Мадриднинг “Реал” жамоаси ЕЧЛ ғолиби бўлганида, кўпчилик қироллик клубининг бу муваффақиятини у қадар ишонч билан нишонламаганди. Чунки, қаймоқранглилар нариги томондан келган “Атлетико” кимсан – Барса” ва “Бавария”ларни тиз чўктириб ташриф айлаган бир пайтда, финалга қадар ўзидан анча заиф рақибларни енгиб келган, лоақал ярим финалда ҳам жиддий рақибга қаршилик қилмаганди. Танқидчиларнинг гапида жон бор эса-да, у ердаги асосий масала қуръада эди. Қуръанинг кўзлари гоҳида шунақа кўппа-кўр чиқиб қолиши мумкин, деб жимгина тарқалган эдик. Европа чемпионати эса, бошиданоқ, ўша ЕЧЛда рўй берган ишга эшик очиб бергандек туюлди менга...
Олдинги сонларимиздан бирида Қаҳрамон Асланов билан ушбу чемпионатнинг бу йилги формати хусусида тортишган эдик. Ўшанда вазиятдан узоқ ҳолда бўлсам ҳам, 24 талик вариантни қоралаб чиққандим. Бу формат кўҳна қитъа чемпионати савиясига путур етказади, деб ёзгандим. Кейин эса, гуруҳ баҳсларининг биринчи ҳамда иккинчи тур ўйинларида рақибларнинг тенг курашлари остида кечган курашларни кўриб, хато қилганимни англаб етдим. Учинчи турдан сўнг, олдинги фикримга қайтиб қолдим. Яна.
Йўқ, гап бу ерда савиянинг йўқолганида ҳам эмас. 24талик формат 3-ўринлар билан юзага келадиган чувалаш ҳолатни келтириб чиқарганида. Биласизки, олдинги Евро ўйинларида 16та жамоа қатнашар, жамоалар 4та гуруҳга бўлинишар, гуруҳлардан биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаганлар кейинги босқичга чиқишар, бунда ҳеч қандай муаммо кузатилмасди. Ҳар қайси терма жамоа мусобақа бошиданоқ фақатгина шу икки ўрин учун курашиш зарурлигини уққан ҳолда ўйнашарди.
Ҳозир нима бўлди? Учинчи ўринни олиб-да кейинги босқичга чиқишини англаган жамоалар гуруҳ баҳсларида қандай ўйнаганликларини кўрдингиз. Ёмон томони, охирги гуруҳларда ўйнайдиган терма жамоалар бир кун олдин якунланган гуруҳлар жадвалига қараб ҳаракат қилишди. Ташкилотчилар учинчи тур ўйинларини параллел равишда ўтказишдан мақсадлари бировнинг натижаси бошқасига таъсир ўтказмасликда бўлса, ҳамма гуруҳларнинг ўйинларини бир вақтга белгилашлари тўғри эмасмиди? Шундагина адолатли кўриниш олмасмиди мусобақа?
Ҳай, бу ҳам майли. Энди 3-ўриндаги чувалашлик бошқа муаммони ҳам келтириб чиқарганини плей-офф жуфтликлари маълум бўлгач сезиб қолдик: “Кучли бешлик”нинг ҳаммаси бир томонда, умрида чемпион бўлмаган жамоалар бир томонда. Италия, Испания, Германия, Франция ва Англия бир-бири билан қирпичоқ бўлиб финалга биттагинаси етиб келармиш-да, бу томонда Уэльсу Польшаларни чорак финал ҳам у қадар чўчитмасмиш. Ғалати-я?!
Ҳа, балки бу интрига учун кимгадир яхшидир. Кимдир шу бечоралардан бирортаси финалга қадар етиб келишини истар. Лекин кучи бошқалардан яққол ажралиб турадиган кучлиларнинг бир-бирларини қай суратда ейишаётганини қандай қилиб жимгина кузатишимиз мумкин? Мен ҳозирданоқ аниқ айта оламанки, финалда ким ўйнаса ҳам, Италия – Испания, Испания – Германия ёки Франция – Англия ва ана қўшиб қўя қолайлик – Франция/Англия – Германия/Испания ўйинларидан кучли бўлмайди. Уэльснинг чемпион бўлишини истаётганларга бу гапим ёқмас, лекин бу ҳолатлар турнир савиясига яхшигина таъсир ўтказади.
Қаранг, плей-офф ўйинлари нимчорак финалдан бошланди. Нимчорак финал дегани 16та жамоа. Олдинги Евролар ҳам шу 16та билан бошланган. Бироқ, тақвимдаги тўғри тақсимот туфайли, чорак финалда бутунлай бошқача жуфтликлар гувоҳи бўлганмиз. Кўринишидан ўхшаш бўлса-да, аслида адолатсизликка йўл очиб берилгани яққол кўриниб турибди-ку.
Иккита ўйинга алоҳида тўхталиб ўтай. Плей-оффни бошлаб берган Швейцария – Польша ҳамда Уэльс – Шимолий Ирландия. Мана шу жуфтликларни шахсан мен саралаш босқичида ҳам у қадар катта қизиқиш билан кўрмаган бўлардим. Бу юрт вакилларига ҳурматимни сақлаган ҳолда айтаманки, ҳозирча бу диёр вакиллари иштирокидаги баҳслар кулминацион нуқталарни тақдим эта олмайди. Бу ҳам майли, бу жамоалар ўз гуруҳларида яхши ўйнаган бўлишларига қарамай, чорак финал масаласини ҳал қилишгани ва саккизта жамоа қатнашадиган босқичда ўзларига қарши яна ўзларига ўхшаш рақибларни кўришлари кишининг асабини ўйнайди. Нариги томонда Испания Италия қаршилигини зўр-базўр синдириб чиққач-да, Германияга тўқнаш келиб турган бир пайтда...
Адолатсизликлар давом этади. Нима бўлган тақдирда ҳам ўйинларни кузатамиз. Ҳикмат қидиришга ўрган феълимдан келиб чиқиб айтаманки, недир хайрли якун топарман балки. Бошқа нима ҳам дея олардим...
Хайрулла ҲАМИДОВ, “Чемпион+” газетаси