Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Хорхе Сампаоли: «Мағлубиятдан чўчимаслик керак»

Баҳо:
+ | -

Одатда, европаликлар Жанубий америкаликларга нисбатан кўпроқ соврин олишади. Бу борада «Йил мураббийи-2015» совринига даъвогарлик қилган аргентиналик мутахассис, Чили термасининг собиқ устози Хорхе Сампаоли FIFA.com сайтига берган интервьюсида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Нима учун Жанубий Америка футболида фаолият олиб бораётган инсонлар халқаро миқёсда камроқ ном қозонишади?

- Ҳамма гап ғолибларни аниқлаш учун ўтказиладиган сўровларда. Осиё, Африка ва бошқа минтақалар Европа футболига боғланиб қолишган. Жанубий Америка улар учун узоқлик қилади. Бундай минтақалар эътиборини қозониш учун клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида «Барселона»ни мағлуб этиш лозим. Чили терма жамоаси билан қилган ишларимиз кўп нарсани англатади. Бу бошқа мамлакатлар кўз ўнгида кўтарилишимизга ёрдам берди.

- Номинациялар ҳақида эшитганингизда қаерда эдингиз?

- Чилида. Карахт аҳволга тушиб қолдим. Ҳатто, бунга ишона олмадим. Шу билан бирга, хурсанд ҳам бўлдим. Нимагадир футболчилик фаолиятимда халақит берган жароҳатларни эсладим. Албатта, футболчилар ҳақида ҳам ўйладим. Ахир уларсиз хеч нима қила олмасдим.

- Аксарият мураббийлардан фарқ­ли ўлароқ, ўзингиз профессионал даражада деярли футбол ўйнамагансиз. Юқори савияли футболчилар билан тил топишиш қийин кечмайдими?

- Мен ҳамма нарсага бироз бошқача кўз билан қарайман. Ўйинчилар футбол ҳақида суткасига 24 соат ўйлашимни билишади. Шунингдек, ҳаваскорлар даражасида бўлсада футбол ўйнаганман. Бугунги кунда миллионлар ўйинида айрим муҳим нарсалар инобатга олинмайди. Мен эса ўша нарсаларни футболчиларга яхши тушунтира оламан.

- Нимага чап қўлингизда бундай татуировка бор?

- Агар одамлар айтганига эътибор қаратганимда ҳеч қачон мураббий бўла олмасдим. Футболчилик фаолиятимда муваффақият қозониш бобида кимлардандир ортда қолганман. Лекин раҳбарликка бошқа йўл топдим. Агар бошқаларнинг гапини инобатга олганимда, ҳозир Касильдадаги банкда ишлаётган бўлармидим. Бу ҳам қандайдир инқилобни англатади. Ҳамма бир нарсани айтса, сен бошқасини қилгинг келади. Ҳаётга ҳамиша шундай кўз билан қараганман. Қолаверса, романтикман. Шу боис ҳам айни кўринишдаги татуировкани маъқул кўрдим.

- Ўтмиши ҳар хил, ёш ва тажрибали футболчилар билан ишлаш қандай кечяпти?

- Ҳар бир шогирдим билан индивидуал ёндашишга ҳаракат қиламан. Уларнинг ҳаммаси ҳар хил. Лекин барчаси учун футбол қувонч улашади. Шогирдларим масъулиятни ўз бўйниларига олишлари, мағлубиятдан чўчимасликларини истайман. Чили терма жамоаси футболчилари буни тезда тушуниб етишди. Шу боис ҳам улар ўйинга ҳаёт-мамот жангига киришаётгандек тайёрланадилар.

- Чилининг «Копа Америка»да ғолиб чиқиши учун қандай ишларни амалга оширдингиз?

- Марсело Бьелсанинг фалсафасидан ниманидир ўзлаштирдим. Майдонга тушганда жаҳлдор бўлиш билан бирга тўпни назорат қилишга ҳам эътибор қаратдик. Жамоанинг ўзига бўлган ишончи ортди. Шундан сўнг ҳар бир учрашувда ташаббусга эга бўлдик ва натижада ғалаба қозондик. Энди Чили термаси ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата олади.

- Лавозимингизни тарк этганингизга уч ой бўлди. Ўтган давр ичида нима билан шуғулландингиз?

- Футбол томоша қилдим. Тўғрисини айтсам, мослашиш қийин бўлди. Олдинлари вақтимни фақат футбол учун сарфлардим. Энди эса кўплаб ўйинларни кузатяпман, одамлар билан мулоқотда бўляпман ва турли чемпионатларни таҳлил қиляпман.

- Бундай вазиятда сизни кўпроқ нима ташвишга соляпти?

- Хуллас, келажагимга ишончсизлик билан қарашаётгани ёқмайди. Мен билан боғлиқ миш-мишлар юрибди. Лекин уларнинг барчаси гап-сўз, холос. Аслида, эртага мени нима кутаётганини билмайман. Умид қиламанки, барчаси яхши бўлади.

- Қачондир Аргентина терма жамоасини бошқаришингизни тасаввур қила оласизми?

- Билмадим. Бу менга боғлиқ эмас. Ҳеч қайси аргентиналик ўз терма жамоасини бошқаришга қарши бўлмайди. Бу ҳар бир мураббийнинг орзуси, десам муболаға бўлмайди. Агар менга таклиф билан чиқишса, ҳеч қачон йўқ, деган жавобни бермайман

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:30, 07.05.2016.
Ўқилди: 3750 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.