Европа чемпионатининг нимчорак финалига келиб энг йирик ҳисоб қайд этилди. Бельгия терма жамоаси Венгрия дарвозасига жавобсиз 4та тўп йўллашга муваффақ бўлди.
Вильмотс шогирдлари маҳорат бобида рақибдан устун экани кўриниб турди. Баҳснинг 10-дақиқасига келиб бельгияликлар ҳисобни очишди. Кевин де Брюйне жаримадан ажойиб узатма берди ҳамда Тоби Алдервейрелд бош билан дарвозани ишғол қилди.
Танаффусга қадар Бельгия катта устунликка эришди. Айниқса, улар ижросидаги қарши ҳужумлар ўта хавфли бўлди. Венгрия посбони Габор Кирай танаффусга қадар 7 марта сэйв намойиш қилишга тўғри келди. Бир вазиятда де Брюйненинг жаримадан йўллаган зарбасидан кейин тўп посбоннинг қўли орқали тўсинга тегиб қайтди.
Иккинчи бўлим бошида можарлар фаол ўйнашга интилишди. Уларнинг айрим зарбаларини Куртуа қайтарган бўлса, айрим вазиятларда ҳужумчиларга аниқлик етишмади. Ўйин тугашига 10-12 дақиқа қолганида Эден Азар барча масалани узил-кесил ҳал қилди. Дастлаб унинг узатмасидан кейин Миши Батшуайи тўпни бўш дарвозага йўллаган бўлса, орадан 2 дақиқа ўтиб "Челси" футболчисининг ўзи 2-3 нафар ҳимоячилар орасидан ўтиб, 16 метрдан дарвозани ишғол қилди.
Ўйиннинг асосий вақти якунланиб, қўшимча дақиқалар бошланган пайтда де Брюйнениг узатмасидан кейин Карраско бирга-бир вазиятга чиқди ва дарвозани ишғол қилди.
Бельгия терма жамоаси чорак финалда Уэльсга қарши майдонга чиқади. Ўйин 1 июль куни бўлиб ўтади.
Евро-2016, нимчорак финал
Венгрия – Бельгия 0:4 (0:1, 0:3)
Голлар: 0:1 – 10 Алдервейрелд, 0:2 – 78 Батшуайи, 0:3 – 79 Азар, 0:4 – 90 Феррейра Карраско.
Венгрия – Кирай, Ланг, Юхас (Беде, 80), Гузмич, Кадар, Надь, Гера (Элек, 46), Ловренчич, Пинтер (Николич, 75), Жужак, Салаи.
Бельгия – Куртуа, Менье, Алдервейрелд, Вермален, Вертонген, Наингголан, Витцель, Мертенс (Феррейра Карраско, 70), де Брюйне, Азар (Феллайни, 81), Лукаку (Батшуайи, 76).
Огоҳлантиришлар: Кадар (34), Ланг (47), Элек (61), Вермален (67), Батшуайи (89), Салаи (90), Феллайни (90).