Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Одил Аҳмедов бизнинг Гарет Бэйлми?

Баҳо:
+ | -

Европа чемпионати гуруҳ босқичи доирасида Уэльс ва Россия терма жамоалари ўртасида кечган учрашувдан сўнг Гарет Бэйлнинг обрўcи мухлислар наздида жуда ошиб кетди. Бир зумда унинг Криштиану Роналдудан устун жойларини топганлар ва «Олтин тўп»га асосий даъвогарлар сафига қўшиб қўйганлар ҳам пайдо бўлди. Бу фикрларда дарҳақиқат, жон бор. Роналду жамоаси фақат дуранг ўйнади, холос. Айниқса, Австрияга қарши кечган ўйин (0:0) Роналдунинг обрўйини тушириб юборди. Бу баҳсда Криштиану гол ура олмади ва танқидлар ёмғири остида қолиб кетди.

Бэйлнинг ишлари эса жойида. Унинг жамоаси фақат Англияга енгилди ва Россия ҳамда Словакияни мағлубиятга учратиб, биринчи ўрин билан нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Аммо ҳатто инглизлардан мағлубиятга учралган ўйинда ҳам Гаретга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Чунки у Англия дарвозасига гол урди ва гуруҳдаги қолган учрашувларда ҳам рақиб дарвозаларини ишғол қилиб, ўз номини тарих саҳифаларига ёзиб қўйишга муваффақ бўлди. Шундай экан, ҳозирги кеча-кундузда Бэйл дарҳақиқат Роналдудан кучлироқдек кўринмоқда.


Аммо биласизми, футболнинг асл мухлислари ўйинчиларнинг шахсий натижаларидан ҳам кўра улар намойиш этаётган ўйин ва интилишга кўпроқ эътибор қаратадилар. Айнан шу масалада Бэйл ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас, боиси у намойиш этаётган ўйинни ҳамма кўриб турибди. Эътиборли томони, Роналду ҳақида ҳар қанча танқидлар янграмасин, унинг ўйинига ҳам эътироз билдириш жуда қийин. Масалан, ҳатто Австрияга қарши кечган баҳсда ҳам Криштиану майдонга борини ташлаб чиқди. Умуман, Европа чемпионати бир жиҳати билан ҳар доим гўзал бўлиб келган: унда ҳар бир футболчи ўз имкониятларидан максимал тарзда фойдаланишга ҳаракат қилади. У хоҳ Ибрагимович бўлсин ёки Эден Азар - уларнинг ҳаммаси ўз термаси учун ҳар бир ўйинда минг бора ўлиб-тириладилар. Шу сабабли ҳам Европада юлдузлар жуда кўп. Шу сабабли ҳам Европа чемпионати жуда шиддатли ўтади ва аксар ҳолларда ҳатто мағлубиятга учраган жамоа ҳам баланд кўтарилган бош билан мусобақани тарк этади.

Энди шу ўринда таъбир жоиз бўлса бир ўхшатиш қилишга изн берсангиз - ўзимизнинг футболчилар ҳам ҳар доим бошларини баланд кўтариб юра оладиларми?

Ўзбек футболида ҳали шу вақтга қадар дунё даражасидаги юлдуз етишиб чиқмаган. Энг мақтаган футболчимиз ҳам нари борса Осиё ёки Россия чемпионати даражасида қолиб кетган. Аммо барибир, тан олиш лозим, улар ўзимиз учун юлдуз бўлиб қолаверадилар. Европа бир вақтлари «Реал» ва «Ньюкасл» дарвозасига гол урган Максим Шацкихни аллақачон унутиб юборган, аммо биз учун у мудом афсона бўлиб қолаверади. Шунингдек, Одил Аҳмедов ҳам инглизлар наздида Англия премьер-лигаси даражасидаги футболчи бўлмаслиги мумкин. Бироқ биз Одилнинг Ла-лигада ҳам ўйнаб кета олишига ишонамиз. Унинг Россия чемпионатидаги ҳар бир ютуғини ўзимизники каби қабул қиламиз ва хурсанд бўламиз.

Аммо ҳамма гап шундаки, бу футболчилар биз учун ҳар қанча суюкли бўлмасинлар, Ўзбекистон терма жамоаси учун борларини бериб юборишларини айтишга барибир, ийманамиз. Максим Шацких фаолиятининг энг гуллаган даврида термадан кўра Киевнинг «Динамо»сини устун қўйганини кўп гапирганмиз. Энг керакли лаҳзаларда «иситмаси» кўтарилиб кетганини ҳам таассуф билан эслаймиз. Одил Аҳмедов ҳақида эса бундай фикр билдириш, юмшоқ қилиб айтганда инсофсизлик бўлар эди. Чунки у ҳар доим терма йиғинига етиб келган. Аммо барибир, тан олайлик, Одилнинг «Краснодар»даги ва терма жамоадаги ўйини бир-биридан фарқ қилади. Сабаби, Аҳмедов ҳар доим ҳам энг керак лаҳзаларда масъулиятни ўз зиммасига олавермайди. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2014 учун ўтказилган саралаш мусобақасининг сўнгги босқичида Ливанга қарши кечган сафар ўйинида Одил Аҳмедовда гол уриш учун жуда қулай имконият юзага келган эди. Бироқ ўша вазиятда ўйин тақдирини ҳал қилиш учун футболчига нимадир етишмай қолганди. Ўша «нимадир» нима эканини биз билмаймиз. Билганимиз - Одил Аҳмедов терма жамоанинг энг иқтидорли футболчиси бўлгани ҳолда уни елкасида кўтариб, мундиалга олиб чиқа олмади.

Бэйл эса уддалади. Уэльс билан нафақат Европа чемпионатига чиқди, балки гуруҳ босқичидан ҳам шараф билан ўта олди. Албатта, Одил Аҳмедов ва Гарет Бэйлни ўзаро таққослаш унчалик тўғри иш эмасдир, аммо бир нарсани инобатга олинг, Бэйл Уэльс учун қандай аҳамият касб этса, Одилнинг Ўзбекистон футболи учун тутган мавқеи асло кам эмас. Улар ўртасидаги фарқ эса яна шу билан ҳам ўлчанадики, Бэйл тарихда кузатилмаган ишни бажара олди ва жамоасини ҳамон ортидан эргаштиришда давом этмоқда. Одил Аҳмедов эса бирор йиғинга келмай қолса ҳам унинг ўрнини ёпадиган ўйинчилар топилади. Аслида эса, майдондаги етакчилик жиҳатидан Одилга етадигани бўлмаслиги керак эди...

Футбол шундай ўйинки, унда етакчиларга ҳар доим эҳтиёж сезилади. Оддий мисол, ўзимизнинг «Обод»ни олиб қарайлик. Бир қарашда жамоа ёмон эмас, ҳар ҳолда ҳаракат қилмоқда. Аммо боши мағлубиятдан чиққани йўқ. Биласизми нима учун? Чунки жамоада яққол ажралиб турадиган етакчи йўқ. Ҳамма аравани ўз ҳолича тортади. Ўзбекистон терма жамоасида узоқ йиллар давомида Сервер Жепаров бу ишни уддалашга ҳаракат қилиб келди. Бироқ тан олайлик, Сервер Осиёнинг энг яхши футболчиси сифатида ҳар қанча тан олинмасин, унинг шахсий маҳорати барибир, чегаралангандай.

Одилда эса бир етакчига керак бўладиган барча жиҳатлар бор. Фақат бир истисно, унинг ўзи шуни исташи керак. Қачонки у Сурия ёки Қатар каби жамоаларга қарши кечадиган ўйинларда жароҳат олиб қолишдан қўрқмасдан, борини ташлаб чиқиш учун майдонга тушса, ўшандагина ҳақиқий етакчига айланади. Унгача эса... Унгача эса, мундиални фақат орзу қилиб туришимизга тўғри келади.

АБДУЛЛОҲ

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 04:13, 30.06.2016.
Ўқилди: 12480 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.