Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хитой миллионлари эффекти

Баҳо:
+ | -

Манфаатли шартномалар асосида Хитойга йўл олган футбол юлдузларининг ишлари Қандай кечяпти? Биласиз, охирги пайтлар Хитой ички футболи инқилобий ўзгаришларга юз тутди. Яъни бир қатор тан олинган футболчилар катта пул ортидан қитъамизда ўйнай бошлашди. Қизиқ, улар олаётган беқиёс гонорарга яраша эффект беришяптими? Яна Хитой миллионларини қандай сарфлашяпти?

«Интер», «Ньюкасл» ва «Рубин» клублари собиқ ҳужумчиси Обафеми Мартинс февраль ойида «Шанхай Шенхуа» билан шартнома тузди. Унинг келишуви 2016 йил охиригача мўлжалланган. Нигериялик футболчи ҳозирча «Инстаграм» тармоғида голлари эмас, балки янги автомобиллари билангина мақтанмоқда, холос.

 

Аргентиналик Эсикиэль Лавесси йил бошида «ПСЖ»да бор иштиёқини йўқотиб улгурганини тан олди. Қолаверса,  «Интер», «Челси» ва «МЮ» каби жамоалардан тушган аниқ таклифларга негадир қиё ҳам боқмади. Қисқаси, хитойликларнинг йилига 15 миллион евро беришларини эшитдию, Осиё футболини забт этишга шошилди. Бироқ пул ёрдамида иштиёқини тиклаган Лавесси ҳозирча Хитойда қандайдир каромат кўрсатгани йўқ. Шунга қарамай, яқинда Аргентина терма жамоасидан яна чорлов олди.

 

«Хэбэй Чайна Форчун»нинг янги таянч ярим ҳимоячиси Стефан Мбиа эса Лавессидан фарқли ўлароқ, ўз голлари ҳисобини очишга улгурди. У қишки трансферлар бозорининг энг ҳимматли жамоасига айланган «Жиангсу Сунин»ни жазолади.

 

Асамоа Гьян мана 5 йилдирки, «футбол атрофидаги» мамлакатлар чемпионатларида пул топяпти. У ҳеч қаерда айтарли зерикмайди, бироқ асл салоҳияти еврофутболга қанчалик мос келиши масаласи очиқ қолди-да. Ҳар ҳолда, мутахассисларнинг айтишларича, ганалик ҳужумчи футбол марказидаги биринчиликларда бемалол жавлон уришга қодир эди.

 

Сенегаллик Демба Ба ҳам худди Асамоа Гьян каби Европанинг бирор кучли клубига наф келтира оларди. Бироқ... Хуллас, Хитойда муносиб тўп сураётган Ба шунга яраша муносиб ҳақ оляпти. У ҳаттоки, машғу-лотларда жамоадошларига тўпни қандай тепишни ўргат-япти, хусусан, «Шанхай Шенхуа»нинг янги аъзоси Фредди Гуаринга ҳам.

 

Колумбиялик салоҳиятли Фредди Гуарин қишда  «Интер»нинг бошланғич таркибида жуда оз кўрина бошлади. Шунга қарамай, Россиянинг «Зенит» ва «Спартак» жамоалари  Фреддига манфаатли шартлар асосида ҳамкорлик қилишни таклиф этишди. Бироқ ярим ҳимоячи Шанхай клуби томонидан ваъда қилинган  7 миллион долларга тенг йиллик маошни танлади. У ҳам ҳозирча бу маблағга муносиб даражада тўп сураётгани йўқ.

 

Паулиньо 26 ёшидаёқ еврофутболдан безиди ёки шунчаки, қочди. Эътиборлиси, у Хитойнинг гранд жамоаси - «Гуанжоу Эвергранд» билан нақ 4 йиллик шартномани расмийлаштирди. Демак, ярим ҳимоячи Осиёда узоқ вақт қолмоқчи. Бу ниятини унинг ҳаракатларидан ҳам англаш мумкин. Тўғри,  «Гуанжоу» бу сафар ОЧЛ-да омадсизликка учради, Паулиньо эса мавсум якунида Хитой чемпионати олтин медалини бўйнига тақмоқчи. Битта ёмон томони, футболчини эндиликда Бразилия термасига чақиришмаяпти.

 

Иқтидордан бенасиб қолмаган ҳужумкор хавбек Рикардо Гоуларт Бразилия терма жамоасида ҳам кўриниш беришга улгурди. У Хитой ўлкасига бундан 1,5 йил олдин йўл олиб, қисқа вақт ичида маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланди. Дейлик, «Гуанжоу Эвергранд»нинг собиқ бош мураббийи Фабио Каннаваро бразилиялик шогирдини мақташдан сира чарчамади. Зеро, Гоуларт лигадаги энг сермаҳсул футболчилар қаторига кирди. Мана, яқинда клуб билан шартномаси муддатини бирданига 2020 йилгача узайтирди. Кўринишидан, бу йигит  Европада ўйнамоқчи эмас, чоғи...

 

- Бундай маошдан юз ўгириб бўлмайди. Лекин ўйлашимча, менга шахсий ўйинчилик сифатларимдан келиб чиқиб, маош таклиф этишди, бунга лойиқман. Ҳа, сумма ақл бовар қилмас даражада каттадек, хусусан, мен учун ҳам кўп. Ҳаттоки, «Реал»да бунчалик кўп пул топиш қийин. Боз устига, менга белгиланган маош солиқ тўловларидан холи. Мисол учун, битта  гол учун  150 минг евро мукофот пули берилиши мумкин. Жамоа эса битта ғалаба учун  800-900 минг ёки бир миллион евро олади - ҳа, «Рома» собиқ ҳужумчиси Жервиньонинг оғзи қулоғида. Ахир 28 ёшли ҳужумчи Хитойда йилига нақ 10 миллион еврога бойийди.

 

- «Челси»дан кетишимнинг асосий сабабларидан бири - бу клубга янги бош мураббий келгани. Йўқ, Жозе Моуриньо билан ўзаро муносабатимиз яхши бўлгани учунгина шундай демаяпман. Унинг даврида асосий таркибга кириш йўлида адолатли рақобат боришини билардим. Гус Хиддинк эса келиши билан мени ҳеч қандай сабабсиз таркибдан чиқариб юборди. Очиғи, гап нимада эканлигини ҳам тушунолмадим, ахир чакки ўйнамаётган, қийин аҳволда қолган жамоага имкон даражасида ёрдам беришга уринаётгандим. Кўринишидан, у мени футболчи сифатида ёқтирмади ва бошланғич таркибга кириш учун курашишимга имконият беришни хоҳламади, - дея изоҳлади Рамирес Чин юртига «оғиши»ни. Ҳа, бу 29 ёшда  мўмай даромад ортидан қувишни тақозо этган қизиқарли сабаб. Муҳими,  Рамирес «Жиангсу Сунин»да ўз мажбуриятларига анча жиддий ёндашяпти. Чунончи, у клуб билан нақ 4 йиллик шартнома тузган.

 

Жексон Мартинес Хитой супер-лигасидаги дебютини гол билан безади. Бироқ  «Чунцин Лифан»га қарши баҳсда ўз вазифасини яхши бажарган ҳужумчи кейинчалик қимматбаҳо трансфери ва гол уриш салоҳиятини унуниб қўйди, шекилли. Гўёки, ҳамон «Атлетико»да ўйнаётгандек. Ҳарқалай, унингдек моҳир голеадорнинг Хитойда рақиблар дарвозасини тинмай ўққа тутиши тахмин қилинганди. Тўғри, Жексон Мартинес ўз коллекциясини мамлакат суперкубоги ҳисобига бойитишга улгурди аллақачон, шунингдек, янгигина BMW билан ҳам...

 

«Шахтёр» (Донецк)да ҳужумкор ярим ҳимоячи ролини қойиллатган Алекс Тейшейра қишда «Ливерпуль» сафига қўшилиши ҳеч гап эмасди. Бироқ у инглиз футболини Хитойникидан устун кўрмади ва маҳаллий лига тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди. Қарангки, битта даврадаги голлари билан Украина чемпионатининг энг яхши тўпурари мақомини деярли нақд қилган бразилиялик Хитойда негадир анча «тинчланиб» қолди. Лекин унинг янги мамлакат футболига кўникиши учун вақт етарли: шартномаси 2019 йилнинг охиригача мўлжалланган.

 

P.S.: Хитой супер-лигаси охирги тур ўйинлари статистикаси қўшилмаган.

Sports.ru, А.ҚОДИРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:54, 13.05.2016.
Ўқилди: 6878 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.