Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Бунёдкор» академиясидаги инглиз тили сабоқлари ҳақида

Баҳо:
+ | -

Сир эмаски, футбол академиялари мамлакат футболи тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Юртимизда секин-аста шундай таълим муассасалари ташкил этилиб, уларнинг фаолияти такомиллаштириб бориляпти. Айниқса, бу борада «Бунёдкор» ФКда олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Клуб қошидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабига 2007 йилнинг 26 январида асос солинган бўлса, 2012 йилдан у академияга айлантирилди.

Бу масканда йўлга қўйилган тизимни пирамидага қиёслаш мумкин. Тайёрлов гуруҳлари ва академия тарбияланувчилари клубнинг иккинчи, сўнгра биринчи лигадаги жамоаларида ўйнашади. Кейин ёшлар лигасига таклиф этиладилар. Ундан сўнг эса маҳоратга қараб асосий таркибдан жой олишади.

Академияда футбол сабоқларидан ташқари, психология, инсон физиологияси ва албатта, инглиз тили дарслари ҳам йўлга қўйилган. Бу ҳақиқий профессионаллик ва мукаммалликнинг кўриниши. Ушбу таълим масканига борганимизда, у ерда 2001-2002 йилларда туғилган футболчилардан иборат жамоа аъзоларига инглиз тилидан сабоқ берилаётган экан. Фурсатдан фойдаланиб, «Бунёдкор» академиясининг инглиз тили ўқитувчиси Саъдулла Музаффаров ва бир гуруҳ ёш футболчилардан интервью олдик.

- Бу ерда 2012 йилдан бери ишлаб келаман, - дейди хориж тили муаллими. - Академия фаолияти айнан шу йили бошланган эди. Ушбу муассасада футбол сир-асрорларини ўрганган футболчилар бугунги кунда анча кўзга кўриниб қолишди. Бунга яққол мисол тариқасида Достон Ҳамдамовни кўрсатиш мумкин. Дастлаб Янгиер футбол мактаб-интернатида таҳсил олган ярим ҳимоячи айнан «Бунёдкор»да ҳақиқий футболчи сифатида шаклланди. Қисқа фурсатда меҳнатлари самарасини бериб, Осиёнинг 2015 йилдаги энг яхши ёш футболчиси, деб топилди. Бу совринга номзодларнинг барчаси «Бун-ёдкор»дан эканлиги жамоамизда ишлар тўғри ва профессионал даражада йўлга қўйилганлигидан далолат. Забиҳилло Ўринбоев, Элдор Шомуродов, Акром Комилов каби футболчиларимизнинг потенциали юқори. Уларни бемалол миллий термамизнинг эртаси, дейиш мумкин.

Бевосита инглиз тили дарсларига келсак, бу йўналиш академия ташкил этилган йили фаолиятини бошлаган. 12дан 16 ёшгача бўлган академия гуруҳлари учун учта бос-қичда дарслар олиб борилади. Олдимизга қўйилган асосий мақсад ва вазифаларимиз футболчиларга ўз фикрларини инглиз тилида эркин баён этиш, матбуот анжуманларида таржимонсиз қатнашишни ўргатишдан иборат. Халқаро мусобақаларда иштирок этиш чоғида бу омил жуда муҳим ҳисобланади. Профессионалликка ёшликдан эътибор қаратиш керак. Дарсларнинг биринчи босқичида грамматикани ўргатяпмиз. Инглиз тили грамматикаси уч бўлимдан иборат - бошланғич, ўрта ва юқори бўлимлар. Биринчи босқичда футболчиларга ўзлари ҳақида батафсил маълумот бериш, футбол терминлари ўргатилади. Иккинчи босқичда тарбияланувчилар ўз клублари, терма жамоалари ҳақида маълумот бериш, мураббийлар ва ҳакамлар билан қандай тарзда суҳбатлашишни ўзлаштирадилар. Учинчи босқичда эса футболчиларга матбуот анжуманларида ўзларини тутишлари, саволларга қай тариқа жавоб беришларини ўргатамиз.

- Ёшларнинг инглиз тилини ўрганишга қизиқишлари қандай, ўзлаштиришга қийналишмаяптими?

- Ўқувчиларимиз тиришқоқ, жуда яхши қабул қилишяпти. Мультимедиа билан жиҳозланган хонамизда футболчиларнинг мукаммал сабоқ олишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Ҳар бир футболчи учун алоҳида компьютер ва лингафонлар ўрнатилган.

 

Исломбек Каримов («Бунёдкор-2000» тарбияланувчиси):

- Мен Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилганман. 2009 йилдан бери «Бунёдкор» академиясида футбол сир-асрорларини ўрганиб келяпман. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзосиман. Бизда ҳафтасига уч марта инглиз тили дарси ўтилади. Сўнгги пайтларда тез-тез хорижга чиқишимизга тўғри кел-япти. Академияда ўрганганларимиз эса ўзаро мулоқотлар ва матбуот анжуманларида асқотяпти.

 

Жасур Жамолиддинов («Бунёдкор-2000» тарбияланувчиси):

- Мен Навоий вилоятида туғилганман. 2008 йилдан бери ушбу таълим масканида таҳсил олиб, ўз навбатида, инглиз тилини ҳам ўрганяпман. Яқинда Малайзияда ўтказилган халқаро турнирда иштирок этиб келдик. У ерда Англиянинг «Манчестер Сити», Испаниянинг «Райо Вальекано», Бразилиянинг «Коринтианс» клубларига қарши тўп сурдик. Бу жамоалар билан битта меҳмонхонага жойлашганимиз туфайли хорижлик тенгдошларимиз билан эркин мулоқотга киришдик. Ўйиндан ке-йинги интервьюларни ҳам инглиз тилида бердик.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:37, 07.05.2016.
Ўқилди: 5966 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.