Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Фарҳод Абдуллаев: «ФИФА чиғириғи ўта жиддий»

Баҳо:
+ | -

Касбдошимиз Дмитрий Попов ФИФА ҳакамлар департаментининг услубчиси - ватандошимиз Фарҳод Абдуллаев билан суҳбатлашиб, ҳакамлик соҳасидаги қизиқарли саволларга жавоб олди.

- Салом, Фарҳод. Сиз билан яна ҳакамлик фаолияти хусусида суҳбатлашиш жуда қизиқарли. Сўнгги сафарларингиз натижаларидан маълум бўлишича, тез орада янги қоидалар жорий этилади. Айтингчи, ФИФА тизими бўйича ҳакамлар тайёргарлигига оид талаблар қандай? Балки уларнинг айримлари ҳозирча бизда жорий этилмагандир?

- Салом, Дима. Ҳа, яқинда Таиландда бўлдим: одатий хизмат сафари, кўникиб қолганмиз. Биласизки, Владислав Цейтлин ҳозир Швейцарияда, у ҳам қизиқарли материаллар билан қайтади. Биз бу мамлакатлардан 3-5 июнь кунлари ЎФФда бўлиб ўтадиган ҳакамлар семинарида фойдаланамиз. Дарвоқе, сизни назоратчи сифатида мазкур тадбирга таклиф этаман.

- Раҳмат, албатта келаман! Саволларга қайтсак...

- Ҳа, дастлабки саволингизга жавобим қуйидагича: биздаги тайёргарлик жараёни қайсидир жиҳати билан фарқ қилади, дея олмайман. Биз доимо ўйин қоидаларининг замонавий талқинини ҳаётга татбиқ этаётганимизга семинар иштирокчилари ишонч ҳосил қиладилар. Янги қоидалар нусхасини сизга ижтимоий тармоқлар орқали жўнатдим. Тадбирда биз тўпни қўл билан ўйнаш, «ўйиндан ташқари ҳолат», ҳакамлар ва ёрдамчи ҳакамларнинг ҳаракатлари каби бир қатор лавҳаларни батафсил кўриб чиқамиз. Умуман, ФИФАнинг сўнгги тавсиялари ва изоҳларини инобатга олган ҳолда қоидалар асосларини ўрганамиз.

- Янги қоидалар мамлакатимида қачондан бошлаб кучга киради?

- Тузатишлар билан бойитилган қоидалар Ўзбекистонда 2017 йилнинг 1 январидан жорий этилади. Лекин улар Евро-2016 турнирида амал қилади. Йўқ, Европа ҳам, УЕФА ҳам амалдаги қоидалар бўйича фаолият юритишда давом этади, фақат Европа чемпионати бундан мустасно. Гап шундаки, янги қоидалар юксак даражадаги мусобақада синовдан ўтиши лозим. Мамлакатлар миқёсида оладиган бўлсак, кўпчилик федерациялар янги йилдан бошлаб янги қоидаларга ўтадилар: мусобақалар давом этаётган бир пайтда, йилнинг ўртасида янги қоидаларга ўтишдан маъно йўқ. Уларга мослашиш учун маълум танаффус зарур.

- Бу масала тушунарли. Энди айтинг-чи, жисмоний тайёргарлик бўйича ҳакамларга қандай нормативлар белгиланган? Ҳатто, кўпчилик профессионал футболчилар ҳам бу борада маълумотга эга эмаслар, мухлисларнику, қўяверинг. Билишимча, ФИФА ҳакамлари учун белгиланган тест талабларини ҳамма футболчилар ҳам уддалай олмайдилар. Ҳакамларга қандай талаблар қўйилади? «Купер тести» ҳозир ҳам сақланиб қолганми? (12 дақиқалик тинимисиз. Талаблар ҳакамнинг ёшига қараб турлича бўлган, лекин 2800 метрдан кам бўлмаслиги шарт. Мазкур тестдан мураббийлар проффессионал футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини оширишда фойдаланишган).

- Ҳа, бу жуда муҳим савол. Эътиборлиси, ФИФА тест талабларини ўзгартириб туради. Яъни, ошира боради. Сиз тилга олган «Купер тести» бундан бир неча йил аввал бекор қилинган. Ҳозирда бош ҳакамлар «6x40» кўринишидаги синовдан ўтишади: бир дақиқалик танаффус билан 6 марта 40 метргача югуриш. Албатта, вақт чегараланган. Масалан, 1-тоифага кирувчи ФИФА ҳамда олий лига ҳакамлари 40 метр масофани 6 марта 6 сониядан кўп бўлмаган вақт оралиғида босиб ўтишлари шарт. Бир дақиқалик танаффус нафас рост-лаб олиш учун белгиланган. Иккинчи ва учинчи тоифадаги ҳакамлар мазкур масофани 1 марта босиб ўтиш учун 1 сония кўпроқ, яъни 6,1 ва 6,2 сония сарфлашлари мумкин. Аёл ҳакамлар учун масофа бир хил, вақт эса кўпроқ: 1-тоифа 6,4 сония, 2-тоифа 6,5, 3-тоифа 6,6 сония.

- Ҳакамлар яна қандай тест талабларини бажаришади?

- 2-синов ҳам анча қизиқарли: ҳакам стадион бўйлаб 10 марта айланади. Шарти - ҳар 75 метрни югурган ҳолда, 25 метрни юрган ҳолда. Шу тариқа, у 40 марта 75 метр масофага югуради. Талаблар эса қуйидагича: 1-тоифали эркак ҳакам югуришга 15 сония, юришга 18 сония сарфлаши мумкин. 2-тоифа: 15 ва 20 сония. 3-тоифа 15 ва 22 сония: 25 метрни югуриб ўтиши амалда тин олиш имкониятини беради. Табиийки, аёл ҳакамлар олдига қўйилган талаблар бироз енгилроқ: 1-тоифа 17 x 20, 2-тоифа 17 x 22, 3-тоифа 17 x 24 сония.

- Қизиқарли синовлар. Ёрдамчи ҳакамлар олдига қўйилган талаблар ҳам шундайми?

- Йўқ, уларга алоҳида тестлар белгиланган. «6x40» ўрнига улар «5x30» спринтни амалга оширадилар. Ҳар қайси тезланиш орасидаги танаффус 1 дақиқа эмас, балки 30 сония. 1-2- ва 3-тоифадаги эркак ҳакамлар учун белгиланган вақт мос равишда 4,7 - 4,8 ва 4,9 сонияга тенг. Аёл ҳакамлар олдига қўйиладиган талаб 5,1 - 5,2 ва 5,3 сонияга тенг. 75 метрга югуриш ва 25 метрга юриш машқлари учун ажратиладиган вақт ҳам бош ҳакамларникига қараганда кўпроқ: 15 x20, 15 x22 ва 15 x 24 сония. Аёл ҳакамлар учун тоифаларига қараб 17 x22, 17 x24 ва 17 x26 вақт нормалари белгиланган. Бундан ташқари, авваллари футзал ҳакамлари учун қўлланилган қизиқарли тест синовини ҳозирда футболга мослаштирилган. Бироқ уни сўз билан ифодалаб бериш мушкул, анча кўп вақтни талаб этади. Аммо юқорида зикр этилганларнинг ўзиёқ ҳакамлар ва уларнинг ёрдамчиларига қанчалик жиддий талаблар қўйилиши ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун етарли, деб ўйлайман.

- Дарҳақиқат, анчайин ишонарли маълумот. Қани энди россиялик ФИФА рефереси Карасёвнинг интервьюсида қайд этилган «Ҳакамлар кун бўйи диванда чўзилиб дам олган ҳолда учрашувларга таклиф кутадилар» қабилида фикр юритадиганлар ана шу тестларнинг бирортасини бажариб кўришсин-чи...

- Яна шуни қўшимча қилмоқчи эдимки, ҳакамлар учун «мавсумолди машғулотлар» деган тушунчанинг ўзи йўқ. Улар йил бўйи машқ қиладилар. Яна бир нарсани таъкидламоқчи эдим: фитнес услубчиси Радик Хуббиев ишланмалари нафақат бизда, балки Россия ва бошқа мамлакатларда ҳар бир тоифа учун янги дастурларни яратмоқда.

- Энди ФИФА ҳакамларини қандай мезонларга кўра тоифаларга ажратишига ойдинлик киритсангиз. Жумладан, бизнинг ҳакамларни ҳам.

- Шубҳа йўқки, пухта тайёргарлик ва билимга эга бўлган энг сара ҳакамлар юқори тоифани эгаллашади. Лекин шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ФИФА ишончини қозонган ҳакам доимо халқаро учрашувларга таклиф олади, дегани эмас. Ҳакам аввало, ОФКда босқичма-босқич тайёргарликдан ўтади. Бунинг учун Дубай ёки Куала-Лумпурда ташкил этилган 5 кунлик саралаш семинаридан ўтиши керак бўлади. У ерда ҳакамларнинг ўйин қоидаларидан қай даражада хабардор эканликлари аниқлаб олинади, кейин жисмоний тайёргарликлари ва инглиз тилини билишлари баҳоланади. Шундан сўнг ОФК ўзини қониқтирган ҳакамнинг амалиёти билан танишиш учун унинг юртига ўз назоратчисини юборади. Расмий вакил ҳакамнинг ички чемпионатдаги ўйинларини кузатиб, ОФКга ҳисобот беради. Фақат шундан кейингина ҳакамнинг қайси тоифага лойиқ экани ойдинлашади. Бундан ташқари, Япония, Малайзия ва Мальдив оролларида ташкил этиладиган икки йиллик ҳакамлик курслари ҳам бор. ОФК бу курсларни маълум даврийлик билан ташкил этади. Уни муваффақиятли тугатган ҳакамлар ОФК кубоги, ОЧЛ баҳсларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлишади ва ишонли фаолият эвазига ЖЧга йўлланма олишлари мумкин бўлади.

Бу йил ватандошимиз Шерзод Қосимов 2 йиллик таҳсилдан сўнг энг сара реферилар корпусидан жой олди. Аёл ҳакамларни саралаб олиш тартиби ўзгачароқ. Чунки аёллар футболида ҳозирча ОЧЛ, ОФК кубоги мусобақалари йўқ. Лекин Осиё кубоги, Олимпиада ўйинлари ва ЖЧларга саралаш босқичлари мавжуд. Бу турнирдаги баҳсларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлган сара ҳакамлар корпусидан ўзбекистонлик Анна Сидорова ҳам жой олган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 15:03, 05.06.2016.
Ўқилди: 6538 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.