Кириш Регистрация
17/10 00:00 Депортиво 1-1 Леванте
17/10 16:30 Эвертон 0-2 Челси
17/10 17:00 Эспаньол 0-1 Атлетико
17/10 18:00 Локомотив 0-0 Насаф
17/10 18:00 Венеция 1-0 Наполи
17/10 19:00 Динамо 1-2 Бухоро
17/10 19:00 Навбаҳор 1-1 Пахтакор
17/10 19:00 Фулхэм 1-0 Халл Сити
17/10 19:00 Брентфорд 1-2 Ливерпуль
17/10 19:00 Манчестер Сити 3-2 Ипсвич
17/10 19:15 Вильярреал 0-0 Эльче
17/10 21:00 Болонья 1-3 Интер
17/10 21:30 Бетис 2-5 Барселона
17/10 21:30 Ньюкасл 0-1 Астон Вилла
17/10 23:45 Рома 2-0 Женоа
18/10 00:00 Валенсия 0-0 Атлетик Бильбао

Суперлига. «Навбаҳор» пенальтидан гол ура олмаган ҳолда сўнгги дақиқаларда «Пахтакор»дан очко тортиб олди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридан ўрин олган марказий учрашувда “Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашди. Намангандаги “Марказий” стадионида кечган баҳсда меҳмонлар биринчи бўлимда ҳисобни очишган бўлса, наманганликлар ўйин якунига яқин мувозанатни тиклашди.

Мамлакат олий лигасини ҳеч қачон тарк этмаган икки жамоа ўртасидаги учрашув юқори суръатда бошланди. Дастлабки дақиқаларданоқ ташаббусни қўлга олишга интилган “Навбаҳор” бир қатор хавфли ҳужумларни ташкил этди. 2-дақиқада Ҳусайн Норчаев рақиб жарима майдонига ёриб киришга уринди, бироқ ҳимоячилар унга зарба бериш имконини қолдиришмади.

6-дақиқада Русланбек Жияновга нисбатан қоида бузилиши натижасида белгиланган жарима зарбасидан кейин наманганликлар бир неча бор рақиб дарвозасига зарба йўллашди. Бироқ “Пахтакор” ҳимоячилари вазиятни бартараф этишга муваффақ бўлишди. Орадан кўп ўтмай, “Навбаҳор” яна бир хавфли ҳужум уюштирди, аммо якуний зарбада аниқлик етишмади.

Биринчи бўлимнинг ўрталарида меҳмонлар ҳам ҳужумга ўтишди. 18-дақиқада Чинедунинг айланма зарбаси ноаниқ кетди. 31-дақиқада эса унинг узатмасидан кейин Достонбек Ҳамдамов бош билан дарвозага зарба берди, аммо тўп нишонга бормади.

36-дақиқада “Навбаҳор” рақиб дарвозаси олдида яна хавфли вазият яратди. Владимир Назаров жамоасини голдан қутқарди. Бироқ биринчи бўлим якунига яқин “Пахтакор” ҳисобни очишга эришди. 43-дақиқада бурчак тўпидан кейин Зайд Таҳсин бош билан аниқ зарба йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди — 0:1.

Иккинчи бўлимни фаол бошлаган “Навбаҳор” ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланди. 52-дақиқада Шоҳрухбек Абдураҳмоновга нисбатан жарима майдонида қоида бузилгани учун мезбонлар пенальти ишлаб олишди. Вазият VAR орқали ҳам текширилди ва ҳакам дастлабки қарорини ўз кучида қолдирди. Бироқ Русланбек Жияновнинг пенальтидан йўллаган зарбасини Владимир Назаров қайтариб, “Пахтакор”ни муқаррар голдан қутқарди.

60-дақиқада Диёрбек Холматовнинг ажойиб узатмасидан кейин Ҳусайн Норчаев ва Шоҳрухбек Абдураҳмонов вазиятни гол билан якунлай олишмади. Кейинги дақиқаларда ҳам “Навбаҳор” ҳужумларни давом эттирди. 73-дақиқада Холматовнинг узоқ масофадан йўллаган зарбасини Назаров қийинчилик билан қайтарди. 79-дақиқада Жасурбек Жалолиддиновнинг зарбаси эса аниқ чиқмади.

“Навбаҳор”нинг босими 84-дақиқада ўз самарасини берди. Мезбонларнинг навбатдаги ҳужумини Муҳаммадқодир Ҳамралиев аниқ зарба билан якунлаб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1.

Қолган дақиқаларда наманганликлар ғалаба голини уриш учун яна бир неча бор олдинга ташланишди. Бироқ “Пахтакор” ҳимояси бардош берди ва учрашув дуранг билан якунланди.

Шу тариқа, “Навбаҳор” пенальтидан фойдалана олмаганига қарамай, ўйин якунига яқин муҳим голни уриб, мағлубиятдан қутулиб қолди. “Пахтакор” эса учрашувнинг катта қисмида ҳисобда олдинда борган бўлса-да, ғалабани сақлаб қола олмади.

“Навбаҳор” — “Пахтакор” — 1:1
Голлар: Зайд Таҳсин (43) — Муҳаммадқодир Ҳамралиев (84).
Ноаниқ пенальти: Русланбек Жиянов (55, дарвозабон қайтарди)

Маълумот учун: учрашувни “Марказий” стадионида 22 751 нафар мухлис томоша қилди. Бу жорий мавсумдаги ташриф буюрувчилар сони бўйича рекорд бўлди.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 20:59, 17.10.2026.
Ўқилди: 1184 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик