Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Альберто Жилардино 200та гол марраси томон

Баҳо:
+ | -

Палермонинг чин қаҳрамони  Альберто Жилардино кейинги мавсум ҳам Сицилия­да ўйнашни хоҳлаётганини сира яширмаяпти. Зеро, унинг оиласи шаҳарга яхшигина мослашиб олди. Аммо фахрий ҳужумчи аввало, клубда ўз хизматларига дарҳақиқат, эҳтиёж сезаётганларига ишонч ҳосил қилмоқчи. Айтиш жоиз, «Палермо» якунланган мавсум «А» сериясида зўрға «жон» сақлаб қолди - «Верона»га қарши уй учрашувида 3:2 ҳисобида ғалаба қозонгани эвазига. Шу муҳим ўйинда голлардан бири 33 ёшли ҳужумчи номига ёзилди. Умуман олганда, Альберто чемпионатни яхшигина статистик кўрсаткич билан якунлади - 33та ўйинда 10та гол. Эътиборлиси, Жилардино охирги 5та турда «Верона»дан ташқари, «Кьево» ва «Фрозиноне» жамоалари дарвозасига ҳам йўл топиб, «Палермо»нинг қийин кўринган вазифа уддасидан чиқиб, элит лигада қолишига катта ҳисса қўшди.   Хуллас, фахрий ҳужумчи La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида энг эсда қоларли голларини эслаш баробарида Сицилияда қолиш ниятини такрор таъкидлади ва фаолиятига боғлиқ режаларини баён этди.

- «А» сериясида урган голларингиз сони 188тага етди ва бу кўрсаткич бўйича Алессандро дель Пьеро ҳамда Жузеппе Синьорига тенглашиб олдингиз. Эндиги мақсад нима?

- Аввалига 200та гол маррасини забт этишим керак, кейин 205-голни кўзлайман, шу тариқа  Роберто Баджо ва Антонио ди Наталедан ўзиб кетишни хоҳлайман. Айни пайт ди Натале ҳисобида 209та гол бор ва у Италия чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 6-қаторда боряпти. Ўйлайманки, асдойдил уринсам, голларим сонини 200 ва балки 210дан ҳам ошира оламан.

- Ҳозирнинг ўзида бир ажойиб натижа соҳибисиз. Яъни «А» серияси доирасидаги ўйинларда нақ 39та жамоа дарвозасига гол ургансиз ва бундай статистика бош-қа бировга насиб этган эмас.

- Муваффақиятларим сири оддий: чин юракдан ишлаш, янги ғояларни излаб, уларни ўрганишга интилиш ва доимо ўйинга максимал даражада эътиборли бўлиш, қизиқиш. Дейлик, ўз голларимни тез-тез эслайман ва улар менга ўзгача иштиёқ бағишлайди. Хусусан, «Милан» сафида ЧЛ ярим финал ўйинида «МЮ» дарвозасини ишғол қилганман, «Фиорентина» либосида «Ливерпул»ни жазолаганман. Шунингдек, «Палермо»да «Фрозиноне» дарвозасига йўллаган тўпим ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хуллас, шу голларни хотирамдан ўтказсам, иштиёқим ўз-ўзидан барқ уради.

- Шахсий фикрингизни билиш қизиқ: Евро-2016да Италия терма жамоасига наф бера олармидингиз?

- Антонио Конте бошқача танловда тўхтади. Фақат бир нарсани айтишим мумкин, мураббий «Торино»дан Андреа Белоттини чақириши керак эди. Зеро, у дарҳақиқат, кучли.

- Июль ойида Италия термасининг Германиядаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонганига 10 йил тўлади.

- Ўша мундиал лаҳзалари муҳрланган фотосуратларни титкаласам, ҳанузгача этим жимирлаб кетади, ғалати туйғуларни ҳис этаман. Чунончи, тарихий зафаримиз кейинчалик фаолиятимга катта таъсир ўтказди.

- Маурицио Зампарини жамоасида ўйнаш осон эмас. Тахминингизча, навбатдаги мавсум қандай ўтади?

- Шартнома бўйича жамоада яна 2 йил қолишим керак. Палермода ўзимни яхши ҳис этяпман, шароитлар ва шаҳар оиламга ҳам маъқул. Аслида охирги мавсумда салоҳиятимга шубҳа билан қарашди, аммо бир зумга бўлсин, қўл кўтарганим йўқ. Демоқчиманки, кейинги қадамни ташлашдан олдин турли факторларни инобатга олишимиз даркор. Ҳа, ўзимга қолса, «Палермо»дан ҳеч қаерга кетмайман. Аммо аввало, жамоада менинг хизматларимга эҳтиёжлари бор ёки йўқлигини билишим зарур. Бошқача айтганда, агар «Палермо»да қолсам, унда асосий ўйинчилардан бири бўлишим шарт.

- Кўринишидан, жамоа дарвозабони Стефано Соррентино «Кьево»га ўтишни маъқул кўради, чоғи. Демак, «Палермо» навбатдаги мавсум нафақат у, балки яна Франко Васкес хизматидан ҳам фойдаланолмайди?

- Франко қойилмақом йигит, унга кейинги фаолиятида омад тилайман. Стефанога келсак, кузатаверайликчи, нима бўларкин? Умуман, охирги мавсум ҳақиқий спорт мўъжизасини кўрсатдикки, бунинг барча йигитларга ижобий таъсир қилишига ишонаман. Ахир биз финишга 1,5 ой вақт қолганида деярли умид узиб улгургандик ва жамоамизнинг кучлилар қаторида қолишига биров ишонмаганди. Лекин қисқа вақтда бор эътиборни бир жойга жамлаб, оғир вазифани бажардик. Ўйлайманки, бундай жасорат изсиз кетмайди ва сафимизда келаси мавсум ҳам катта саҳнага чиқадиган футболчилар топилади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:21, 30.06.2016.
Ўқилди: 5059 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.