига мадридликлар фарм-клубида ўйнади, чемпионат-2013|2014ни эса ижара келишуви асосида «Райо Вальекано»да ўтказди. Хуллас, йигитча катта футбол билан айнан шу клубда танишди. Диего Симеоне бундан олдинги мавсум арафасида салоҳиятли ярим ҳимоячини  «Атлетико»га қайтарди ва асосан захирадан ўйинга тушириб турди. Аниқроқ айтсак, Сауль примеро доирасидаги 24та учрашув (9тасида бошланғич таркибга кирди)да иштирок этди ва 4та гол урди. Муҳими, ўшандаёқ ушбу ярим ҳимоячининг  футбол майдонида фақат «рояль кўтариб юриш» билан чекланмаслиги кўзга ташланганди. Яъни Сауль ёш бўлишига қарамай, ҳар қандай нозик дид эгасини ҳайратга соладиган даражада ижодкор эканлигини исботлай бошлади. Бунга ёрқин мисол сифатида «Висенте Кальдерон»да «Реал»га қарши кечган дерби ўйинини келтириш кифоя қилади. Ўшанда мезбонлар номдор рақибни 4:0 ҳисобида енгишган ва Сауль ўз жамоасининг иккинчи голи муаллифига айланганди - чалқанчасига қойилмақом ва аниқ йўллаган зарбаси ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

Сауль айни пайтгача Испаниянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида ўйнашга улгурди. Хуллас, унинг учун юқори шиддат ва босим остида тўп суриш янгилик эмас. Дейлик, «Атлетико» ярим ҳимоячиси 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Евро-2012да ўз жамоаси билан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Мана, Ньегес ниҳоят, батамом Симеоненинг ишончига кирди, ваҳоланки, клубдаги рақобат анча баланд. Сауль жорий мавсум примерода жами 29 марта майдонга тушган бўлса, уларнинг нақ 24тасида бошланғич таркибдан жой олди. Хуллас, бир йил олдинги кўрсаткичга қараганда, яққол ўсишга эришди. Қолаверса, у лига баҳсларида 4та гол ҳам урди, шунингдек, ЧЛда 11та ўйинда ҳаракатланиб (8таси асосий таркибда), «Атлетико»нинг 3та муҳим голи муаллифи бўлди.

Умуман, Сауль жорий мавсум голларни турлича урмоқда. Эстетик дид билан урилганлари ҳам, меҳнат орқали вужудга келганлари ҳам бор. Лекин бу голларни битта жиҳат ўзаро боғлаб туради - уларнинг деярли ҳар бири ўта муҳим аҳамият касб этди ва кўпинча «матрасчилар»га ғалаба келтирди. Мисол учун, ЧЛ гуруҳ босқичида «Астана»га қарши кечган уй учрашувини олайлик. Ўшанда ҳисобни айнан Сауль очди ва «Атлетико» якунда ишончли ғалабани тантана қилди. Биринчи бўлим ўрталарида бурчак зарбаси амалга оширилгач, Янник Феррейра-Карраско узатмасини қабул қилган ярим ҳимоячи ҳужумга чиройли нуқта қўйганди. Унинг товони билан берган нозик ва маккорона зарбасидан нафақат рақиблар, балки ўз жамоадошлари ҳам лол қолган бўлсалар, ажабмас. Қисқаси, Саулнинг еврокубоклардаги дебют голини элит тоифага киритиш мумкин.   Гуруҳ раундининг 6-турига келиб, футболчи энди ўзга майдонда ҳам «ҳунар» кўрсатди - Лиссабонда «Бенфика» ва унинг мухлисларини ғоят ранжитди. Ўша баҳсда португаллар ва испанлар квартет ғолиблигини талашдилар ва айнан Сауль ўз голи билан «матрасчилар»га ўта зарур ғалабани тақдим этди. Тўғри, «Бенфика» дарвозасини ишғол этилишида асосий ишни Лусиано Вьетто бажарди, лекин Ньегис ҳам ақл бовар қилмас даражада тартибли ҳаракатланди. Чунончи, у рақибнинг таянч ярим ҳимоячиларидан вақтида «қочди» ҳамда очиқ ҳудудга чиқди. Кейин барчасини бинойидек амалга оширди - хотиржам ҳолда зарба йўллаб, жамоадошининг чиройли «пас»ига ўзгача жило бағишлади.

Испания чемпионатининг жорий мавсумига келсак, Сауль биринчи голини 15-турда нишонлади. «Атлетико» ўз майдонида «Атлетик» (Бильбао) билан ўйинда роса қийналди. Боз устига, умумий вақтнинг учдан бир қисми ниҳоялаган пайт меҳмонлар ҳисобда олдинда боришаётганди. Ёш хавбек биринчи бўлим охирида мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. У ҳакам томонидан қўшиб берилган 2-дақиқа тугаши арафасида фақат оёқлари эмас, боши билан ҳам яхши ўйнай олишини кўз-кўз қилди. Оддий айтганда, Сауль стандарт вазият амалга оширилгач, олдиндан ўйланган режага мувофиқ, барчадан илдамроқ ҳаракатланиб, тўпга бошини шунчаки, тўғри қўйди.

 Ла-лиганинг 23-тури. Камтарин «Эйбар» билан ўйин. 63-дақиқа. Таблода «матрасчилар» мухлисларини асло қониқтирмайдиган ҳисоб - 1:1 порлаб турибди. Симеоне шу лаҳзада «сеҳрли таёқча» сифатида Саулни майдонга туширди ва у ғалаба голини ҳосил қилди. «Матрасчилар»га худди «Атлетик»ка қарши кечган баҳсдаги каби яна Кокенинг бурчакдан тўп ошириши қўл келди, қаҳрамонимиз эса рақиблардан ўзиб кетганча меҳмонлар дарвозабони билан ҳаво курашида устун чиқди.

Орадан 4та тур ўтиб, «Реал Сосьедад» ҳам Саулдан жабр чекди. Фарқли томони - «Атлетико» бу гал 3:0 эвазига 3 очко олди. Ярим ҳимоячига келсак, у иккинчи гол муаллифига айланиб, ўйиндаги «интрига»га нуқта қўйди, ҳисоб. Айтиш мумкинки, «гол кийиниш хонасидан бўлди», негаки, Сауль 46-дақиқада зафар қучди. Ассистент ролини эса Лиссабонда бўлгани каби Вьетто бажарди. Аргентиналик футболчи ёш испаннинг голида яна катта иш қилди, шунинг баробарида унинг ўзи ҳам юқори баҳога муносиб ҳаракатланди. Ҳаммаси китобда ёзиб қўйилгандек - жарима майдонига ёриб кириш, тўғри позиция танлаш ва ҳавога сакраган ҳолда, тўпни дарвозага йўллаш.

Ниҳоят, март ойида Сауль «Депортиво» билан учрашувда ҳисобни очди. Унинг тезкор голи рақибларни очиқроқ ўйнашга мажбур этди ва бундан унумли фойдаланган «Атлетико» енгилгина ғалаба қозонди - 3:0. Бу сафар Саулни зарба йўлига ҳимоячи Фелипе Луис чорлади. Лекин голда асосий ишни шубҳасиз, ярим ҳимоячининг ўзи бажарди. Чап қанотдан тўп узатилгач, футболчи  рақибнинг нисбатан устунликка эга ҳимоячиси билан курашга киришди, тўғрироғи, ўзини «ўт»га отди, гўё. Натижа - ўта чиройли гол!

Мана, Сауль «Бавария» билан илк ўйинда «Атлетико»нинг янги юлдузи бўлишга даъвогар эканлигини амалда тасдиқлади. Ёш футболчи шу биргина ўйин мисолида ўзининг трансфер нархини моҳиятан чамалаб олиши керак. Эҳтимолки, Симеоне учрашувни обдон таҳлил қилган ва шогирдидан баъзи мақтовларни аямагандир. Лекин «Атлетико» бош мураббийи йигитнинг ҳаракатларига профессионал даражада баҳо беришга ҳақли ягона инсон эмас. Зеро, Саулнинг отаси ҳам футболчи бўлган ва вақтида примерода «Эльче» шарафини ҳимоя қилган, унинг 3 нафар акаси эса сегунда клубларида тўп сурмоқда. Хуллас, Сауль ўз оиласида барчадан ўзиб кетишга улгурди ва келажакда бутун футбол оламида энг юқори чўққиларга чиқмоқчи...

Саулнинг Мануэль Нойер дарвозасига урган голи ҳақида яна озгина фикр. У ўз ҳаракатлари билан Месси ёки Марадона услубини эслатиб юборди. Ваҳоланки, универсал хавбекнинг асосий хусусияти  - феноменал меҳнаткашлик. 21 ёшли йигит слалом юриши чоғи «Бавария»нинг 4 нафар футболчисини четлаб ўтди - улар худди йўлда турган конуслардек таассурот қолдиришди. Алаба, Бернат ва Хаби Алонсо бундан оғизларини очганча «шок» ҳолатига тушиб, ўйин охирига қадар ўзларига келолмадилар. Сеҳрли голни ҳисобга олмаганда ҳам, Сауль майдонда катта ҳажмда иш бажарди ва ҳақли равишда учрашув қаҳрамони сифатида тан олинди. Хусусан, тартибли ҳимоявий ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Айтганча, Ньегис «Бавария» дарвозасини ишғол этишдаги дриблинг санъати билан 2015 йилнинг июнида Испания термаси машғулоти жараёнида юз берган ҳолатни эслатиб юборди. Мавсум-2014|2015 якунида миллий жамоа йиғинига илк марта жалб этилган «Атлетико» хавбеки ўшанда кимсан Икер Касильясни калака қилган тарзда ожиз қолдирган ва бу голи Испанияда супер-хитга айланганди. Чунончи, у Касильясни беармон бир неча марта эффектли алдаб ўтиб, ортга қайтган (худди рақс тушаётгандек) ва якунда тўпни бўш дарвозага йўллаганди. Тажрибали футболчилар одатда ёшларнинг бундай «сурбет»ликларига чидолмайдилар ва уларни гоҳида оёққа беаёв зарба бериш билан қарши оладилар. Хайриятки, «Реал» афсонаси ундайлар сирасига кирмайди. Эътиборлиси, «Атлетико» фанатлари айнан «Касильясни камситиш» саҳнаси сабаб, Саулни янада кучлироқ севиб қолишди ва унинг «Реал Мадрид»даги ўтмишини батамом унутишди. Зеро, у 12 ёшида жонажон «Эльче»сидан «Қироллик клуби» даргоҳига йўл олганди. «Реал»да ғалати воқеалар юз берарди, - дея ҳикоя қилди Сауль яқинда берган интервьюларидан бирида - Бутсаларимни ўғирлаб кетишарди, ҳаттоки, овқатимни ҳам. Мураббийга менинг номимдан қандайдир хат юборишар ва натижада машғулотлардан 2 ҳафтага четлаштирилардим. 2 йилдан сўнг  «Атлетико» сафига қўшилиб, ишга мутлақо бошқача муносабатни кўрдим. Бир сўз билан айтсам, «Атлетико» менга ҳаммасини берди, клуб - қадрдон уйим. «Матрасчилар» либосида майдонга тушишдан яхши ҳолат йўқ. Агар бир умрли шартнома таклиф қилишса, ўзимни беҳад бахтиёр сезардим ва оёқларим ҳаракатдан қолгунича клуб хизматида бўлардим. Чунончи, билдирилган ишончга муносиб жавоб қайтаришим шарт». Ҳа, майдонда ҳунарманд ва мусаввирдек таассурот қолдираётган Сауль Ньегис ҳозирча бошқа жамоалар ҳақида ўйламаяпти, аммо шундай ўйнаб турса, уни тинч қўйишармиди...?

 

АЙТГАНЧА...

«Атлетико» яқинда Англия топ-клубларининг Сауль учун 30 миллион евро тўлашлари ҳақидаги таклифларига қатъий оҳангда рад жавобини берди. Ваҳоланки, Transfermarkt.dе сайти унинг трансферини 20 «лимон»га баҳоламоқда. Саулнинг агенти -  машҳур Жорже Мендеш. Дарвоқе, «Атлетико» 2011 йили футболчининг 40 фоиз ҳуқуқини учинчи томонга сотган. Боз устига, атиги 1,5 миллион евро эвазига.

Саулнинг «Атлетико»дан бошқа клубга ўтишига «Барселона» халақит бериши мумкин. Негаки, уни сотиб олишга биринчи навбатда, айнан каталонияликлар ҳақлилар. 2013 йили Давид Вильянинг «Атлетико»га ўтиши жараёнида ўртадаги шартномага Сауль, шунингдек, ҳимоячи Хави Манкильони сотиб олиш ҳуқуқи биринчи галда, «Барса»га тегишли эканлиги ёзиб қўйилган. Сауль ва «матрасчилар» ўртасидаги келишув 2020 йилгача мўлжалланган. Ушбу муддат оралиғида қайсидир клуб футболчига харидор бўлса, каталонияликлар орага суқулиб, уни сотиб олиш ҳуқуқига эгалар. Бунда харидор таклиф қилган суммани беришлари ёки нархни кўтариб қўйишлари мумкин. Бордию, «Барселона»нинг ўзи харидор бўлса, унда 60 миллион евро (шартномада кўрсатилган, товон пули миқдори) тўлашига тўғри келади. Лекин Mundo Deportivoда ёзилишича, товон пули аслида камроқ -  45 миллион, қолаверса, «Барса» бу футболчини харид қилиш ниятида эмас.

Championat.com, «СЭ» - Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 00:41, 04.05.2016.
Ўқилди: 3792 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.