Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Азамат Абдураимов: «Тўйим шаҳзодаларникидек ўтган»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоа-сининг собиқ ҳужумчиси Азамат Абдураимов 27 апрель куни ўзининг 50 ёшини нишонлади. Абдураимовлар оиласини футбол аҳлига таништиришнинг ҳожати йўқ. Яқинда Азамат Абдураимов «Ўзбекистон» спорт мажмуасида шоу уюштирди. Шундан сўнг журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

- Азамат, сиз Тошкент зилзиласидан кейиноқ дунёга келгансиз...

- Нима бўлганини айтсам, 26 апрель куни отам жамоа билан базада бўлганлар. Оқшомда Минскнинг «Динамо» жамоасига қарши ўйин ўтказилган. Кечаси ва кун бўйи ер қимирлаган. Эски шаҳар вайронага айланганди. Шунга қарамай, футбол ўйинини бекор қилишмаган. Гарчи шаҳар қайғуга ботган бўлсада стадион мухлислар билан тўлган. Айтишларича, Минск жамоаси футболчиларидан бири ер қимирлаган пайтда ўзини меҳмонхона ойнасидан ташлаган. Натижада оёғи синган. Унинг учун ўйин бошланмаёқ тугаган экан. Ушбу учрашувда «Пахтакор» 1:0 ҳисобида зафар қучган. Онам ўша пайт уйда бўлганлар. Отам қанчалик қайғурмасин, уйга ўйин тугаганидан сўнг соат 22:00ларда келган эканлар. Ўша кеча мен туғилганман. Улғайгач, отам сингари футбол ўйнадим. Укаларим ҳам футболчи бўлишди. Фақатгина Баҳодир футболни якунлаганидан сўнг бизнесни танлади. Жасур эса Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини бошқармоқда.

- Сиз учун отангиз футболда нима берганлар?

- Энг асосийси - менга отамнинг меҳнаткашлиги ўтган. Москвада яшаганимизда унинг қандай машқ қилишини кўрардим. Сокольники паркига мени елкасига миндириб олиб борарди. Кейин шу ҳолатда бир неча километр югурарди. Ёки машғулотлардан сўнг дарвозабонни олиб қолиб, бурчакдан тўпни айлантириб зарба беришни машқ қиларди. Кўпчилик отамнинг бу ишни қойилмақом амалга оширишини билади. Менинг вазифам тўпни тезроқ отамнинг олдига, бурчакка олиб келишдан иборат эди. Албатта, дарвозабон учун ҳам ҳақиқий индивидуал машғулот эди. Отамнинг меҳнаткашлиги «Пахтакор»га голлар ва ғалабалар олиб келган. Сир эмаски, ўша даврлар «Пахтакор»да иқтидорли футболчилар кўп бўлган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ўз истеъдодини тўлалигича намоён қила олмаган. Жумладан, Геннадий Красницкий ҳам бор имкониятидан тўлиқ фойдаланмаган.

- Футболчи бўлаётганингизда отангизнинг қўллашини ҳис қилганмисиз? Шунингдек, машҳур футболчининг фарзанди эканингиз ҳам роль ўйнаганми?

- Албатта. Руҳан биринчи шу жиҳатни ҳис қилардим. Москвада футбол ўйнашни бошлаганимда, аввалига муаммолар бўлмаган. Аксинча, қизиқарли ҳолатлар учраган. Футбол мактабига бир куни Лев Иванович Яшин ташриф буюрди. Унга мени «Бу Биродар Абдураимовнинг ўғли», деб таништиришди. У жуда хурсанд бўлди. Кейин Яшин билан кўп суҳбатлашиб ўтирдик. Тошкентда отам билан бирга палов еганини гапириб берди. Болаликдаги бу дамлар хотирага бир умрга муҳрланиб қолган. 1987 йилги мавсумда «Пахтакор»га ўтдим. Ўшанда отам бош мураббий эдилар. Ана ўшанда қийинчиликлар бошланган. Ҳамма мендан кўп нарса кутарди. Отам билан таққослашганида ҳамиша у устун чиқаверарди. Дастлабки йил энг қийини бўлган. Бутун мавсум давомида атиги иккита гол урганман. Шунингдек, лигалар ўртасидаги фарқни ҳис қилганман. Москвада 2-лига жамоасида ўйнардим. «Пахтакор» эса 1-лига вакили эди. Бундан ташқари, мухлисларга тўла стадионларда ўйнардик. Мен ёш ва тажрибасиз эдим. Албатта, бу ҳолатлар халақит берган. Шу билан бирга, ўйинчи бўлиб етишишимда қўл келган. Отам ҳам тарбиялашни жойига қўйган. Баъзида умуман таркибга киритмасди. Айрим пайтларда эса муваффақиятсиз ўйинларимдан кейин ҳам таркибга киритиб, ўзимни ўнглаб олишимга ёрдам берарди.

- Кейинчалик Романцев бошқарувидаги Москванинг «Спартак»ига йўл олдингиз?

- «Пахтакор»дан кетишимга бош мураббийимиз Фёдор Новиков билан тортишиб қолганим сабаб бўлган. Ишонч билан айтаманки, у ажойиб мутахассис. Мисол учун, «Спартак»да Константин Бесков билан бир неча йил бирга ишлаган. Лекин инсоний фазилатларини мақтаб бўлмасди. Санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Буни унинг жамоаларида ўйнаган футболчилар яхши билишади. Новиков 1990 йили бош мураббий эди. Отам эса жамоа бошлиғи. Новиков озгина хато қилса, лавозимидан айрилишини яхши биларди. Шунингдек, отамга ҳам бир нима деёлмасди. Шу боис ҳам бор заҳрини менга сочган. Ярославлнинг «Шинник» жамоаси билан бўлган ўйиндан сўнг мен ва Андрей Пятницкийни «Спартак»ка таклиф қилишди. Лекин биз ўшанда рад жавобини берганмиз. Чунки «Пахтакор» билан олий лигага чиқишни истагандик. Лекин биринчи даврадан сўнг Новиков билан муносабатларимиз бузилди. Шунда мураббий таркибга киритмаслигини тушундим. Ўшанда Олег Ивановичга қўнғироқ қилиб, «Таклиф ҳали ҳам кучидами?» деб сўрадим. Кейин «Спартак»ка йўл олдим. Агар ўша вазият бўлмаганида, ҳеч қачон «Спартак»да ўйнамаган бўлардим. Бироқ «Пахтакор» билан олий лигага чиқиш истагим ҳам амалга ошмади. Ўша мавсум жамоа элитага йўл олди. Айтганча, Новиков ҳақида яна гапирадиган бўлсам, ўша йили жамоани яна икки нафар кучли футболчи - Мустафо Белялов ва Марат Кабаевлар тарк этишди. Марат Исроилга кўрикдан ўтиш учун борганди. Лекин ортга қайтган. Шундан сўнг Новиков уни жамоага киритмаган.

- Энди хориждаги фаолиятингиз ҳақида гаплашсак...

- 1992 йилнинг қишида ҳеч нарса маълум эмасди. Ўшанда МДҲ чемпионатими ёки Россия чемпионати ўтказиладими, бундан бехабар эдик. «Спартак» машғулотларида қатнашаётгандим. Бир куни Николай Петрович Старостин ўз хонасига чақирди. У ерда бир киши ўтирган экан ва менга ўзбек тилида гапира бошлади. Афтидан, ҳиндларга ўхшарди. Билсам, у Бангладешдан экан. Бизда ўқиган ва рафиқаси ҳам ўзбек экан. Ўша пайт «Муҳаммедан» клуби вакили бўлиб, мен, Борис Кузнецов ва Сергей Новиковларни жамоага таклиф қилди. Биргаликда бориб, шароитлар билан танишгач, ҳолатдан қониққандик. Биринчи шартномам ҳар томонлама яхши бўлган. Ўшанда элчихонада яшардик. Аммо 1994 йили Малайзияда қийинчиликка дуч келганмиз. Мен жамоадаги ягона хорижлик эдим. Денгиз бўйида алоҳида уйда яшардим. Ҳамма шароитлар етарли. Аммо мулоқот қиладиган одам йўқ. У ерга Осиё ўйинлари ғолиби сифатида борганман. Ёшим ҳам 28да эди. Малайзияда уйландим. Тўйимни клуб раҳбарлари шаҳзодаларникидек қилиб ўтказиб беришган.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:56, 16.06.2016.
Ўқилди: 5058 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.