Халқаро Футбол Ассоцияцияалари Федерацияси – ФИФАнинг навбатдаги Конгрессига 12-13 май кунлари Мексика пойтахти Мехико шаҳри мезбонлик қилди.
Янги президент фаолиятидаги илк Конгресс
Ҳисоб бўйича 66-маротаба ўтказилаётган ФИФА Конгресси ташкилотнинг янги президенти Жанни Инфантино фаолиятидаги илк Конгресс бўлганини таъкидлаш жоиз. Айни дамда, ФИФАга аъзо бўлган 209та федерация вакиллари иштирок этган конгресс кун тартибида бир қатор муҳим масалалалар кўриб чиқилди. Жумладан, янги президент ФИФАнинг 2015 йил якунлари бўйича тўлиқ ҳисоботини тақдим этиш билан бирга, административ бошқарув бўйича ислоҳотлар олиб борилишини маълум қилди.
Ташкилотга янги аъзолар қабул қилинди
Аввалроқ, ФИФА кенгаши Косово Футбол Федерацияси (FFK) ҳамда Гибралтар Футбол Уюшмаси (GFA)ни ташкилот сафига қабул қилинишини овоз бериш йўли орқали ҳал қилиш масаласини Конгресс кун тартибига қўйган эди. Конгресс кўпчиликнинг овози билан мазкур федерацияларни ФИФА таркибига қўшиб олиш масаласини маъқуллади. Шу тариқа, ФИФАнинг аъзолари сони 211тага етди.
Янги бош котиб
ФИФА президенти Жанни Инфантино сенегаллик Фатима Самурани ФИФАнинг янги бош котиби сифатида оммага таништирди. Шу пайтгача, БМТнинг ривожлантириш дастури бўйича масъул ходими лавозимида ишлаб келган Фатима Самура ташкилот тарихидаги илк аёл бош котиб бўлди. Янги бош котиб 2015 йилдан буён макзур лавозимни вақтинчалик бошқариб келаётган Маркусс Каттнернинг ўрнини эгаллади.
Таъкидлаш лозим, мазкур конгрессда Ўзбекистон Футбол Федерацияси Биринчи вице-президенти Сардор Раҳматуллаев, ЎФФ матбуот хизмати бошлиғи Санжар Ризаев ҳамда ЎФФ техник бўлими бошлиғи Олим Арифов иштирок этишди.
Маълумот ўрнида, ФИФАнинг навбатдаги конгрессига 2017 йилнинг 11-12 май кунлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳри мезбонлик қилади. Россия пойтахти Москва шаҳри эса, ЖЧ-2018 мезбони сифатида 2018 йилнинг 12-13 июнь кунлари ФИФА конгрессига мезбонлик қилади.