Кечаги тонг. Одамлар ишга шошилаётган бир пайт дунёнинг нариги бурчагида ғалати ҳодиса юз берди. Лео Месси Евро-2016 жуда зерикарли ўтяпти деб ўйлаган чоғи, Америка Кубоги финалидаги пенальтилар сериясида тўпни шартта қийшиқ тепиб қўйди. Қаҳрамонимиз Аргентина билан навбатдаги финални бой бергач, журналистлар олдида термадан кетишини эълон қилди. "Қарорим қатъий, – деди Лео. – Мен терма жамоа билан бирга совринлар қўлга киритиш учун роса ҳаракат қилдим, лекин минг афсуски, бўлмади. Мен жуда керакли бўлган пенальтини ура олмадим, бори шу. Кийиниш хонасида ўйлаб бир қарорга келдим менинг термадаги вақтим якунига етибди. Мен тўртта финални бой бердим. Биз бугун ғалаба учун уриндик, мен ҳам тинмадим... Афсуски, ҳаммаси бекор кетди. Мен кетаман, менимча мана шу барча учун тўғри қарор. Финалдаги мағлубият бизни қониқтирмайди. Мен Аргентина билан чемпион бўлмоқчи эдим, лекин ўҳшамади.".
Ҳиссиётлар жунбушга келиши? Умидсизлик? Ожизлик? Месси қарорини ҳоҳлаганча аташингиз мумкин. Лекин, биз якунда нимага эга бўлганимиз борасида тўҳталаман:
Лионель Месси – Ди Мария, Игуаин, Маскерано ва бошқа суперюлдузлар(яна Дибала сингари бир нечта ёш юлдузлар ҳам бор) билан ўйнаб, доимий тарзда нуфузли мусобақаларни финалига чиқиб, 29 ёшида ҳеч нарса юта олмаётгани учун фаолиятини тугатар экан.
31 ёшли - Криштиану Роналду ўзидан бошқа бирорта топ-футболчи бўлмаган(Пепе, ҳабба) термада ўйнайди. Мусобақаларга жароҳати билан келади, клубдаги фаолияти бўйича таваккал қилади, жамоаси билан ҳеч қандай соврин ютиб олмаслигини билсада Португалияни плей-оффга тортиб олиб чиқади.
Биламиз, Месси даҳо, футбол тарихидаги энг зўр ўйинчи, ва ҳаказо... Лекин, терма жамоадан 29 ёшда кетиш? Ахир у 2018 йилда ҳам энг зўр футболчилардан бири бўлиб қолишини биладику? Ўзи ўйнамаса, Аргентина термасининг бирор нарса ютиб олиш учун имкониятлари ўн маротаба пасайиб кетишини ҳам сезиб туриб-а? Ишқибозлар ва сафдошлари унга умри давомида кинояли қарашларини ҳам билган ҳолда-я? Тўғри, буюк футболчилар ўзидан бошқасини тан олмайдиган такаббур бўлишади, лекин шайтонга ҳай, ҳатто Златан ўзининг ҳеч нарсага арзимайдиган Швециясида 34 ёшгача ўйнади.
Билмадим, балки яқин икки йил ичида Месси фикридан қайтар(ёки уни ҳомийлари мажбур қилиши мумкин) аммо сўнги 15-20 йил давомида бирорта алоҳида футболчи бу даражада ихлосни қайтарадиган иш қилмаган эди. Албатта, Лео ўзининг ватандоши Марадонадан кўра даҳороқ ва самарали ўйин кўрсатади, бироқ Диего Аргентина ва “Наполи” учун якка ўзи барча нарсани ютиб берганди, Лео эса худди мактабдаги ўсмир сингари, ўйиндаги тўпни қўлига олиб, аразлаб кетиб қолмоқчи.
Тасаввур қилинг, 2080 йил. Ўзга сайёраликлар билан Ерни обрўсини сақлаб қолиш учун ўтказиладиган ўйин. Ерликларга барча даврлардаги футболчиларнинг фаолиятини энг чўққига чиққан пайтидаги ҳолати бўйича таркиб тузиш имконияти берилган. Месси, Марадона, Роналду, Зидан, Пеле, Кройфф, Яшин, Жо Аллен, Сако ва яна йигирматага яқин афсонавий футболчилардан иборат терма йиғилади. Ҳўш, сардор ким бўлади? Энг ишончли ўйинчи ким?
Ҳа, жуда қийин танлов. Лекин, кечаги ўйиндан сўнг улар орасидан бир футболчи сардор этиб танланмаслиги аниқ. Аниқ, жудаям аниқ...
Месси ҳали ишқибозлар ва ўз юрти ҳурмати учун терма сафида ўйнаши керак. У ҳозиргача термада Марадона сингари қўмондон эмас оддий аскар ролини бажариб келди, лекин унинг айни етилган пайти. Сиз нима дейсиз?...
Элмурод ЭРМАТОВ тайёрлади