Англия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси ва АҚШнинг «Интер Майами» клуби ҳамэгаси Дэвид Бекхэм Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти лавозимини эгаллаши мумкин. Бу ҳақда Sky Sports нашри хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА), Шимолий, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) ҳамда Германия футбол иттифоқи (DFB) иштирокида иттифоқ тузиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Ушбу иттифоқнинг асосий мақсади жаҳон футболи амалдаги раҳбари Жанни Инфантинонинг истеъфосига эришиш бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, 51 ёшли Бекхэм мазкур коалиция томонидан Инфантинонинг эҳтимолий вориси сифатида кўриб чиқилаётган асосий номзодлардан бири ҳисобланади. Нашр манбаларининг фикрича, англиялик собиқ футболчининг бутун дунёга машҳурлиги, обрў-эътибори ва АҚШда футбол лойиҳаларини ривожлантириш борасидаги муваффақиятли тажрибаси жаҳон футбол ҳамжамиятини бирлаштиришга ёрдам бериши мумкин.
Бироқ ушбу режани амалга ошириш камида икки сабабга кўра мураккаб кўринмоқда. Биринчидан, Инфантино 2016 йилнинг февралидан буён ФИФАга раҳбарлик қилиб келмоқда. У 2025 йилнинг март ойида муқобил номзодсиз қайта сайланган ва унинг ваколат муддати 2027 йилгача давом этади. Шу боис уни юқори даражадаги ташаббус билан истеъфога чиқариш учун қонуний механизм талаб этилади.
Иккинчидан, Бекхэм жамоатчилик орасида Инфантинонинг энг яқин футболчи дўстларидан бири сифатида танилган. Уларни кўп йиллик алоқалар боғлаб туради. Шунингдек, англиялик собиқ футболчи ФИФА ҳомийлигида ўтказилган тадбирларда бир неча бор иштирок этган.













