Россия термаси тарихидаги энг яхши тўпурар Александр Кержаков янги очилган «Матч ТВ» телеканали «юзи»га айланди. Энди мухлислар унинг эксперт сифатидаги хулосаларини ТВ орқали тинглашлари мумкин. Шу баҳона қуйида спорт телеэфири юлдузига айланган европалик 5 нафар футбол юлдузини эътироф этамиз.
Гари Невилл. Мамлакати: Англия. Собиқ ҳимоячи нақ 19 йил битта жамоа - «МЮ»да тўп сурди ва кўплаб совринларни қўлга киритди, хусусан, ЧЛда 2 бора ғолиблик нашидасини сурди. Сэр Алекс Фергюсон унга бежиз сардорлик боғичини топширмаган ва «Ўз даврининг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиси», дея мақтамаганди. Гари сермазмун фаолиятидан сўнг телевидениеда ишлашни маъ-қул топди. Дастлабки даврда Skу Sportsдаги чиқишлари мухлислар ғашига тегди, аммо вақт ўтгани сайин Невиллнинг нутқи равонлашди, фикрлари теранлашди. Хуллас, собиқ «қизил иблис» мураббийлик ишига ўтишига қадар чинакам ТВ-юлдузга айланиб улгурди.
Оливер Кан. Мамлакати: Германия. Бундеслиганинг кўп карра чемпиони, ЧЛ ғолиби ва футбол тарихидаги энг яхши дарвозабонлардан бири. Фаолиятининг ёрқин жиҳатлари тўғрисида 2та автобиографик китоб чиқарди - Nummer Eins («1-рақам») ва Иch. Erfolg kommt von innen («Мен. Муваффақият ўзингга боғлиқ») ва улар мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Умуман, Оливер «Бавария»да ўйнаган охирги мавсумидаёқ тижорат канали - Premiereда «Биринчи рақам - Кан йили» кўрсатувини олиб борди. Қўлқопларини михга илгач эса, Зальцбург университетида таҳсил олиб, МВА даражасига эришди ва ТВда тўлақонли фаолиятини бошлади. Афсонавий посбон ҳозир ZDF канали билан шартномага эга. Унинг асосий вазифаси - Германия термаси ва бундеслига ўйинларини таҳлил қилиш.
Сантьяго Канисарес. Мамлакати: Испания. Сантьяго «Реал» либосида майдонга тушишни орзу қилганди, бироқ сабри 10 йиллик ижара келишувларига етди... Унинг «Валенсия»га ўтиши эса, клубнинг гуллаб-яшнаган даврига тўғри келди: Испаниядаги ғалабалар, ЧЛ финалига 2 марта чиқиш... Хуллас, фаолиятининг якуний босқичини салмоқли натижалар билан безади ва футболдан кетгач, ўзини ралли ва медиа оламига урди. Шундай қилиб, оқсоч кипер бора-бора тематик теле ва радиодастурларга таклиф қилинадиган оддий экспертдан ТВ бошловчи ҳамда етук шарҳловчига айланди. Шунингдек, турмуш ўртоғи билан мамлакатда кенг оммалашган рақс шоусида ғолиб бўлди. Хулоса шуки, бошловчи-Канисарес машҳурлик бобида футболчи-Канисарес билан бемалол рақобатлаша олади.
Жанлука Виалли. Мамлакати: Италия. Виаллини Генуя ва Туринда ажойиб футболчи сифатида эслашади. Италия термаси собиқ ҳужумчиси скудеттони ютиш баробарида ЧЛда муваффақият қозонди. Тўғри, у «Челси»да ўзини кўрсатолмаган бўлса-да, айнан шу клубда мураббий сифатида иқтидорини намойиш этиб, бир нечта соврин соҳиби бўлди: Лига кубоги, Кубок эгалари кубоги, Англия кубоги ва суперкубоги, УЕФА суперкубоги. Виалли ке-йинчалик Skу Italia телеканалида оддий эксперт сифатида иш бошлаб, мутлақо янги даражага кўтарилди. Айниқса, ЖЧ-82 ғолиби Паоло Росси билан қайноқ мусоҳабалари, дўстона фикр алмашишлари, шарҳ давомидаги ҳис-ҳаяжони кўпчиликка маъқул тушди. Жанлука ҳозирда асосан «А» серияси ўйинларини шарҳлаб боради. Шунингдек, Италия жамоалари иштирокидаги ЧЛ баҳслари ҳам унга топширилади. «Сампдория» собиқ ҳужумчиси яна Генуя клубининг шахсий канали - Samp TVда ҳам кўриниш бермоқда.
Марсель Десайи. Мамлакати: Франция. France FootbaII 2004 йили Франция термасининг 100 йиллигини нишонлар экан, Les BIeus тарихидаги энг яхши 100 нафар футболчини аниқлаш мақсадида кенг миқёсда сўров ўтказди ва унинг натижаларига кўра, Марсель Десайи 4-ўринга муносиб кўрилди. Қанчалик таажжубланарли туюлмасин, Десайи футболдаги фаолияти ва ўзини тутиши билан маълум даражада Ибрагимовичга ўхшаб кетади: ўта ёрқинлик, суҳбатга тез киришиб кетиш... Бундайлар одатда мураббийликка қўл уришмайди, аксинча, ўз образларидан самарали фойдаланишни тезда ўзлаштиришади. Марсель ОАВдаги фаолликни 9 йил аввал радиода консультантликдан бошлаганди. Кейин Британиянинг ВВС ва Франциянинг Canal+ каналларида ишлади. Бир йил аввал эса, собиқ ҳимоячи «ПСЖ» каби араб пуллари билан «семирган» BeIN Sportsга ўтди ва ҳозирда унга талаб чакки эмас.
Манба: Sports.ru, И.ИБОДОВ тайёрлади