Мана, Евро-2016 стартига ҳам саноқли кунлар қолди. Франция миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Раймон Доменек бу вақтда мутлақо хотиржам ва бир неча йиллик сукут сақлашдан сўнг астрология - мунажжимлик илмига нега ихлоси баландлигини батафсил тушунтириш баробарида аламли тарзда бой берилган ЖЧ-2006 финалини эсга олди. У яна ирландларни алоҳида ҳурмат қилиши ва севишини яшириб ўтирмади.
- Йўқ, мен халқнинг бош душмани эмасдим, — дейди Раймон Доменек. — Асосий ғаним Саркози эди, ундан кейингина мен...». Француз мутахассисининг бу сўзларида хотиржамлик ва самимийлик аломатларини осонгина пайқаш мумкин. У ҳозирда ўзини анча яхши ҳис қилмоқда. Ҳарқалай, умумий ҳолати 2010 йилнинг июнидагига нисбатан сезиларли даражада яхши. Ўшанда Доменек ЖАР мундиалидаги мисли кўрилмаган муваффақиятсизликдан сўнг Францияга ғоят аянчли аҳволда қайтганди. Айтишича, унга пешвоз чиққан ўғли саломлашмасдан туриб, сўраган экан: «Отажон, нима, сени қамоққа тиқишадими?» Эҳтимолки, мураббий панжара ортига равона бўлишни хаёлига ҳам келтирмагандир. Лекин унинг Франция миллий жамоаси устози сифатидаги 6 йиллик иши шундай шармандалик билан хотима топишини асло ўйламагани аниқ. Футболчиларнинг ошкора норозиликлари, жамоанинг ўта суст иштироки... Ҳа, Доменек мухлислар кўз ўнгида ҳақиқий душмандек гавдаланганди. Боз устига, у мутлақо бемаврид сўз очиб, қандайдир можарога сабабчи бўлишга одатланган.
Доменек айни пайт 64 ёшда ва у 2010 йилдан буён ҳеч қайси жамоани бошқаргани йўқ. Хуллас, Франция термасидан қувилган мураббийга ишонч билдирадиган жамоа ҳали-ҳамон топилмади. Тўғри, одамларнинг унга муносабатлари нисбатан юмшаганини айтиш жоиз. Хуллас, Раймон оғриқли яралар битишини тахминан 3 йил кутди ва шундан сўнг миллий жамоадаги ишига бағишланган китоби - «Мутлақо ёлғиз»ни чоп эттирди. Мураббий таҳлил ва хулоса кўринишида ёзган бу китобда ўзининг айрим хатоларини очиқ тан олган ва уларнинг сабабларини ҳам келтирган. Қарангки, омадсиз мутахассис қаламига мансуб футбол «асари» Францияда катта қизиқиш уйғотди. Муҳими, натижаси чакки эмас, ҳарқалай, одамларнинг Доменекка нисбатан нафратлари бироз пасайди.
- Дастхат-сессия жараёнида одамлар олдимга келиб, елкамга дўстона уриб қўйишди: «Очиғи, бу китобни ўқигунимча сени кўрарга кўзим йўқ эди, — дея эслайди Доменек. — Кимдир китоб билан танишиб чиқишни хоҳласа — яхши, бордию, мутолаадан кейин ҳам мени танқид қилса, унда тупурдим. Чунки китобни ошкора ёздим, барчасини рўй-рост баён этдим, қолгани менинг муаммом эмас.
Доменек ўз асарида жумладан, Франция миллий жамоасига футболчи танлашда мунажжимлик, яъни астрологияга таянганини қатъиян инкор этган. «Ҳа, ўта қизиқувчан инсонман, — дейди у. — Доимо одам табиати, унинг қандай шаклланишига қизиқаман. Шунингдек, турли коммуникацион техникалар, ўзаро алоқа муносабатлари ва бошқа нарсаларни ўрганиб чиққанман. Бундан ташқари, астрология ва графология фанларига меҳрим ўзгача. Агар графология билан шуғулланишимни айтсам, ҳеч ким ортиқча ажабланмасди. Негаки, бунда илмий асос бор. Бироқ астрология бошқа нарса — ҳаёт ва борлиқни ўрганиш учун нисбатан хаёлий ёндашув. Хуллас, астрология ҳақида сўз очганим билан мени биллур шарга қарайдиган фолбинга чиқариб қўйишди. Энг ачинарлиси, биров астрология инсон характерини тушунишга ёрдам беришини инобатга олмади. Қисқаси, бу фан башорат қилиш эмас, балки инсонни тушуниш манбаидир. Шахсан мен ўз ишимда астрологиядан шу мақсадда фойдаланганман».
Доменек Франция миллий жамоаси бош мураббийи сифатидаги илк ўйини (Босния ва Герцеговина термасига қарши кечган ўша баҳс 1:1 ҳисобида якунланган)дан сўнг ҳар бир футболчидан навбати билан бош-қалар рўпарасида туриб, ўз фикрини баён этишини талаб қилган экан. Ўшандаёқ мураббийнинг юқори даражада ишлашга лойиқ эмаслиги хусусида гап-сўзлар бошланганди. Қолаверса, Франция футбол федерацияси раҳбари Жан-Пьер Эскале аслида Доменек номзодини маъқулламаган, аксинча, у терма жамоа бошқарувини Лоран Бланга топширишни хоҳлаган. Энди Доменекнинг сўзларига эътибор беринг: «Франция термасидаги бутун фаолиятим давомида Эскале мени худди осиб қўйилган юкни кўтарадиган арқон каби таранг ҳолда ушлаб турди». Раймоннинг айтишича, унинг ишини ҳаммасидан кўра, Франция терма жамоасининг ўша авлод футболчиларидаги худбинлик, ҳурматсизлик ва масъулиятсизлик каби салбий хислатлар мураккаблаштирган. «Энг ачинарлиси, бундай муаммолар ҳали ҳам йўқолгани йўқ,- дея ишонч билан таъкидлайди Доменек. — Лоран Блан Евро-2012 учун футболчиларни танлаётган вақт шундай дегандим: «Кўрамиз, бундан нима чиқаркин? Агар Бланнинг жамоаси ниманидир қойиллатса, таъзим қилган ҳолда, футболда ҳеч балони тушунмайдиган ношуд ва омадсиз эканлигимни тан оламан». Бироқ ҳаммаси қандай тугаганини биламиз. Шундан сўнг терма жамоанинг инқирозида ягона айбдор эмаслигимга яна бир марта ишонч ҳосил қилдим. Демоқчиманки, ҳозирги авлод футболчилари билан ишлаш жуда-жуда қийин, айниқса, Францияда».
Қизиқ, нега айнан Францияда ишлаш мураккаб? «Муаммо ҳам шунда-да - саволнинг жавоби йўқ. Хориждаги кучли жамоаларда ўйнайдиган йигитлар у ерларда ўзларини яхши тутишади ва қандайдир муаммо келтириб чиқаришмайди. Ўйлайманки, бу маҳаллий футбол ассоциациялари хизмати самараси бўлса керак. Зеро, хорижда футболчилардан муайян тартиб-интизом стандартларига риоя этишни қатъий талаб қилишади ва йигитларимиз ўзларини Франциядаги каби эркин қўйиб юборишмайди» - бу мураббийнинг одоб-ахлоқ ҳақидаги фикри. Шу жойда яна бир табиий савол туғилади: Францияда футболчиларнинг юриш-туришларига нега бепарво қарашади? Доменекнинг бу саволга жавоби оддий: «Очиғи, тушунарсиз ҳолат. Умуман, футболчиларни тўғри йўналишда ҳаракатланишга қандай мажбурлаш мумкин? Мана, Дидье Дешам ўз зиммасидаги ишларни анча яхши уддалаяпти, негаки, федерация ва ОАВ уни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти. Евро-2016 тобора яқинлашмоқда ва барча турнирда муносиб иштирок этишни ўйлаяпти. Зеро, футболчилар ҳозирда жамоа ичида нисбатан тинчланишди. Аммо машғулотлар базаси ташқарисидаги умумий ҳолат ҳақида бундай деёлмайман».
Доменек ЖЧ-2006да Франция термасини финалга қадар етаклаганди. Бироқ кўпчилик Германия мундиалидаги кумуш медални бош мураббий эмас, аввало, жамоа етакчиси Зайниддин Зидан билан боғлайди. «Ҳа, бундай ёндашувлардан қочиб қутулолмайсан,— чуқур нафас олади Доменек. — Ўзи бизда шунақа. Дейлик, Мишель Идальго бутун умри давомида фақат бир гапни эшитган: «Жамоанг Платинига таяниб ўйнаган». Бош-қа бир мисол, Кройффга устозлик қилган ҳар бир мураббий «Барчаси Йохан қўлида, жамоада айнан у бош одам - машғулотларни олиб боради, кўрсатмалар беради, тактика танлайди, қўйингки, ҳаммасини ўзи бажаради» қабилидаги гапларни эшитишга мажбур бўларди. Хуллас, бундай ёндашувга қарши чиқишдан маъно йўқ».
Доменек учун терма жамоадаги фаолиятида энг эсда қоларли хурсандчилик бу 2006 йилги жаҳон чемпионати чорак финалида ғалаба қозонилганидир. Ўшанда французлар турнир фаворитларидан бири - Бразилия термасини курашдан четга суришганди. Мураббийнинг хулосасига кўра, ёқимли ғалабада энг катта ролни у танлаган юқори даражадаги «прессинг» режаси ўйнаган. Бунда Доменек бразилияликлар ҳимояланишни эплолмасликларини инобатга олиб, шогирдларига уларни шу ишга мажбурлашни тайинлаган. «Дарҳақиқат, ажойиб ўйин,-дея эслайди Доменек бразилияликларга қарши кечган ўша учрашувни. — Майдонга тушишдан олдин жамоага айтган гапларим ҳалигача ёдимда. Ўзи биз талаб даражасида тайёргарлик кўргандик ва майдонда барча ўйлаган режаларимиз амалга ошган. Шогирдларимга шундай дегандим: «Мана, кўрасизлар, бразилияликлар захирадан 3 нафар ҳужумкор футболчини майдонга туширишади. Негаки, бундан яхшироқ чора ўйлаб тополмайдилар ва бу бизнинг ғалаба қозонишимизни англатади. Энг муҳими, ўйинда воқеалар айнан мен айтгандек ривожланганди (Анрининг голидан сўнг Бразилия термаси мураббийлар штаби иккинчи бўлимда майдонга Адриано ва Робиньони туширганди). Шундай ўйинда жамоага устозлик қилганимдан ғурурланаман, албатта».
Доменек шундай ёрқин лаҳзалар туфайли ҳам Франция терма жамоаси бош мураббийи лавозимида ўтказган вақтлари учун ачинмайди, гарчи аксар ҳолларда боши танқидлардан чиқмаган бўлсада. Шунинг баробарида баъзан 2003 йили Ирландияда ишлаш имкониятидан фойдаланмаганидан бироз афсусланади: «Ирландлар миллий жамоага 3 нафар мураббий номзодини кўриб чиқишган. Мен мамлакат футбол федерацияси вакиллари билан Парижда учрашгандим. Бироқ якунда улар ирландиялик Брайан Керр номзодини маъқул топишди. Очиқ айтаман, бу иш менга насиб этганида, ўзимни бахтиёр ҳис қилардим. Чунончи, Ирландия ва унга дахлдор барча нарсаларга ҳурматим баланд. Айниқса, ирландлар даврасидаги муҳитни ёқтираман. Ҳалигача эсимда, 2005 йили Тьерри Анрининг шубҳали голидан сўнг ирландиялик мухлислар олдидан ўтиб кетишимга тўғри келганди. Ўшанда беихтиёр ўйладим: «Тамом, Раймон, ҳозир ҳолингга қарғалар йиғлайди». Лекин қарангки, улар мени шунчаки, олқишладилар ва ортимдан ғалаба билан табриклашга ҳам куч топа олдилар. Уларда футболга муносабат шундай: «Эҳ, майли, яхши ўйнадик, аммо ғалаба қозониш насиб этмади. Нима ҳам қилардик, кейинги учрашувларни кутамиз». Бундай ёндашув ҳурматга лойиқ. Хуллас, Ирландия термасида ишлаб кўрсам зўр бўларди. Мен доим шу жамоага мухлислик қиламан. Дейлик, 1994 йилги жаҳон чемпионатида фақат ирландиялик фанатлар билан бирга юрганман. Негаки, улар даврасида сира зерикмайсиз».
Хўш, ирландлар ёзда Доменек билан айнан унинг юртида чақчақлашишга умид боғлашлари мумкинми? «Ўйлайманки, ҳа, — дейди француз. — Уларнинг Францияда ҳам вақтни кўнгилли ўтказишларига ишонаман. Ирландия термаси тушган гуруҳ даҳшатнинг ўзгинаси ва бу бир томондан яхши ҳам. Зеро, ирландлар одатда энг оғир вазифаларни бажаришни хуш кўрадилар».
Доменек қачондир мураббийлик ишига қайтадими? У бунинг эҳтимоли борлигини инкор қилмайди. Айтишича, Африка мамлакатлари жамоаларидан бир нечта таклиф ҳам олган, бироқ улар алоҳида қизиқиш уйғотмаган. Мураббий балки премьер-лигада ишлашни хоҳлаётгандир... «Йўқ, ҳали нафақага чиққаним йўқ, - дейди Доменек. — Ҳамон иш бошламаганим сабабига келсак, шунчаки, чинакам муносиб таклиф тушмаяпти. Мен эса ҳозирги ҳаётимни фақат қандайдир янгилик учунгина ўзгартиришим мумкин. Дейлик, Лондоннинг қайсидир клубида ишлаш вариантини маъқул кўришим аниқ. Умуман, фақат пул учун ишлашни истамайман, агар шундай бўлганида, аллақачон таклифлардан бирини қабул қилардим. Оддий айтганда, ўзимда мутлақо бошқа нарсани синаб кўрмоқчиман. Яъни бошлаган ишим эҳтиросларни жунбушга келтирсин, унинг ҳаяжони этимни жимирлатсин». Нима дердик, Доменекка ўзи орзу қилган иш ва эҳтиросу ҳаяжон насиб этсин.
Fооtbаll.ua - Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади