Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Пелени қўриқлаган андижонлик отахон

Баҳо:
+ | -

Андижонлик меҳнат фахрийси Турдиали Тўйчиев ҳикоя қилади:

- Бу воқеа сираям эсимдан чиқмайди, ҳар сафар футбол қироли Пеле ҳақидаги мақолаларни ўқисам, ўша узоқ ўтмишим, навқирон ёшлигим қайтадан янгилангандек бўлади. Ўшанда ҳарбий хизматда эдим. Аниқ эслайман, 1965 йил 15 май, шанба куни эди. Кечки пайт ротамиз командири наряддан бўшаган эллик нафарга яқин аскарни сафга тизиб, шаҳарга, футбол майдонини қўриқлашга боришимизни айтди.

Азов денгизи яқинида бўлган, ҳамиша яшилликка бурканган Мелитополь шаҳрининг маданият ва истироҳат боғидаги футбол майдонига саф тортиб кириб бордик. Бизни томошабинлардан икки метр олдинга ўрнатилган ўриндиқларга жипс қилиб ўтқазишди. Жонли девор ҳосил қилдик. Шу пайт радиокарнайдан Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрининг «Сантос» футбол жамоаси билан уруш йиллари Киевнинг «Динамо» жамоасида тўп сурган фахрий футболчиларнинг ўртоқлик учрашуви эълон қилинди.

Майдонга футболчилар чиқишганда ҳамма ўрнидан туриб, гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Фахрийларнинг олди элликдан ўтган, сочларига оқ оралаган кишилар эди. «Сантос» жамоаси дунё футболининг пешқадами, ўйинчилари эса ниҳоятда куч-ғайратга тўлган йигитлар бўлиб, улар орасида бўй-басти келишган, унчалик қора танли ҳам эмас Пеле ҳамманинг нигоҳини ўзига жалб қиларди.

Бу ўйиндан мақсад - бразилияликларнинг ва умуман Пеленинг футболдаги маҳоратини намойиш қилишдан иборат экан. Фахрийлар эса шунчаки рақиб сифатида, майдонга тушганлар. Ўша ўйинда Пеле 6 марта рақиб дарвозасига тўп урди. Ўйин сўнгида фахрийларнинг ҳурмати учун 11 метрли жарима тўпи белгиланиб, энг кекса фахрий тўпни тўрга туширди. Шу ерда қизиқ воқеа содир бўлди - «Сантос» дарвозабони ўнг томондан келаётган тўпга ташланмай, чап томонига хиёл эгилиб қўйди. Майдон узра қарсаклар, ҳайқириқлар янграб футболчиларни олқишладилар. Ўйин сўнгида Пеле олдинги қатордагиларнинг баъзиларига қўл бериб, баъзиларига миннатдорчилик билан қўл силтаб бутун майдонни айланиб чиқди, томошабинлар эса унга гуллар ирғитишарди.

Ўша йиллардан сўнг Пеле қатнашган футбол ўйинларини имкони борича телевизорда кўришга, радиода эшитишга қизиқиб қолгандим. Шунингдек, футбол қиролининг ҳаётини ҳам ўрганиб боришга ҳаракат қилдим. Матбуотда Пеле тўғрисидаги материалларни тўплаш одатимга айланди.

У 1977 йилда футбол билан хайрлашгач, ишқибозлар орасида турли гап-сўзлар оралаган - футбол қироли билан Круиф ёки Марадона тенглаша олганми, дейишарди. Аслида, Марадона иккинчи Пеле ҳисобланади. Футбол чўққисини эгаллаган Пеле жаҳон чемпионатининг уч карра олтин медалига сазовор бўлган. У йигирма йилдан ортиқроқ футболчилик фаолиятида рақиб дарвозасига 1250та гол урган. Шундай бўлса-да, ватандоши, 1935 йилда фаолиятини тўхтатган Артур Фреденрайга ета олмаган. У 26 йиллик фаолиятида 1329 марта рақиб дарвозасига тўп киритганди. Пеле фақат футболчи эмас, адабиёт ва санъатда ҳам ниҳоятда истеъдодли бўлиб, қалбида ижодий ишларга жўшқинлик кучли эди.

Пеле учта китоб ёзиб, Бразилия маориф ва маданият вазирлигининг олтин медалига сазовор бўлган. Ёшлик чоғлариданоқ шеърлар ёзиб, ўзи куй басталаган ва ижро этган. Жумладан, машҳур қўшиқчи Элис Режина билан дуэтлар ижро этган. Унда артистлик маҳорати ҳам кучли бўлиб, энг машҳур продюсерларнинг фильмларида қатнашган. 1969 йилда Сан-Паулунинг «Экселсиор» телевидениесида намойиш этилган «Ўзгалар» телесериалида профессор Помпеу ролини маҳорат билан ўйнаган.

Америкалик машҳур кинорежиссёр Жон Ҳьюстоннинг фильмларида суратга тушган. Пеленинг номи машҳур киноактёрлар Майкл Кейн, Сильвестр Сталлоне, Макс фон Зюдов қаторида туради. Унинг ижод қирралари ҳақида кўп варақларни тўлдириш мумкин.

Кейинги пайтларда Пеле футбол шарҳловчиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган. У футбол клублари ташкил қилиб, янгидан-янги спортчиларни тарбияламоқда. Пеленинг ўғли Эдсон Шолби ду Насименто отаси изидан бориб «Сантос» жамоасида тўп сурган. Савдо корхоналари реклама ва эълонларида Пеленинг номини кўп қўллашади, бу ўша корхоналарга катта даромад келтириш билан футбол қиролига ҳам фойда олиб келмоқда.

Бразилияда Пеленинг ҳурмати шундай баландки, футболчилар «10» рақамли майкани кийишга ҳам ботина олмайдилар, чунки бу Пеленинг рақами-да.

Турдиали ТЎЙЧИЕВ, меҳнат фахрийси.

Андижондан Элмурод Эрматов, Kun.uz учун тайёрлади

Манба: kun.uz
Киритилди: 14:58, 08.06.2016.
Ўқилди: 11424 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.