Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Барқарорлик сифати

Баҳо:
+ | -

Ёшлигимизда она тили ўқитувчимиз бўларди. Чорак давомида икки ё уч марта 5 (аъло) баҳо олган боланинг чорагига 4 қўярди-да, роса кўп 4 олган боланинг чорагини 5 билан баҳолардилар. Тушунмасдик. Нега?

Шундай тушунтирарди устозимиз: “Бу бола беш олишга интилди, интилиши йўлида тинмади. Анови дангаса эса ҳар қанча талантли бўлмасин, ўз устида ишламади, қобилиятининг ҳисобидан икки-уч марта беш олди. Бу ерда ким аъло баҳога ҳақли?” Барибир тушуна олмасдик. Устозимиз нима демоқчи эканликларини кейинроқ бизга ҳаёт тушунтирди:

Бир неча йиллардан бери газета соҳасида юрибмиз. Машаққатли юмуш. Ҳафта ғиз этиб келадию, янги мақолалар ёзишга чорлайди. Тағин, бу янги мақола фақат футбол ҳақида бўлиши керак. Таҳририятимизнинг бир нечта ходими ҳафта давомида икки-учта мақола ёзади. Мажбур. Ҳар ҳафта. Миллий чемпионатларга оид мақолалар-ку, майли, унинг услуби ва қолипи бор, дерсиз. Аммо эркин темадаги материалларни ёзадиганларга анчайин мушкул. Ҳар ҳафта янги мавзу топиб, унинг устида ишлаб, кейин мақола шаклига келтириш нималигини газетанинг нонини еганлар билади.

Баъзи эркатой укаларимиз ҳам борларки, уларни мажбурлаб бўлмайди. Ёзиб туришганига ҳам шукр деймиз. Чунки жуда чиройли ёзадилар. Дейлик, икки-уч ҳафтада илҳомлари келганида, клавиатурани чиққилатиб қўядилар. Бу ҳамкасбларимизнинг мақолалари табиийки бошқаларга қараганда анча кучли чиқади. Таққос кетади: Ким зўр? Ҳув, мактабдаги устозимни тушунгандек бўламан!!!

Ҳай, футболга қайта қолайлик. Бу йил “Лестер” чемпион бўлди. Кутилмаган натижа, албатта. Ўтган ҳафта бу ҳақда таҳлилий мақола чиқди, ўқидингиз. Лекин у мақолада асосан лестерликларнинг ўзларига тегишли ютуқлари ҳақида сўз борган. Менимча, Раньерини ўзидан кўра бошқалар чемпион қилишди.

“Лестер” чемпионлик ҳақида умуман ўйламасди, тоинки чемпионатнинг асосий лидерлари мавсум ўрталаригача пастки ўринларда изғиб юришмаганида.

“Лестер”нинг хаёл кўчасига чемпионлик орзуси йўламас эдики, агарда шунча йилдан бери ғолиблик учун стабил курашиб келаётган клублар бирдан инқироз кўчасига кириб қолишмаганида...

Раньери шогирдларига қаршилик кўрсатган охирги жамоа ўша доимий гуруҳнинг аъзоси бўлмаган, чемпионлик курашига ўша лидерларнинг йўқолиши натижасида қўшилиб қолган “Тоттэнхэм” бўлиб қолди. Бу ҳам “Лестер”нинг ишонч билан илдам юришига замин яратди.

“Лестер”нинг чемпион бўлишига яна бир сабаб бор - Cэр Алекс Фергюсоннинг ва унга ўхшаш яна бир одамнинг йўқлиги! Шотландиялик мутахассис мавсумни олдиндан кўра биларди, асосий рақибларининг қоқилишидан унумли фойдаланарди. Ўзаро ўйинларда дуранг ўйнаб қўйса ҳам, бошқаларни кўпроқ енггани ҳисобига марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтарди. Сэр-ку, футболдан кетганига анча бўлган.

Раньерининг эртакнамо мавсумига худди шу сифатларга эга бўлган Моуриньо деган жанобнинг инқирози ҳам дуч келиб қолди. Маурни ҳам яхши биласизки, давравий тизимда ўтадиган мусобақаларда нима қилишни яхши билади. Нафақат бир ўйинга тайёргарлик кўра олиши, балки кейинги баҳсларга ҳам оқилона қарай билиши натижасида чемпионлик шоҳсупасига йўл олган кўпинча.

Энди, бу йили Раньерига қаршилик кўрсатиши керак бўлган мураббийларга бир қаранг! Пеллегрини – ҳеч қачон Маурчалик кескин бўла олмайдиган, кураш деса чўчиб турадиган инсон, Клопп – мавсумга эндигина келиб қўшилган ва Германияда ҳам асосан пешқадамга қаршилик кўрсатган “иккинчи” мураббий, Венгер – қаригани сари пастки ўринларга рози бўлиб бораётган мутахассис, Ван Гаал – Венгердан ҳам олдинроқ қариган отахон, Почеттино – бунақа курашларга эндигина киришган ёш ва тажрибасиз инсон.

Хуллас, Раньери мана шу паллаларда Фергюсонга ва Маурга айланиши талаб этилди. Айланди ҳам. Энди барқарорлик деган ибора “Лестер”нинг кейинги мавсумларига нисбатан ишлатилади. Тасодифий чемпионлигига ўзи ҳам ишонаётган мутахассис кейинги йил ишончли ўйнаб берса, ўйлаймизки, “Лестер” эртаги ҳаётий воқеликка айланади. Бу энди жуда қийин масала.

Икки ҳафта муқаддам “Барселона” ҳам навбатдаги чемпионлигини қўлга киритди. Бу клуб бугунги замонавий футболнинг энг барқарор клуби дея оламиз. “Лестер” мисолида бир мавсумда қандай қилиб барқарорликни ушлаб қолиш санъатини кўрсак, “Барса” мисолида йиллар давомидаги бир хилликни кўрамиз. Ҳаттоки инқирозга ўхшаш ҳолатга тушиб қолганида ҳам ўзини тиклай олиши, охирги турларгача таъқибчиларини ўзига яқинлаштирмай тинмасдан ғалабалар қозониши – ушбу жамоа тизимида олиб бораётган ишлар нечоғлик кўламли эканлигини кўрсатади.

ЕЧЛдаги муваффақиятсизлик бошқа нарса билан изоҳланади, албатта. У ерда ҳам “Барса”ни чиқариб юборган жамоа барқарорликда каталонияликлардан қолишмайдиган “Атлетико”дир! Энрике шогирдларини тасодифий жамоа енгмади, шунинг учун бу мағлубиятни ҳамма тўғри тушунди.

Барқарорлик ҳақида гапирсак гап кўп. Қадимгилар айтишади: “Тезда ўчадиган катта ишни қилгандан давомий бўлган кичик иш муаллифи бўл!” Бу нафақат футболда, балки ҳаётда ҳам муҳим қоида ҳисобланади. Барқарорлик нима ўзи? Уни ўрганиш учун инсон нима қилмоғи даркор? Жавобини ҳам ўша қадимгилардан олиб қўя қолайлик, а?

“Аввало бошлаётган ишингга меҳр қўй, сўнг узоқни кўра бил!” Дарҳақиқат, шу икки қоидани маҳкам ушлаган одам майда ишнинг устида ҳам катта натижаларни қўлга кирита олади. Албатта, бунинг учун сабр, ирода ва матонат ҳам талаб этиладики, инсон ўша босиб ўтиладиган йўлда бу сифатларга суянмоғи даркор бўлади.

Дарвоқе, ҳар ҳафта мени ўйлатадиган иш - ушбу саҳифани ҳам тўлдириб олдим. Буям бир мавзу-да, тўғрими?!

Хайрулла Ҳамидов,
“Чемпион” газетаси

Манба: stadion.uz
Киритилди: 16:20, 21.05.2016.
Ўқилди: 9304 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.