Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Муаммоси мўл Маргарита

Баҳо:
+ | -

«Марсель» соҳибаси Маргарита Луи-Дрейфюс клубни сотиш тараддудига тушиб қолди. Бироқ жамоанинг жорий мавсумдаги муаммолари бусиз ҳам керагидан ортиқча.

Нима учун «Марсел»нинг ишлари юришмаяпти?

Даҳо Марсело Бьелсанинг 3-4-3 тактик услубига мослашган «Марсель» Димитри Пайе - Андре-Пьер Жиньяк жуфтлиги етакчилигида ўтган йили франциялик мухлисларни ўзига ром этганди. Янги асрнинг энг ёрқин спектакли учун «Марсель» мухлисларининг бошлари кўкка етганди, улар Бьелсанинг соясига салом беришганди. Афсуски, эртакнамо мавсумнинг давоми ёрқин чиқмади. Келишувга эришолмаганига қарамай, аргентиналик мутахассис кўнгилли равишда жамоани янги мавсумга тайёрлади. Лекин унинг ёрдамчиси ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий жамоани тарк этганларида ҳам Марселога у кутган «1}1» кўринишидаги шартномани таклиф этишмади. Шундан кейин мураббий кетишга қарор қилди ва «Кан»га қарши учрашувдан сўнг истеъфосини эълон қилди. Жамоа мухлисларини шок ҳолатга тушириб қўйган бу хабар клуб атрофида юз бераётган чалкашликлар натижаси эди. Дарҳақиқат, жорий мавсумни «Марсель» жуда ёмон ўтказди. Бьелсанинг ўрнини эгаллаган Мичель ўзининг ёрқин ва самарали ғояларга эга бўлмаган ношуд мутахассис эканлигини яна бир марта исботлади. У фақатгина журналистлар билан муносабатни қо­йиллатиб, уларни ўз измига бўйсундирди. Хуллас, Мичель улкан кема бошқарувини эплай олмади, жамоа ўз оқими бўйича сузишда давом этмоқда. Тўғри, «Марсел»нинг ўйини ҳозир ҳам тажовузкор, рақиблар дарвозаси томон кўплаб зарбалар йўлламоқда, тўпни кўпроқ ўз назорати остида ушлаб туришга интилади. Тўп йўқотилганидан кейин уни қайтариб олишга ошиқмайди. Бунинг ўрнига ортга чекиниб, рақибни ғафлатда қолдириш мақсадида тузоқ қўйгандек бўлади. Балки бу услубнинг ўзига хос ижобий хислати ҳам бордир. Лекин ўйинчилардан кўпроқ куч талаб қиладиган Бьелсанинг шиддатли услуби жамоага кўпроқ мос тушарди. Шунингдек, «Марсел»даги тактик мослашувчанлик ҳам ғойиб бўлди. 4-3-3 услуби доимий қурол бўлиб қолди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди - жорий мавсумда «Марсель» «Велодром»да бор-йўғи 3та ғалабага эришди, сўнгги тур олдидан қайд этилган ғалаба эвазига «Генгам»ни тўплар нисбатига кўра қувиб ўтди.

Мухлисларни хушнуд этадиган янгиликлар эса жуда оз - биринчиси, Лассана Диарранинг қайтиши. Бу футболчи марказий чизиқни сезиларли даражада кучайтирди, бир неча марта рамзий термадан жой олди. Иккинчиси, Миши Батшуайининг «очилганлиги». Бельгиялик ноёб иқтидор соҳиби тажрибасизлик оқибатида тез-тез хатоларга йўл қўйсада, барибир, сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. АПЛ грандлари, шахсан Арсен Венгернинг унга жиддий эътибор қаратаётгани бежиз эмас.

Ёзда марселликлар бир қатор етакчи футболчиларни сотиб юборишгач, қайсидир аламзада мухлис база деворига қуйидаги сўзларни ёзиб қўйганди: «Биз жон сақлаб қолиш учун курашишга лойиқ эмасмиз». Ўшанда бу чорасизлик нидосидек туюлганди. Чиндан ҳам «Марсель» элитадаги ўз ўрнини катта қийинчилик билан сақлаб қолди.

 

Мухлислар нимадан норози?

Айрим сабаблар ойдек равшан. Биринчидан, «Марсел»нинг энг ашаддий, эҳтиросли мухлисларини суст, зурма-зўраки, жўшқинлик ва шиддатдан йироқ бўлган ўйин услуби қониқтирмаяпти. Шу сабабга кўра, порт шаҳридаги футболга бўлган қизиқиш кескин пасайиб кетди. Ҳозирда «Велодром»га мухлислар ташрифи кескин пасайиб кетди. Иккинчидан, клуб раҳбарияти ва у олиб бораётган сиёсат мухлисларда кучли нафрат ҳиссини уйғотмоқда. «Марсель» президенти Венсан Лабрюн мунтазам равишда маблағ йўқлигидан нолийди. Унинг тежамкорлиги - нафратнинг асосий сабаби. Оддий мухлисга маълум бўлмаган яна бир қатор сабаблар мавжуд. Масалан, янги мавсумдан бошлаб йиллик абонементларни фақат «Марсел»нинг ўзи сотади. Бундан ташқари, стадион атрофи тўр билан тўсилади. Мазкур чоралар қисман Франция футболи мутасаддиларига тегишли бўлса, қисман «Марсель» амалдорларининг ташаббуси. Энг қизиғи, ана шу ажабтовур ўзгаришлар бошида Венсан Лабрюн турибди. Айтишларича, ўз ҳаракатлари билан клубни соғайтиришга имкони борича қимматроқ баҳода сотишга тайёрлаётган экан. «Марсел»нинг трансфер сиёсати - энг сара футболчиларни сотиб юбориш ҳам юқоридаги тахминни исботлайди.

Бундан ташқари, Лабрюн ёзда Doyen Sports сармоя компаниясига тегишли 2 нафар футболчини Франция жанубига олиб келди. Football Leaks томонидан олиб борилаётган суриштирувларда мазкур компания футболчиларни турли жамоаларга жойлаштириш эвазига даромад олиши қайд этилган. «Марсель» бош мураббийи Мичель эса шу компаниянинг мижози ҳисобланади.

Тўғри, Роландо билан Паоло Де Челье учун жамоа пул сарфлагани йўқ. Аммо Doyen Sportsнинг шартига кўра, бу ўйинчилар мунтазам равишда майдонга тушишлари лозим. Ваҳоланки, улар қандайдир ўртамиёна жамоа таркибини кучайтира оладилар. Зеро, «Марсель» учун ортиқча «юк»дан бошқасига ярамайдилар. Хуллас, Мичель ўз лавозимидан четлатилмас экан, шу каби антиқа трансферлар тугамайди. Марселлик мухлислар доимо жамоани қўллаб-қувватлаб, уни олға чорлашган. Ҳозир эса негадир ёрдам беришни истамаяптилар. Аксинча, «Марсель» «Ренн»га имкониятни бой берган (2:5) оқшом клуб автобуси тошбўрон қилинди, жамоа ўз машғулотларига полиция назорати остида чиқадиган бўлди. Шу боис, мухлислардан ёрдам сўраш у ёқда турсин, ҳатто қўрқиб қолишди.

 

Нима учун Маргарита Луи- Дрейфюс клубдан воз кечмоқчи?

2009 йил Роббер Луи-Дрейфюс вафот этгач, «Марсель» унинг беваси - Маргарита измига ўтди. Футбол бизнеси зарар келтирмаслиги ва суд муаммоларига  олиб келмаслигига амин бўлган хоним клубни сотмасликка қарор қилди. Футбол бизнесида даромад олиш осон иш эмас - бунинг учун жамоа мунтазам ғалабаларни қайд этиши лозим. Тўғри, аввалига шундай ҳам бўлди, илк мавсумда Дидье Дешам раҳбарлиги остида «Марсель» чемпионликка эришди. Секин-аста Маргарита хонимнинг қизиқиши сусая бошлади. Жамоа ички чемпионатда ҳам, ЧЛ баҳсларида ҳам кутилган натижаларга эришолмади. Етакчи ўйинчиларни қиммат баҳоларда сотишни ҳам уддалай олмади. Шундан кейин Маргарита 2011 йили илк марта ўз «ўйинчоғи»ни сотиш хусусида оғиз очди. Кейинчалик гоҳ «Марсел»дан тезроқ фориғ бўлиш истагини билдирса, гоҳ ундан ҳеч қачон воз кечмаслигини таъкидларди. Ниҳоят, инқирозга қарши мутахассис сифатида танилган Венсан Лабрюнни президентлик лавозимига таклиф этди. Президентни клубнинг келажаги ортиқча қизиқтирмасди. Аммо у «Велодром»да ўзини кўрсатган ўйин­чиларни пуллашга уста эди. Шу тариқа, Лабрюн Маргаританинг рухсати билан Жанелли Имбула, Андре Айю, Димитри Пайе ва Андре-Пьер Жиньякни сотиб юборди. Олинган маблағ эса жамоа таркибини кучайтиришга эмас, Маргарита томонидан киритилган сармояларни қоплашга сарф-ланди. Соҳиба хоним 2009 йили жамоани қарзлардан ва бюджет тан­қислигидан халос этиш учун 40 млн. евродан воз кечганди. Клуб «бойвачча» мақомидан жудо бўлди, молиявий жиҳатдан анча соғломлашди. Бундан ташқари, ўзининг «Коммандри» ўқув-машғулотлар базасига эга бўлди. Мухлисларни жамоага бўлган қизиқиши ва таъсири эса сезиларли даражада пасайди. Хуллас, «Марсел»ни сотиб юбориш учун айни қулай вазият юзага келди.

 

Хўш, «Марсел»га харидорлар борми?

Ҳозирча «жазман» харидор йўқ. Агарда пайдо бўлиб, баҳони бироз арзонлаштиришни сўраса, Маргарита ён бериши ҳам мумкин. 2007 йилги воқеанинг такрорланишини истамайди. Ўшанда канадалик Жек Качкар «Марсел»нинг ашаддий мухлиси сифатида харидор бўлган, унинг бюджетини икки бараварга оширишга ваъда берганди. Бироқ Качкарнинг на маблағи ва на банкдаги ҳисоб рақами борлиги маълум бўлгач, ваъдалар ваъдалигича қолиб кетганди.

Марселликлар жамоага арабистонлик нефть магнатлари ёки америкалик бизнесменлар қизиқиш билдиришларига умид қилмоқдалар. Хитойликлардан умид йўқ. Сўнгги пайт­ларда фақат бир киши, шайх Мансурнинг ўгай отаси бўлмиш Дубай амири Муҳаммад ал Махтум оғиз солди. Аммо унинг мақсади бошқа йўналишда. Яъни, у «Марсел»ни ёш иқтидор соҳиблари учун ўзига хос қўноққа айлантириб, керакли паллада «Манчестер Сити»га ўтказишни мўлжалламоқда. Табиийки, бу вариант Маргарита Луи-Дрейфюсга мақбул эмас.

Championat.com - А.Аҳмедов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:35, 17.05.2016.
Ўқилди: 2957 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.