Кўҳна қитъада «Лидс», «Фиорентина», «Наполи», «Алания» каби катта инқирозни бошдан кечирган жамоалар кўплаб топилади. Жумладан, янги мавсумдан эътиборан Шотландия чемпионати доирасида яна «Эски фирма дербиси» гувоҳига айланамиз. 2012 йили «Рейнжерс» банкротликка юз тутгач, кўпчилик ундан умидини узганди. Бироқ клуб сақлаб қолинди ва яна премьер-лигага қайтди. Шу муносабат билан Сhampionat.com сайти йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолиб, якунда оғир дамларни матонат билан енгиб ўтган 7та клуб ҳақида ҳикоя қилади.
«Наполи»
Ютуқлари: 2та скудетто, 5та Италия кубоги, 1та УЕФА кубоги
Ҳозир: «А» серияда иккинчи ўрин.
Диего Марадона неаполликлар сафида голлар урганига бор-йўғи 10 йил бўлган бир паллада «В» серияда қатнашаётган клуб ўша эски дамларни ёдга олиш билан овунарди. Кейинчалик вазият янада чигаллашди: раҳбарият тўлай олмаган 70 миллионлик қарз, суд жараёнлари ва якуний ҳукм - банкротлик. «Наполи» фаолиятини тўхтатди.
Амалда эса, ҳаммаси қайтадан бошланди: кинопродюсер Аурелио Де Лаурентис клубга эгалик ҳуқуқини сотиб олди ва жамоани «Наполи Соккер» деб атади. Бу ном ультрасни шокка туширгандай бўлди, аммо тақдирга тан беришдан ўзга илож йўқ эди - улар клубнинг қайта туғилишини мўъжизадек қабул қилишганди. Боз устига, Де Лаурентис жамоага эски номни қайтаришга ваъда берганди. Ниҳоят, 2006 йилги мавсумда янги «Наполи» «А» серияга қайтди. Ўшандан бери клуб аста-секин ўсмоқда: охирги чемпионатларда элитада жон сақлаб қолиш эмас, медаллар учун курашяпти. Бой тарихга эга клубнинг ашаддий мухлислари жамоанинг эртасига, хусусан, молиявий барқарорлигига ишонч кўзини тикишган. Италияда бундай ҳол ҳар доим ҳам учрайвермайди.
«Лидс»
Ютуқлари: 3та чемпионлик, 1та Англия кубоги, 1та Лига кубоги.
Ҳозир: чемпионшипда.
Ўз даврида нафақат Англия, балки бутун Европани зир титратган Дэвид О~Лири жамоаси кредитлар эвазига кун кечирарди. Уни янги шартномалар ҳисобига тўлаш мақсад қилингани туфайли клубдан фақат ғалаба қозониш талаб этиларди. Аммо ютуқлардан дарак бўлмади, 2001|2002 йиллар мавсумидаги сўнгги уриниш ҳам муваффақиятсизликка юз тутди. Оқибатда, таваккалчиликка («аҳмоқликка» демаслик учун шу ибора ишлатилмоқда) асосланган бизнес-режа клубни ҳалокат ёқасига етаклади: юлдузлар сотиб юборилди, стадион ва машғулотлар базаси ҳам кимошди савдосига қўйилди. Аммо барибир, қарзлардан батамом қутулишнинг имкони бўлмади... «Абрамовичга «Челси»ни сот!» триллери муаллифи сифатида оммага танилган Кен Бейтс «Лидс»нинг янги эгасига айланди, аммо муаммоли вазиятдан чиқиб кетишни у ҳам уддалай олмади.
Янада қуйироқ дивизионга тушиб кетган клубда ташқи бошқарув тизими фаолият юрита бошлади. Англия ФА қоидаларига кўра, «Лидс» профессионал турнирларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши лозим эди, лекин тиниб-тинчимас Бейтс бу тақиқни четлаб ўтиш йўлини топди ва «Лидс»ни қайтариб олишни ҳам уддалади. У клубни яна бир неча йил бошқарди, 2009|2010 йиллар мавсумида эса мураббий Саймон Грейсон ўз футболчиларини чемпионшипга олиб чиқди.
Кўп ўтмай, клубда яна янги хўжа-йин пайдо бўлди - хурмача қилиқлари билан донг таратган италиялик Массимо Челлино. У доимий равишда мураббийларни ишдан бўшатмоқда, Англия футболи мутасаддилари билан жанжаллашишдан чарчамаяпти (ҳатто, бу қилмиши учун клуб бошқарувидан четлатилибгина қолмай, мухлислар ишончини ҳам йўқотди). Клубнинг уй учрашувларида «Челлино йўқолсин!» деб ёзилган баннерларни кўриш одатий ҳолга айланган.
«Портсмут»
Ютуқлари: 2та чемпионлик, 2та Англия кубоги.
Ҳозир: тўртинчи дивизионда.
Премьер-лига тарихидаги дастлабки банкрот клуб аввал ҳам бир неча марта бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганди: 80-йилларда «Портсмут» оғир молиявий муаммоларни бошидан кечирди, аммо барча масала юлдузларнинг сотилиши ва биринчи дивизион билан хайрлашиш эвазига ҳал этилди. 2006 йили клуб ишбилармон Александр Гайдамак томонидан сотиб олинди: айнан унинг даврида жамоа Англия кубоги соҳибига айланди ва... қарзга ботди. Гайдамак «Портсмут»ни БААлик шайх Сулаймон ал-Фаҳимга сотди. Аммо Александр харидор танлашда адашганди: ваъда беришга уста бўлган ал-Фаҳим амалий ишга келганда асло шошилмасди. Кўп ўтмай, у муаммолардан буткул воз кечишни маъқул кўрди ва клубни 2009 йил кузида бошқа араб бизнесмени - Али ал-Фаражуга пуллаб қўя қолди. Кейинги ярим йил «помпи» учун ҳалокатли кечди: ўйинчилар маошларини вақтида тўлай олмаслик, премьер-лигадаги сўнгги ўрин, очколар жаримаси, клуб фаолиятини тўхтатиш бўйича талаблар, ташқи бошқарувга ўтилиши... Алал-оқибат, жамоада янги хўжайин пайдо бўлди, аммо у жамоа фаолияти билан яқиндан танишгач, барча ҳужжатларни техник маъмуриятга қайтариб қўя қолди.
Бундай оғир аҳвол салкам 2 йил давом этди. Англия ФА талабига кўра, клуб барча футболчиларни сотиб юборди ва ниҳоят, 2013 йили «Портсмут» ишқибозлари талаб қилинган 3 млн. фунтни йиғиб, жамоани сотиб олишди. Ҳозирда «Портсмут» мухлисларга тегишли. Аммо катта футболга қайтиши тўғрисида гапиришга ҳозирча эрта.
«Парма»
Ютуқлари: 3та Италия кубоги, 2та УЕФА кубоги, 1та Кубок эгалари кубоги.
Ҳозир: бешинчи дивизионда.
Буффон, Тьюрам, Кьеза, Креспо, Верон, Каннаваро - қайси клубга мухлислик қилишингиздан қатъий назар, бу номлар ўчмас хотираларни ёдга солиши аниқ. Бахтсиз «Парма» 1999 йили юқорида номи келтирилган футболчилар ёрдамида УЕФА кубогини қўлга киритгач, ўтган йиллар мобайнида икки марта банкротликни бошдан кечирди. 2004 йили ҳомий - Parmalat компанияси инқирозга ют тутганига қарамай, жамоа Италия элитасида қолиш вазифасини уддалади - бунинг учун клуб ва ҳомий номида иккита ҳарфни ўзгартириш кифоя қилди.
Орадан 11 йил ўтгач, тарих яна такрорланди, фақат янада оғир кўрсаткичлар билан. Клуб президенти Томмазо Гирарди молиявий аҳволни бир оз яхшилаш учун клубга харидор ҳам топгандай эди - албаниялик бизнесмен. Бироқ вақт шамолдай ўтар, футболчилар эса ҳамон маош олишмасди. Футбол федерацияси аҳвол ўзгармаса, қатъийроқ чора кўрилишини таъкидлар, Гирарди тансоқчилар ёллаган, албаниялик биснесмен эса ҳужжатларга имзо чекмасди. Охир-оқибат, Резарт Тачи ниҳоят, клубни сотиб олди ва... ўша заҳоти бироз қимматроққа пуллаб қўя қолди. Шу тариқа, бир неча ҳафта ичида «Парма»нинг эгалари сони 5 марта ўзгарди - улардан бири бор-йўғи 3 кун клуб рулида ўтирган бўлса, бошқаси молиявий можаролар туфайли қамоққа олинди. Бу даврга келиб гап футболчилар маошидан бўлган қарзни тўлаш тўғрисидагина бормаётганди - базада электр энергияси ва сувни ҳам ўчириб қўйишганди... Мухлислар керакли миқдордаги маблағни йиғишга ҳаракат қилишар, аммо бунинг уддасидан чиқа олишмасди.
2015 йилнинг июнь ойи охирларида «Парма» фаолиятини тўхтатди ва ўша йилнинг ёзида пармалик майда тадбиркорлар томонидан қайта тикланди. Янги «Парма» ҳозир «D» серияда тўп сурмоқда, аммо муҳими бу эмас, асосийси - шаҳарнинг яна ўз клуби бор. Эндиликда клуб мутасаддилари улкан муваффақиятлар сари молиявий таваккалчиликларга қўл урмаган ҳолда боришни режалаштиришган.
«Фиорентина»
Ютуқлари: 2та скудетто, 6та Италия кубоги, 1та Кубок эгалари кубоги.
Ҳозир: «А» серияда бешинчи ўрин.
Футбол мавзусидаги хотираларни қитиқлайдиган машҳур жамоа: Батистута Италия «А» сериясининг энг кучли тўпурарига айланган, ҳужумда унга бетакрор Руй Кошта кўмаклашган, Франческо Тольдо Италия термаси асосий таркиби учун курашда Буффон билан рақобатлашган... Энг ҳайратланарлиси, сал аввалроқ бу жамоа (Лаудруп, Эффенберг ва Батистута каби юлдузлар борлигига қарамай) олий дивизионни тарк этганди. Бироқ 90-йиллар охирида клуб элитага қайтди ва енгилмасга айланди. Трапаттони раҳбарлигидаги «бинафшалар» чемпионатда 4-ўринни эгаллаб, Чемпионлар Лигасида тўп суришди.
Аммо ноқонуний топилган пуллар Чек Гори оиласини мураккаб аҳволга солиб қўйди, муаммоларни бартараф этиш осон кечмади. Шу тариқа, стандарт тизим ишга солинди: дастлаб етакчиларни сотиш, омадсиз реструктуризация ва сўнгра ташқи бошқарувга ўтиш. 2002 йилнинг июнь ойида суд қарорига кўра, «Фиорентина» фаолиятини тўхтатди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, бизнесмен Андреа Делла Вале клубни қайта тиклади. Эски «Фиорентина»дан фақатгина сардор - Анжело Ди Ливио қолганди, холос. Номини «Флоренция Виола»га ўзгартирган жамоа «буюк қайтиш миссияси»ни «С2» серияда бошлади.
Муваффақиятли трансфер сиёсати ва Италия қуйи лигаларида олиб борилган ислоҳотлар (иккинчи дивизион сезиларли равишда кенгайтирилди)дан кейин «бинафшалар» бир мавсумнинг ўзида икки поғона юқорига кўтарилишди. Шу тариқа, 2003|2004 йиллар мавсумини «В» серияда ўтказишди. Кейинчалик молиявий аҳволини анча яхшилаб олган клуб ҳаттоки, эски номи ва рангини ҳам қайтарди. Яна бир йилдан сўнг «Фиорентина» Италия чемпионати элитаси йўлланмаларини қўлга киритди.
Клуб сўнгги 10 йил давомида бир неча марта ЧЛда иштирок этди. Албатта, таркиб бобида ҳозирги «Фиорентина» аввалгисидан кескин фарқ қилади, бироқ Пауло Соуза жамоасининг келажаги ҳали олдинда.
«Алания»
Ютуқлари: 1та чемпионлик.
Ҳозир: 1-дивизионда.
2000 йилларнинг ўрталари Владикавказ клуби учун ўта оғир кечганди: биринчи дивизионда мустаҳкам ўрнашиб олиш вазифаси бажарилмади, молиявий муаммолар боис футболчиларга бериладиган маошлардан каттагина қарздорлик вужудга келди. Молиявий ҳолат юзасидан ўтказилган текширувларда эса яна бир қатор қонунбузиш ҳолатлари борлиги аниқланди. Клубни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштиришдаги кўзбўямачиликлар, алал-оқибат, Шимолий Осетия ҳакамлик суди томонидан «Алания»нинг профессионаллик мақомидан маҳрум қилинишига олиб келди.
Номини «Спартак»ка ўзгартирган Владикавказ жамоаси барибир, ПФЛ учрашувларида қатнашди. Бир мавсумдан сўнг ўсишга эришди, эски номини қайтарди. Шу тариқа, клуб йиллар давомида премьер-лига ва миллий лига даражасидаги учрашувларда иштирок этди. Аммо 2013 йил кузида кутилмаган ҳол юз берди: маошдаги қарзлар, футбол маъмурларининг санкциялари, янги футболчиларни рўйхатга ўтказиш бўйича қўйилган тақиқ... Ниҳоят, раҳбарият биринчиликда иштирок этмасликни маъқул кўрди. «Алания»нинг қарзи ОАВ маълумотларига кўра, 1 млрд. рублдан ошиб кетганди. Клуб банкрот, деб эълон қилинди. Уч ойдан кейин яна қайтадан ташкил қилинган «Алания» ҳозир 1-лигада қатнашмоқда.
«Боавишта»
Ютуқлари: 1та чемпионлик, 5та Португалия кубоги.
Ҳозир: элитада базўр жон сақлаб қолди
Янги асрнинг илк мавсумида Португалия чемпионлигини қўлга киритиб, шов-шув кўтарган жамоа орадан бир неча йил ўтгач, профессионаллик даражасини сақлаб қолиш учун бор-йўғи 400 минг еврони топа олмади. Тўғрироғи, бу маблағ йиғилди, аммо пуллар ўйинчиларнинг мажбурий суғуртаси каби техник масалалар йўлида сарфланди. Оқибатда, мамлакат биринчилигида қатнашишга клубда пул қолмади.
2009 йили жамоа профессионал мусобақаларда қатнашиш имконидан маҳрум этилди. Бироқ клубни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишди ва «Боавишта» ҳаваскор сифатида турнирларда иштирок этиб юрди. 2014 йили клубга профессионаллик даражаси қайтарилди. Янги мавсумдан примера иштирокчилари сафи иккитага кенгайтирилгани эътиборга олиниб, «Боавишта»га элита йўлланмаси ҳадя этилди.
И.ОБИДОВ тайёрлади