Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Чўнтакда бори...

Баҳо:
+1 | -

АҚШ доллари - $ ва Европа валютаси - € ўртасидаги тафовут ҳақида гап кетганида, ҳозирча биринчисининг имконияти баландлигини айтамиз. Лекин кейинчалик океанорти валютаси ўз тахтини “евро”га бўшатиб бериши борасида ҳам тахминлар янграмоқда. Евроҳудуднинг 19та вакилига тегишли бўлган бу “қоғоз”нинг “доллар” устидан ғалаба қозонишига мен ҳам ишонаман негадир.

Келинг, ўзимизнинг футбол ҳақида гаплашайлик. Ҳозир барчанинг эътибори шу ўйинга қаратилган. Ишда ҳам, кўчада ҳам, уйда ҳам - футбол. Ҳамма бор ишини шу футболга қараб белгиламоқда. Футбол ҳукмронлик қилмоқда. Ҳоживой қизиқ айтганидек, телевизорни ўчириб қўйсангиз ҳам, кимдир тўп тепаётган бўлади, калла қўяётган бўлади.

Бахтли лаҳзаларни қарангки, бу йилги футбол айёми нафақат бир қитъага, балки бошқа томонларга ҳам ёйилиб кетган. Европада ҳам, Жанубий Америкада ҳам қитъа чемпионатлари...

“Копа Америка”нинг жуфт йилда ўтаётганига яхшигина сабаб бор, биласиз: Қитъа футболининг аср тўйи нишонланмоқда. Улар ҳам нима қилишсин, ўтган йилги турнир 99- йилга тўғри келиб қолган бўлса? Унисини ҳам ўтказишди, бунисини ҳам ўтказишмоқда. Лекин айни дақиқаларда ташкилотчиларнинг кайфияти зўр эмас, сезяпсизми? Бунга иккита сабаб бор – бир қатор юлдузларга эга бўлган терма жамоалар мусобақага панжа остидан қарашгани, олимпиада баҳона Бразилия деган юрт умуман эътиборсиз ўйнагани... Энг катта тўсиқ эса, табиийки, Европа чемпионати билан бир хил пайтда ўтаётганидир!
Улар билиб қолишди, кимнинг қаршисига тушиб қолишганини...

Асосан Жанубий Америка вакиллари иштирокида ўтадиган мусобақага бўлган қизиқиш олдингиларига қараганда камайди. Европа чемпионати билан бир вақтда ўтаётгани учун ҳам ТАҚҚОСга имконият пайдо бўлди чамамда. Натижада, кечагина сулув бўлиб кўринган қиз ўзидан анчайин чиройлироқ санам олдида ғарибгина бўлиб қолди.

Хабарингиз бор, бошқа қитъаларда ҳам шундай нуфуздаги чемпионатлар Европа кубогидан қочган ҳолда тоқ йилларга кўчирилган. Кўҳна қитъа баҳсларига рақобат қилишнинг имконияти йўқлигидан, албатта. Ҳозирда икки қитъада ўтаётган ва қайсидир маънода рақобатлашиши керак бўлган турнирлар кўҳна қитъа савиясини кўрсатиб қўйди.

Мозийни эслайлик, келинг! Футбол қироли Пеле дунёни ўзига қаратган пайтлари у иштирок этаётган “Сантос” жамоаси ўйнайдиган куни шаҳар театрлари ишламай турар экан. Театрнинг обрўси анча баланд бўлган даврларда ҳам томошабинларнинг аксари Пеле ўйнаётган баҳсларга кетиб қолаверишган - буни театрдагилар яхши билишган. Ҳатто ўзлари ҳам ўша ерда бўлишган. Театр футбол майдонига вақтинчаликка кўчиб ўтган. Шу боис, бот-бот театр эшигида “Бугун театр бўлмайди. Ҳамма Пеленинг ўйинига кетган!” деб ёзилган қоғозчани ўқиш мумкин эди.

Ҳозир ҳам шунақароқ ҳолат. Театр труппаси эшикларини танбалаб, Франция томон кетиб қолгандек. Шундай жазирамада “Копа Америка” ҳам ўз театрини кўрсатишга уринмоқда. Яхшиямки, у ерда ҳам битта актёр бор. Келаётганлар ҳам, кўраётганлар ҳам, ташкилотчилар ҳам ўша актёрга қараб қолишган. Яхшиямки, Месси бор! Яхшиямки, Аргентина терма жамоаси Уругвай ва Бразилияга ўхшаб гуруҳ баҳсларини кўримсиз ўтказмади экан. Яхшиямки, айнан шу юрт вакилларининг ўйини ва ўтган йилдагидек борган сари очилиб бораётган Чили юлдузларининг ҳаракати бор эканки, шу туфайли “Копа Америка” томоша қилинмоқда. Ва яна яхшиямки, бу икки турнир ўйинлари соати бир-биридан анчайин фарқ қилмоқда. Агар шу ҳам бир пайтга тўғри келиб қолгандами, тамом, кўраверардик-да томошани. Яхшиям...

“Копа Америка”да ярим финалчилар номи маълум бўлди. Ғолиблик учун олдиндан кутилган ва бу йили ҳам бошқаларга қараганда шиддатлироқ ўйнаётган икки юрт вакиллари ўтган йилгига ўхшаб сўнгги ўйинда қатнашсалар керак. Яна. Иш шунга қараб кетяпти. Бироқ, бу томонлардаги театрлар ҳали плей-офф деган бекатга етиб келмасиданоқ даҳшатли кўриниш олди. Олдинлари бу мусобақани “Аргентина ва Бразилиясиз мундиал” дердик, ҳозир “биргина Мессиси йўқ мундиал” деб қўя қолайлик. Бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Даҳшат!

Яна бир ажабланарли ҳолатни айтай. Бошида 24та жамоага кенгайган мусобақани танқид остига олгандик. Эсингизда бор, а? “Гуруҳ баҳслари шиддатли ўтмайди, пешқадамлар пастки жамоалар дарвозасига шаққилатиб беш-олтита гол уриб ташлашади, плей-оффга довур саралаш ўйинлари каби савияси пастроқ баҳслар гувоҳи бўламиз”, деб ўйлагандик. Бекорларнинг беш мингтасини айтган эканмиз. Биринчи ҳамда иккинчи тур ўйинларининг ўзиёқ бу тахминимизни чилпарчин қилиб ташлади. Европа чемпионати қанча каттарса, шунча қўрқинчли бўлиб борар экан, тавба! Агар шунақа бўлса, иштирокчилар сони 32тага кенгайтирилсин-а...

Менинг хаёлимда яна бир ғалати фикр ҳам айланаверади негадир: “Биз шу турнирларни ёмон кўришимиз керак” деган фикр. Ғалати-я? Аммо ҳозир сабабини айтиб берсам, сиз ҳам қўшилишингиз мумкин: Европа чемпионати шу қадар ажиб мусобақаки, бошқа мамлакатлар футболининг муаммоларини ҳам вақтинчаликка беркитиб тура олади. Ҳа-да, бир эслаб кўринг, Евро-2016дан олдин терма жамоамизнинг тайёргарлиги, ўртоқлик ўйинлари борасида қанча гапираётган эдик, ҳозирда ҳамманинг хаёли еврофутбол томон оғиб кетган. Бизни ўзига сеҳрлаб олди Европа.

Оғриқ қолдирувчи уколни қабул қилган бемор вақтинча оғриқдан қолганидек, биз ҳам асл оғриғимизни сезмай турибмиз. Ҳозирча. Лекин биламизки, бу евробаҳслар поёнига етгач, қизиб, етилиб бораётган ярамиз янада азоб беради. Қаттиқроқ оғрийди. Афсуски, у пайтда ҳалиги “дори”дан топилмайди. Ўтиб бўлган бўлади Европа чемпионати. Чўнтагимизни кавласак, на доллар, на евро топилади. Бир почкалик сўмимиз қаршисида қолган бўламиз. Ҳар доимгидек.

Хайрулла ҲАМИДОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 19:55, 24.06.2016.
Ўқилди: 19832 марта.
Фикрлар: 56 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.