Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Етти «мўжиза»

Баҳо:
+ | -

Бугунги Еврони ҳамма таҳлил қилмоқда, ҳамма гапирмоқда. Келинг, ўтмишга мурожаат қиламиз.

Шу Еврогача 7та Еврони кузатган эканман, ўйлаб қарасам. Шу турнирлардаги энг муҳим воқеаларини эслаб кўрайин-чи, қандай мақола чиқар экан...

Балким хотираларимиз бир хил чиқиб қолар, а, нима дедингиз?!
 
ЕВРО-88: ВАН БАСТЕН ГОЛИ!

Ақлимни таниб, мириқиб томоша қилган чемпионатим шу. Бу мусобақада кўп ҳодисалар содир бўлган. Дадам ва бир талай дўстлари оқ-қора телевизоримизда жон бериб мухлислик қилишгани - собиқ иттифоқ термасининг ажойиб ўйинлари, Рацнинг суперзарбаси, Лобановскийнинг осонлик билан скуадро адзуррани алдаб қўйгани, эҳҳе, буларнинг сони кўп...

Ҳа, буларнинг ҳаммаси менинг хотирамда биринчи рақамли ҳодиса бўлиб муҳрланарди, агарда Марко ван Бастен финал куни анави голини урмаганида...
Голландиялик ҳужумчининг ўзи ҳам кейинчалик бунақа тўп кирита олмаган. Бу битта бўлган ва келиб-келиб финалда бўлган. Дасаевга урилган. Зўр-а, энг буюк ишни охирги ўйинда қилиш?!

ЕВРО-92: ДАНИЯ ДИНАМИТИ

Бу мусобақада ҳам кўп воқеалар рўй берган. Икки чемпионат орасида бир неча мамлакат парчаланиб кетгани учун янги номларни ҳам кўрганмиз бу турнирда.

Биттаси бор – Югославия дегани, парчаланиб кетдию, ўрнига учинчи ўрин билан саралашнинг омадсизига айланган Данияни чақириб қолишди. Скадинавияликлар мусобақага бир бўшлиқни тўлдириш учун эмас, чемпион бўлиш учун келишган экан.

“Дания динамити” шу қадар қаттиқ портладики, ван бастенлару немисларнинг қулоғи битиб қолай деди.

Бу йилги мусобақа мен учун биргина сўзни муҳрлаб қўйган эди: ДАНИЯ!

ЕВРО-96: ПОБОРСКИЙНИНГ ГОЛИ

Англиядаги мусобақа кўпгина ҳодисларни ўзида жамлаганини биласиз. Германиянинг Англия устидан ғалаба қозонганию, инглизлар рақиб байроғини Лондон кўчаларида ёққанлари, финалдаги олтин бола – Бирхоффнинг олтин голи, Чехия осмонидан порлаб чиққан юлдузлар – буларнинг ҳаммаси катта ҳарфли воқеалар, тан оламан. Бироқ, менинг хотирамда буткул бошқа нарса сақланиб қолган – Поборскийнинг Португалия дарвозасига йўллаган фантастик голи.

Ван Бастеннинг голини қандай эслаб қолган бўлсам, бу голни ҳам худди шундай эслаб қолганман. Сабаби, бундай гол бошқа такрорланмади, на муаллифи томонидан, на бошқа юлдузлар томонидан...

ЕВРО-2000: ШАВЬЕРНИНГ ҚЎЛИ...

Нидерландия ва Бельгия майдонларида ўтказилган мусобақа менга бир аламли ҳолат билан ёдда қолган: Бақувват ҳимоячи Абель Шавьернинг ўйин охирида тўпни қўл билан тўхтатиб қолгани ва бунинг эвазига пенальти белгилангани.

Нима бўпти, дерсиз? Ҳа, у пайтлари қўшиб берилган бўлимларда пенальти берилса ва у аниқ амалга оширилса, тамом, олтин голга айланар ҳамда ўйин тугарди. Ўшанда Зидан гол урган ва гол уришидан олдин Луиш Фигу жаҳл аралаш майдонни тарк этиб кетганди. Ташқи кўриниши оригинал Шавьер ўз ватани тақдирини мана шундай тарзда ҳал қилиб қўйганди...

ЕВРО-2004: МИЛОДДАН ОЛДИНГИ ФУТБОЛ...

Китобларда ўқиганим – милоддан олдинги даврлар қайтиб келгандек эди.

Яхшилаб эслаб кўришга ҳаракат қиламан ва мусобақанинг очилиш ўйинини энг муҳим баҳс деб белгилайман. Ҳа, ҳа, ҳеч ким ўша пайти қандайдир Греция турнир мезбони – Португалияни биринчи ўйиндаёқ енгиб, финалгача етиб боришини тахмин қила олмасди. Аммо бу ҳодиса рўй берган ва финалда ҳам сценарий такрорланган. Греция плей-оффнинг 3та ўйинида бир хил – 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Европани тиз чўктира олди. Бошқа нарсани эслаш бу ерда ноўриндир...

ЕВРО-2008: ТОРРЕСНИНГ УЗУН ОЁҚЛАРИ

Торреснинг финал куни германиялик посбондан ўн сантиметрча олдин тўпга улгуриб келиши тарихни ўзгартириб юборди.

Шу мусобақага довур Испаниянинг ашаддий мухлиси бўлиб келган инсон сифатида айтаманки, “қизил фурия”нинг ўртамиёналигига аллақачон ўрганиб бўлгандим. Торреснинг улгуриб келган оёғи билан бошланган буюк тарих ҳалигача давом этаётганига нима дейсиз энди?!

ЕВРО-2012: КЬЕЛЛИНИ, ОҒАЙНИ, ҚАЁҚҚА???

Финал. Италия ҳамда Испания терма жамоалари ўртасидаги баҳс.
Бу икки футбол юрти биринчи турда ҳам ўзаро ўйнаган эдилар. Жанговар дуранг билан тугаганди ўйин. Шунга асосланган ҳолда, охирги учрашувнинг ҳам шиддатли ўтишига умидвор эдик. Аммо Кьеллини деган ҳимоячининг ўйин бошида жароҳат олиши ўша умидларни чилпарчин қилиб ташлади. Испания эринмай гол уришга киришиб кетди. Менимча, энг зерикарли финаллардан бирига айланди-қолди.
Италияда энг кучли чизиқ ҳимоя, бу чизиқ йигитларининг ўйин бошида чиқиб кетишга ҳақлари йўқдир.

ЕВРО-2016: ?

Йиллар ўтиб, бу турнир ҳақида қайси воқеани ёзар эканмиз, ҳозирдан бир нарса дейиш мушкул. Кўряпсизу, ҳар ўйинда нимадир содир бўляпти. Лекин қандайдир оламшумулроқ воқеа рўй беради, кўнгил сезяпти-да! Ҳозирмас, албатта, сал кейинроқ...

Хайрулла ҲАМИДОВ, "Чемпион+" газетаси

Манба: stadion.uz
Киритилди: 03:50, 28.06.2016.
Ўқилди: 10382 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.