Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ёқимтойнинг ёқимсиз қилиқлари

Баҳо:
+ | -

Ўта ноёб иқтидор соҳиби бўлмиш Неймар ўзининг фантастик ўйинлари билан мухлислар қалбини забт этди, ақл бовар қилмас даражадаги финтлари қаршисида ожиз қолган рақиблар эса уни ўзларига нисбатан ҳурматсизлик қилганликда айблашади. Бразилиялик ҳужумчининг айрим қилиқлари у ҳақдаги ёрқин таассуротларни йўққа чиқариши

ҳам ҳеч гап эмас.

Дарҳақиқат, каталонияликлар Неймарни Мессининг вориси ва «Барселона»нинг келажаги сифатида «еттинчи осмон»га олиб чиқиб қўйишган. Бундай эътибордан талтайиб кетган футболчи раҳбариятдан 5 баравар кўпроқ иш ҳақи талаб қилгач, унинг жамоада узоқ вақт тўп суришига энг ашаддий мухлис ҳам шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолди. Ахир ҳатто Месси ҳам бу даражадаги эркаликка журъат этолмайди. Боз устига, Неймар ўз жамоасига қанчалик манфаат келтиришидан қатъий назар, унинг айрим ҳаракатларини умуман оқлаб бўлмайди.

Неймар ва Барраган: Тарсаки, шиша ва шармандалик

«Барселона»нинг ўз уйида «Валенсия»га имкониятни бой берганига чидолмаган Неймар рақибларидан, айниқса, ҳимоячи Баррагандан ўч олишга уринди: футболчилар майдонни тарк этиб улгурмасларидан Неймар унинг юзига тарсаки туширди, трибуналар остидаги йўлакда ҳимоячига қарата сув тўла идишни улоқтирди. Лекин ўйин жараёнида дарвозани аниқ нишонга ололмаганидек, шиша ҳам мўлжалга тегмади. Миш-мишларга кўра, Неймарнинг асабийлашишига Антонио сабабчи бўлган: «Нима гап, бойвачча, маошингни қирқиб ташлашдими?» Хўш нима учун Барраган Неймарга нисбатан шундай муносабатда бўлди? Бразилиялик рақиби билан аввалги тўқнашуви туфайли. Ёдингизда бўлса, февраль ойидаги «Валенсия» айнан шу «Камп Ноу»да 0:7 ҳисобидаги шармандали мағлубиятни қабул қилиб олганди. Ўша учрашув лавҳаларидан бирида Антонио Неймар билан тўп учун курашган, ҳакам ҳимоячи томонидан қоида бузилганини тушунтиришга уринганди. Неймар эса рақибига шундай деганди: «Чакагингни ўчирсанг, яхшироқ бўлади. Мен сендан 10 баравар кўпроқ иш ҳақи оламан!» Ҳар ҳолда, ҳужумчининг лабларида испаниялик журналистлар шундай иборани ўқишганди.

Дарҳақиқат, бразилиялик футболчи ҳақ, у Антониодан 10 баравар кўпроқ даромад олади. Агар «Барса» унинг талабини қондирса, тафовут 50 баробарга етиши мумкин. Аммо Барраган ундан аламини олиш учун ким қанча солиқ тўлаётганига шаъма қилиши кифоя бўларди. Бразилиялик юлдузнинг оиласи учун солиқлар - ёқимсиз мавзу.

Неймар ва солиқлар: Солиқлар, қанақа солиқлар?

Маълумки, замондошларимизнинг кўпчилиги солиқларни ёқтиришмайди, лекин уларни ўз вақтида тўлашади. Неймар эса бу борада ўта қатъиятли - у солиқларни ёқтирмайди ҳам, тўламайди ҳам. Анчадан буён бу шунчаки тахминий даъво эди. Лекин 18 мартдан кейин буни баралла айтиш мумкин: Сан-Паулу судининг ҳукмига кўра, Неймар фирибгарлик ва солиқ тўлашдан бош тортганликда айбланиб, барча ҳисоб рақамлари «музлатилди» ва футболчига 46 млн. евро миқдорида жарима жазоси белгиланди. Таъкидлаш жоиз, бу фақат Бразилиядаги ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари томонидан футболчининг 2012-2014 йиллардаги фаолияти юзасидан белгиланган жазо чораси, холос. Шундан сўнг Неймарлар оиласининг молиявий дунёқараши ўзгарди, деган хулосага келиш нотўғри бўларди. Уларни Испания қонунчилиги ҳам қониқтирмаяпти. «Агар солиқ тўғрисидаги муаммоларга барҳам берилмаса, ўғлим «Барселона»ни тарк этишга мажбур бўлади. Бразилияда ҳеч қачон бундай қийинчиликларга дуч келган эмасмиз. Умид қиламанки, Испаниядагилар ҳам бизга хайрихоҳлик билдирадилар», - деди Неймарнинг отаси. Қизиқ, Испаниядаги муаммолар кўлами Бразилиядагидан жиддийроқ бўлса, жарима ҳам кўпроқ бўларканда!

Неймар: Тупук ва қўпол одобсизлик

Бундан бир неча йил аввал Неймар ёш йигитча бўлиб, сочни ҳурпайтирадиган мосламадан фойдаланарди (Мауглига хос соч турмаги ёдингизга тушдими?). Лекин ёш бўлишига қарамай, Бразилия терма жамоасидан таклиф олганди. Мексика термасига қарши ўртоқлик учрашувида у рақиб ҳимоячиси Северо Месенинг юзига тупурган, бунга жавобан Месе Неймарни туртиб юборганди. Оқибатда, ҳужумчи ўша заҳоти майдонга қулади ва негадир юзини чангаллаб олди. Бироқ ҳакам унинг найрангига учмади ва ҳақли равишда сариқ карточка билан жазолади. Тўғри, анча аввал юз берган можарони эслашдан не фойда, шундан бери Неймар ўзгариб кетди, дея эътироз билдиришга ҳақлисиз. Чиндан ҳам шундай - Неймар ўзгарди - фақат салбий томонга. «Барса» «Сельта»ни бурдалаб ташлаган кунни (6:1) мухлислар яхши билишади - Суареснинг «хет-трик»и, Месси пенальтини жамоадошига тўп узатиш орқали амалга оширгани. Мана шу «томоша»ни Неймарнинг ватандоши бўлмиш Роберто Карлос рақибга нисбатан ҳурматсизлик сифатида жиддий тан­қид остига олганди. Афсуски, ўша оқшом Неймар бундан-да хунукроқ таҳ­қирлашни амалга оширди: жарима зарбасини амалга ошириш учун тайёргарлик жараёнида у «Сельта» ярим ҳимоячиси Уго Мальога қарата бурун қоқди. Учрашув ҳаками Алехандро Эрнандес бу одобсизликни кўрмай қолди. Шу сабабли ушбу қўполлик қайдномага ҳам киритилмади ва Неймар жазоланмади. Лекин мухлисларда ўзига нисбатан кучли нафрат ўйғотди.

«Барселона» ғалаба қозонаётган ўйинларда Неймар рақибларни мазах қилишга зўр беради. Мағлубиятга учрашни ҳеч ким ёқтирмагани боис, унинг бемаъни қилиғи кишини қаттиқ ранжитади»(«Атлетико» сардори Габи).

Неймар ва «Барселона»: Одобли, итоаткор эмас

Маълумки, «Барселона» ўз обрўсини йўқотмасликка катта эътибор қаратади. Турли хайрия тадбирларини ташкил этиш, дунёнинг турли бурчакларида футбол мактабларини очиш, бошқа ижтимоий дастурларни амалга ошириш мухлисларда фахрланиш ҳиссини уйғотиш баробарида сармоядорларни ўзига жалб этишга ҳам хизмат қилади. Албатта, Париж ва Манчестердаги клублар учун бундай оворагарчиликнинг ҳожати йўқ. Лекин Каталония грандининг асосий даромад манбаи шу. Агар Неймар ёзда Роналду ўрнини эгаллаб, Nikeнинг бош рекламачисига айланса, «Барса»нинг бу компания билан тузган шартномаси ижобий томонга ўзгаради. Бироқ Nike беодоб ёки мураккаб вазиятга тушиб қолган юлдузлар билан ҳамкорлик қилмаслигини ҳам яхши биламиз. Шу сабабли, футболчилар имиджи «Барса» учун муҳим аҳамиятга эга, клуб фалсафаси ва молиявий стратегиясининг ажралмас қисми.

Жамоа таркиби асосан ювош, итоаткор футболчилардан ташкил топган. Златан Ибрагимовичга ўхшаган «крутой» футболчилар бу жамоа аъзолари, жумладан, Месси, Хави ва Иньестани мактаб ўқувчилари, деб аташади. Жамоа Неймарни ҳам қайта тарбиялашга уриниб кўрди: тунги клубларда дайдиш, сохта симуляцияларни ишлатиш ва бир қатор сурбетларга хос қилиқлардан воз кечишга даъват этди. Бу борада қандайдир силжишларга эришилди, аммо мукаммал даражада эмас. Масалан, жамоанинг ўйини қовушмаётган паллада Неймар ўзини бошқара олмай қолади, ножўя ҳаракатларни амалга оширади. Оқибатда, бу жамоа нуфузига путур етказади, мухлисларга ҳам ёқмайди.

Неймар ва симуляция

Неймарнинг «актёр»лик маҳорати хусусида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Конфедерациялар кубоги турнирининг ярим финалида уругвайлик Вальтер Гаргано билан тўқнашиб, майдонга йиқилди. Лекин қулашдан аввал бир метрга сакраб, кейинчалик юзини чангаллаб олди. Ундан сал аввалроқ майдонни тарк этаётган Гонсалесга ҳаводан бўсалар йўллаш орқали уни калака қилганди. Бундай бемаъни қилиқларни у «Барселона»да ҳам тез-тез намойиш этади. «Гранада»га имконият бой берилган ўйинда ҳужумчи рақиб жарима майдончаси ичида Итурра билан тўқнашиб кетди. Аслида, ўзи рақибга зарба берган бўлсада, яна юзини чангаллаганча ётиб олди. Бироқ ҳакам бу сохта симуляцияга эътибор ҳам қаратмади. Охир-оқибат, «Барса»нинг қимматли 3 очкодан маҳрум бўлиши чемпионликни «Атлетико»га олиб берганди.

Ўтган йилининг кузида жамоа «Байер»га қарши ўта оғир ўйинни ўтказди. Неймар тўпни олдинга ташлаб, икки нафар ҳимоячи орасидан ўтишга ҳаракат қилди. Табиийки, рақиблар бунга йўл беришмади. Натижада, ҳужумчи яна майдонга қулади. Вазиятга холис баҳо берган ҳакам Неймарни пенальти билан эмас, сариқ карточка билан сийлади. Ваҳоланки, ўшанда унинг жамоаси ғалаба қозонаётганди, якунда ҳам шундай бўлди. Энг кучли ҳужум чизиғига эга бўлган жамоа учун бундай бемаза «томоша»ларнинг нима кераги бор? Ахир у сохта симуляцияларни ишлатмасдан ҳам ғалаба қозонишга қодир-ку. Ҳозирча Неймар ўзининг бу иллатларидан халос бўлолмаяпти. Мана, «Атлетико» билан бўлган баҳсда ҳам ҳужумчига рақиб футболчисининг салгина тегиб кетиши Неймарнинг майдонга ётиб олиши билан якунланди. Хуллас, футболчининг «Сантос»даги найранглари ҳозир ҳам давом этмоқда. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Неймар эндигина 24га чиқди. Унинг асосий ўйинлари ҳали олдинда, 100 фоизга ўзгариб, чинакам юлдузга айланиши ҳеч гап эмас. Шундагина у ёш иқтидор соҳиблари учун намуна бўлиши мумкин. Эҳтимол, ҳужумчи «Барселона»да узоқ вақт тўп сурар, балки ўз фаолиятига айнан Каталонияда нуқта қўяр? Аммо бунинг учун унинг иш ҳақи хусусида томонлар бир тўхтамга келишлари лозим. Отасининг таъкидлашича, Неймар учун энг муҳими - маблағ эмас. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, янги шартнома хусусидаги музокараларни мавсум охиригача кечиктириш мумкин.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:24, 11.05.2016.
Ўқилди: 6906 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.