Кириш Регистрация
02/10 15:00 Виссел Кобе 2-1 Шандонг Тайшан
02/10 15:00 Йокогама Маринос 4-0 Ульсан Хёндэ
02/10 15:00 Теп Хань Нам Динь 0-0 Бангкок Юнайтед
02/10 17:00 Тампинес Роверс 3-1 Ли Ман
02/10 19:00 Равшан 0-1 Ал-Вакра
02/10 19:00 Олтин аср 0-1 Холидия
02/10 19:00 Насаф 2-1 Шабаб ал-Аҳли
02/10 20:00 Украина 2-3 Бразилия
02/10 21:00 Ал-Ҳуссайн 2-1 Кувайт СК
02/10 21:45 Жирона 2-3 Фейеноорд
02/10 21:45 Шахтёр 0-3 Аталанта
02/10 23:00 Ат-Таъвун 1-2 Ал-Қува ал-Жавия
02/10 23:59 Штурм 0-1 Брюгге
02/10 23:59 Астон Вилла 1-0 Бавария
02/10 23:59 Динамо Загреб 2-2 Монако
02/10 23:59 Лилль 1-0 Реал Мадрид
02/10 23:59 Ливерпуль 2-0 Болонья
02/10 23:59 РБ Лейпциг 2-3 Ювентус
02/10 23:59 Бенфика 4-0 Атлетико
03/10 20:00 Франция - Аргентина
04/10 21:30 Наполи - Комо
04/10 23:45 Верона - Венеция
05/10 00:00 Леганес - Валенсия

Пёрт Нойштеддер:«Роман бирор термада ўйнашни истайди»

Баҳо:
+ | -

«Шальке-04» таянч ярим ҳимоячиси Роман Нойштедтернинг Россия термаси таркибидан жой олиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалганига анча бўлди. Бироқ футболчи яқинда Украина шарафини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди. Шу боис, россиялик ҳамкасбларимиз масалага ойдинлик киритиш мақсадида дарҳол Романнинг отаси - Пётр Нойштедтерга мурожаат қилишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, катта Нойштедтер вақтида Германия ва Россия клубларида тўп сурган. Ҳозир эса мураббийлик со-ҳасида фаолият юритмоқда.

- Роман рус эмас, унинг Россия термаси таркибида майдонга тушишга ҳаққи йўқ, - қабилидаги фикрлардан кулгим қистайди. Тўғри, бобокалонларимиз немис бўлишган, бироқ улар Пётр-I ва Екатерина даврларида Россия империясига келишган, кемалар, заводлар қуришган. Оқибатда Запорожье ва Поволжье ўлкаларида узоқ вақт тинч-тотув яшаганлар. Улуғ ватан уруши туфайли этник немислар турли ҳудудларга тарқатиб юборилган. Шу тариқа оиламиз Қирғизистонга йўл олган. Онам тикувчилик, отам эса автобазада чилангарлик билан шуғулланган, - дея ўз оиласи тарихидан сўз очди катта Нойштедтер.

- Қизиғи, Қирғизистондан тўппа-тўғри чемпион - «Зенит»га йўл олган экансиз...

- Бу бир мўъжиза. 12 ёшимдан тўп сура бошлаганман, лекин менда ҳеч қандай техник ёки тактик тайёргарлик бўлмаган. Бу камчиликни юқори тезлик ва кучли зарба ҳисобига қоплардим. Ўшанда бош мураббий Борис Игнатьев мени ўсмирлар термасига таклиф қилганди. Борис Петрович шундай деганди: «Петя, Қирғизистонни тарк эт ёки футболчиликка нуқта қўй. У ерда ҳеч нарсага эришолмайсан». Ўзи Москвадан ҳам таклифлар олгандим, аммо Питерни танладим. Ёдимда, «Смена» манежида тенгдошларим мени роса калака қилишганди. Шунда мураббийга юзландим: «Термага муносиб эмасман». У эса совуққонлик билан жавоб қайтарди: «Нима дердим, уйингга қайтавер». Ана шу луқма баданимни тешиб юборгандек бўлди. Натижада ҳар куни мустақил равишда шуғуллана бошладим - югурдим, сакрадим, турли жисмоний машқ­ларни бажардим. Қарабсизки, ярим йил ичида бинойидек спорт формасига кирдим. Чунки чекмасдим, ичмасдим, дайдиликни ёқтирмасдим. Хуллас, немисларга хос тарбия ўз самарасини берди. Тун бўйи велосипедда сайр қилсамда, сира чарчамасдим.

- «Зенит»нинг асосий таркибидан ҳам жуда тез жой олгансиз...

- Ҳа, 16 ёшимга биринчи жамоа машғулотларига қўшилдим.  Ўша пайт «Зенит»ни Павел Садирин шуғуллантирарди. Бироқ ҳарбий хизматга чақирилишим туфайли клубни тез орада тарк этдим.

- Ҳарбий хизматни чинакамига адо этганмисиз?

- Мени Усть-Каменогорскка жўнатишди. Ҳарбий хизматгача «Қайрат» сафида 20 мартача майдонга тушишга улгургандим.

- У ерда яна бир бўлажак мураббий билан учрашгансиз...

- ...Қурбон Бердиев. Унинг ҳозир «Ростов»ни чемпионликка олға бошлаётганидан хурсандман. Ўйлашимча, Бердиев учун Европада ишлаш вақти келди.

- У бундан 30 йил аввал қандай инсон эди?

- Ҳозиргидек: ақлли, хотиржам, истеъдодни юзага чиқаришни яхши биладиган... Яна юксак техникаси билан ажралиб турарди. Дейлик, ўзига хос дриблинги бўлиб, рақиб футболчиларини осонгина ортда қолдирарди.

- У сизга нималарни ўргатганди?

- Жуда кўп нарсани. Айнан Қурбоннинг ўгитлари туфайли мураббийликда «А» лицензиясини олганман. «Қайрат»да ёш йигитча эдим, Бердиев эса тажрибали ҳужумчи бўлиб, қимматли маслаҳатларини аямасди: «Ҳеч қачон ҳужумчининг биринчи тезланишидаёқ тўп узатма, иккинчи тезланишини кут». Германияда имтиҳон топшираётган пайтим айнан шундай саволга жавоб қайтаришимга тўғри келди. Икки ҳужумчи билан ҳаракатланиш тактикаси кўриб чиқилаётганди. Йигитлар елиб-югуришар, ҳужумга ўтишарди. Мендан уларга тўғри йўл кўрсатиш талаб этилди. Шу онда Қурбоннинг маслаҳатлари ёдимга тушди. Машғулотни тўхтатиб, футболчиларга шундай дедим: «Кўриб турибман, жон-жаҳдингиз билан ҳаракатланяпсизлар, югуряпсизлар. Лекин олдинга силжиш йўқ. Нима учун? Чунки ҳаракат йўналишингиз рақибга олдиндан маълум. Хўш, нима қилиш керак? Тўпни ҳужумчига иккинчи тезланишида ошириш лозим». Шу заҳоти имтиҳондан ўтганимни маълум қилишди.

- Бердиев ўшанда ҳам камгап эдими?

- Шахсан мен буни сезмаганман. Лекин кўпчиликка ёрдам берарди. ўзи «Қайрат»да қолишга қарши эмасдим, бироқ ҳарбий хизмат бунга йўл қўймади.

- Аскарлик даврида футбол қандай бўлди?

- Усть-Каменогорскда тўп суришнинг иложи топилмади. Ахир 40 даражали совуқ бунга имкон бермайди. Хуллас, базада 4 ой банка тепиш билан чекланганмиз. Шундан кейингина Смоленскнинг «Искра»сидан чақирув олдим.

- У ерда Сергей Морозов қўл остида ўйнадингиз.

- Сергей Юрьичга илк учрашувдаёқ мурожаат қилдим: «Мени «Қайрат»га юборинг?» Мурабий бироз ўйлаб, кейин жавоб қайтарди: «Қўйиб юбораман, фақат ўрмонга!» У Лобановский услубида иш олиб борарди. Шу сабаблими, жамоамиз деярли мағлубиятга учрамасди. Кейинчалик «Торпедо» ва «Днепр» клублари таклиф қилишди ва Украина вариантини танладим. Ўша даврда Олег Протасов жамоани тарк этган, Кучеревскийнинг нимагадир эришишига ҳеч ким ишонмасди. Аммо жамоа чемпионликка эришган.

- Германия сафари арафасида Валерий Газзаев билан ҳам ишлашга  улгургансиз.

- У мени Владикавказга таклиф этиб, тез орада ўзи Москва «Динамо»сига ўтиб кетди. Лекин биламан, Газзаев футбол учун жонини фидо қиладиганлар сирасидан. Уни қайсидир маънода Юрген Клоппга қиёслаш мумкин.

- Германияда фаолиятингиз қай тарзда бошланди?

- Отам мендан сал аввалроқ Белефельдга йўл олганди, «Қайрат»нинг собиқ маъмури Антон Феч эса Карлсруэга. У мени иккинчи жамоа кўригига таклиф этди. Синов жараёнидан сўнг мураббийлар шундай дейишди: «Асосий таркибга тушишдан умид қилавер».

- «Карлсруэ»да Оливер Кан билан ёнма-ён ўйнаган экансиз.

- Оли ўшанда 23 ёшда эди. Майдонда ўта жиддийлиги, кийиниш хонасида эса жуда ҳазилкашлиги билан ажралиб турарди.

- «Майнц»га ўтишингизга нима туртки берди?

- «Карлсруэ» ҳимоячи керак эмаслигини билдиргач, 16та учрашувда ярим ҳимоячи позициясида майдонга тушдим. Кейин 2-лига вакили «Кемницер»га йўл олдим. Бундеслига клубларидан ҳам таклифлар бор эди. Бироқ рафиқам узоққа кетишни истамади. Кейинчалик «Майнц»га ўтдим.

- Бу жамоада нафақат Юрген Клопп билан, балки унинг раҳбарлиги остида ҳам тўп сурдингиз.

- Юрген тезкор эди, оёқлари узун бўлиб, доимо гол уришга тиришарди.

- Энди мавзуни ўзгартирайлик: Романнинг ишлари қандай? Паспорт масаласи ҳал этилдими?

- Шунга умид бор. Яқинда у билан гаплашдим. Айтишича, ҳаммаси ижобий якун топадигандек.

- Унинг устунлик жиҳатлари нима?

- Рома ақлли футболга таянади. Жамоадошига тўп билан бирга ўз ғоясини ҳам узатади. Бир пайтлар кўплаб жамоалар ўртасида талаш бўлганди. Охир-оқибат, Менхенгладбах «Боруссия»си уни ўз сафига қўшиб олди.

- Ўша пайт «Боруссия» кўплаб иқтидорли ёшларни жамлаганди.

- Шундай. Рома дейлик, Марко Ройс билан қалин дўст эди. Улар жамоадан бир вақтда кетишди - Марко Дортмундга, ўғлим эса «Шальке»га.

- Роман Днепропетровскда туғилган. Шу сабаб, Украина термасида ўйнаш истагини билдирдими?

- Ҳа, Рома жонажон терма жамоаси учун майдонга тушишга розилигини айтди. Уни тўғри тушуниш керак. Ўғлим собиқ иттифоқда дунёга келган. Демоқчиманки, Рома учун Днепропетровск ҳам, Олмаота ва Москва ҳам - ватан. Агар Россия термаси жиддий қизиқса, ўғлим таклифни мамнуният билан қабул қилади. Терма таркибида тўп суриш - унинг орзуси, ахир.

 

маълумот учун

Пётр Нойштедтер

Туғилган санаси ва манзили: 1966 йил 16 февраль, Калининск, Чуй вилояти (Қирғизистон)

Амплуаси: ҳимоячи, ярим ҳимоячи

Футболчилик фаолияти: «Зенит» (ўринбосарлар) - 1984; «Қайрат» - 1985, 1989-1990; ЦСКА-2 - 1986; «Искра» (Смоленск) - 1986-1987; «Днепр» - 1988; «Таврия» - 1988; «Спартак» (Владикавказ) - 1991; «Карлсруэ» - 1991-1993; «Кемницер» - 1994; «Майнц» - 1994-2003, «Майнц-2» - 2004-2005

Собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасида 44та, биринчи лигасида 113та (6та гол), иккинчи лигасида 42та (3та гол) ўйин ўтказган. Германия бундеслигада 16, 2-бундеслигада 257 (13та гол) марта майдонга тушган. 1996 йили Қозоғистон терма жамоаси таркибида 3та ўйин ўтказган.

Мураббийлик фаолияти: «Майнц» (ҳаваскорлар) - 2005-2010; «Хобленц» - 2012-2013. 2014 йилнинг 1 апрелидан «Боку» ФК спорт директори

Содиқ РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:31, 22.05.2016.
Ўқилди: 2091 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.