Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Чўзилган ҳикоя

Баҳо:
+ | -

“Мен “Манчестер Юнайтед”да ўйнашни хоҳлайман, аммо ван Гаал қўл остида эмас”. Хўш, қайси футболчи бу фикрни айтишга жазм қилди экан? Файласуф мураббийга кимнинг хуши йўқ? Голландиялик мураббий кимнинг йўлига тўғаноқ бўлмоқда? Йўқ, бу фикр қайсидир чарм тўп устасига тегишли десангиз адашасиз.

Унинг муаллифи – Усэйн Болт. Уни дунёнинг энг тезкор инсони сифатида танийсиз. Футболдан минг чақирим узоқдаги инсоннинг сўзларига эътибор беринг-а! Ҳатто у ҳам Луи жанобларининг “Манкунианлар” учун “ортиқча юк” эканини ҳис этяпти.

Ҳамон ёдимда Луи ван Гаал эндигина клуб мураббийлик постини эгаллаганида “Англиянинг биринчи жамоасида иш бошладим”, деганди. Афсуски, Манчестрдаги миссияси мобайнида эса биринчиликни бой берди. У на иккинчи, на учинчи бўлди. Ўтган мавсумда зўрға Чемпионлар лигасига илинди. Ҳозир кўзлари тўрт бўлиб, ҳамшаҳарларининг қоқилишини кутяпти. Жамоа раҳбарияти мутахассисни мавсумни тўртинчи ўринда якунлашда математик имкониятларга эга бўлиши учун ёлламагани аниқ. Устига-устак, мураббий “айтгани айтган, дегани деган” шароитда ишламоқда. Унга шу пайтгача оғзидан чиққан ўйинчини муҳайё қилиб келишди. Бу йўлда 320 миллион фунт стерлингнинг баҳридан ўтилди. Бироқ у киши бизда “Тоттенхэм”даги каби креатив ўйинчилар йўқ, дея нолишдан нарига ўтмайди. Йўқса, таркибни кучайтиришга сарфланган шунча маблағ қулоғини ушлаб кетдими? Ўзини дунёнинг энг яхши устозларидан бири ҳисобловчи файласуф мутахассис бир ҳақиқатни тан олмаяпти: У узук, “Юнайтед” кўз эмас, узукка кўз қўйгандек ярашадиган.

MuЛуи ван Гаал бошқарувидаги жамоа аллақачон юз матчда майдонга тушди. Ва уларнинг тенг ярмида ғалабани тантана қилди. Бу карьерасидаги энг ёмон кўрсаткич – эллик бир фоизлик ғалабага эришди дегани. Назаримда, У худди “Мен”и билан курашаётган инсонга ўхшайди. Зиддият шу қадар кучлики, баъзида бу панд беради. Баъзан “Мен” уни етаклаяптими ёки у “Мен”ни, аниқлашнинг имкони бўлмайди. Ажабланарлиси, уни ҳурмат қилмайдиган, ёқтирмайдиган кишилар “Мен”ига қулоқ тутишга мажбурдек гўё. Биринчи навбатда, ўйинчилар. Голланд мураббийи таркибдаги футболчилар билан “тажриба қуёнчаси”дек муомалада бўлганига нима дейсиз? Эксприментдаги бир “қуён”нинг нафи тегмаса, эътибор иккинчисига қаратилади. Бунинг исботини Ван Гаал қўл остидаги 17 ўйинчининг майдонда 1500 дақиқадан кам вақт ўтказганида кўриш мумкин. Яъни, мутахассис барча жабҳаларда (мусобақаларда) маълум бир ўйинчилар хизматидан фойдаланади. Ўз навбатида, мураббийнинг бу ҳаракати футболчилар ўртасидаги рақобатни йўққа чиқаради. Позициялар учун курашда мотивация йўқолади.

Жамоа натижасига салбий таъсир кўрсатаётган яна бир омил – голландиялик коачнинг қараши. Тўп назоратига асосланган услуб клубни жар ёқасига келтириб қўйгани рост. “Ван Гаалнинг фалсафаси кўпроқ  тўпни ушлаб туриб, рақиб ҳудудида бўшлиқ пайдо бўлганида ҳужумга ўтишдан иборат”. Бу ҳақда қайсидир мутахассис ёки шарҳловчи айтмаяпти. Аксинча Луи амакининг шогирди – Андер Эррера таъкидламоқда. Рақибнинг хатосини пойлаш билан иш битмаслиги кундек равшан-ку. Премьер лига миқёсида рақиблар дарвозасига 46 тўп киритганини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин. Ҳужумсиз ўйин билан узоққа бориб бўлармиди? Албатта, йўқ. “Манкунианлар” мавсумни нурсиз ўйинга кўмиб ташлади. Масалан, Чемпионшипга равона бўлган “Астон Вилла”, “Норвич Сити”, “Ньюкасл Юнайтед”, қуйи поғона вакиллари “Борнмут”, “Вест Бромвич”, “Кристал Пэлас”, “Уотфорд”, “экватор”даги “Суонси Сити” ва “Сток Сити” – фақатгина мазкур саккиз жамоанинг урган голлари “Юнайтед”никидан кам. Бундан ташқари, дарвозага зарба йўллашда “Кўҳна қитъа”нинг 68-клуби (бир ўйинда ўртача ҳисобда 11,3 зарба). “Иккинчи қаватдаги” кураш бўйича “Кучли бешлик” клублари орасида 85-ўринда (13,3 марта). Умумий рейтингда “Кўҳна қитъа”нинг 37-жамоаси сифатида қайд этилмоқда.

vanout

Шу ўринда Луининг мақтовга сазовор жиҳатини тилга олишни жоиз, деб билдим. Ҳа, топдингиз, у ёшларни қўллаб-қувватлайди. Ҳар мавсум жамоага “янги қон қуйиш” мақсадида қайсидир ёш футболчига имкон беради. Кларенс Зеедорф, Патрик Клюйверт, Карлес Пуйоль, Хави, Андрес Иньеста, Давид Алаба, Томас Мюллер, Маркус Рашфорд, Жесси Лингардларнинг барчасини голланд мураббийи кашф қилган. Эҳтимол, бу қарашлари бевосита ёшлар билан боғлиқ эканлигидадир.

Бироқ бу Луи оқламайди. Тўғри, У яхши мураббий. Яхши инсон. “Манчестер Юнайтед” учун эмас. Шунинг учун У кунора “истеъфога” чиқарилади. Демак, тақдирга ҳам тан бериш лозим. Зеро, яхши ҳикоя қисқа бўлгани, ёмони – янада қисқа бўлгани маъқул.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 10:50, 20.05.2016.
Ўқилди: 4579 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.