Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Чегара билмас чан ёхуд эркаклар жамоасини чемпионликка етаклаган аёл

Баҳо:
+ | -

Мудом «кучсиз жинс вакиллари» сифатида тилга олинадиган аёллар аслида, ҳатто футболда ҳам ўз сўзларини айтишга қодирлар. Бугун эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақолада 27 ёшли аёл мутахассиснинг эркаклар клубидаги муваффақияти ҳақида ҳикоя қилинади.

Бутун дунё футбол ихлосмандлари «Лестер»нинг Англияда чемпион бўлганига қойил қолиб, ҳайратланаётган бир вақтда Осиёда ҳам ундан қолишмайдиган мўъжизавий воқеалар рўй бермоқда. Хусусан, апрель ойида «Истэрн» клуби Гонконг премьер-лигасида муваффақиятга эришди. Бу жамоа сўнгги бор чемпион бўлганидан бери 21 йил ўтди. Лекин муҳими - бу эмас. Гап шундаки, «Истэрн»ни премьер-лигадаги узоқ кутилган ғалабага Моуриньо ёки Гвардиола даражасидаги топ-мураббий эмас, 27 ёшли аёл киши - Чан Юн Тин етаклаб келди. «Бўлиши мумкин эмас» дейсизми?! Ҳа-ҳа, худди шундай - Чан Юн Тин «Истэрн»нинг амалдаги бош мураббийи ҳисобланади. Боз устига, чемпионатнинг олтин медаллари қабул қилиб олинганидан уч-тўрт кун ўтгач, ёш мураббий яна бир совринни қўлга киритди. Яъни, у профессионал эркаклар жамоасини бошқариб, расмий чемпионликка олиб келган илк аёл мутахассис сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилди.

- Бунақа бўлади деб сира ўйламагандим, — дейди камтарлик билан Чан. - Боз устига, мен суратга олишларига, интервьюларга ва видеокамераларга ўрганмаганман. Бундай эътиборни яхши ҳам, ёмон ҳам дея олмайман. Шунчаки, зиммамдаги вазифани бажаришни истайман ва уринишларим ижобий самара келтириб, менга нисбатан диққат-эътибор кучайса, буни оддий ҳол сифатида қабул қиламан. Каминага уқтиришларича, менинг тарихим - кўпчилик аёллар учун намуна бўла олар экан. ОАВ эса худди шу масалада жонбозлик кўрсатяпти.

Чиндан ҳам, Чан эришган натижа таҳсинга лойиқ. Зеро, шу пайтгача эркаклар футболида аёллар деярли кўзга ташланмасдилар. Тўғри, 2014 йили Франция чемпионатининг иккинчи дивизиони вакили «Клермон Фут» клубида Хелена Коста иш бошлади. Лекин унинг фаолияти атиги 49 кун давом этди, холос. Хеленанинг сўзларига кўра, ишдан кетишига бош сабаб - унга нисбатан жиддий бўлмаган муомала ва унинг ортидан иш юритишлари бўлган. Жамоа президенти Клод Мишининг футболга ўз қарашлари мавжуд эди. «У - аёл. Шундай экан, жамоада футболчиларнинг ўзига бўлган ишончини кучайтира олади». Шу гапларни айтган Клод Хеленанинг ўрнига бошқа бир аёл - Коринн Диакрани янги мураббий сифатида таништирганди.

Ўзимизнинг қаҳрамонга қайтамиз: шуниси аниқки, Чан Юн Тиннинг муваффақияти катта режалар билан яшаётган, аммо уларни амалга ошишига ишона олмаётган бошқа аёлларга қўл келади. «Балки мен ана шундай хотин-қизлар учун намуна бўла оларман, — дейди у. - Лекин бу энг аввало, муҳитнинг маданиятига боғлиқ. Масалан, Гонконгд а эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуққа эга. Ҳеч ким ҳеч кимни ортиқча камситмайди. Мен - ёш мутахассисман ва клуб севимли машғулотим билан шуғулланиш учун имконият яратиб берди».

Бу воқеа, яъни Тиннинг клуб бош мураббийи этиб тайинланиши ўтган йилнинг декабрида содир бўлган. Ўшанда «Истэрн» бош мураббийи кўпроқ пул таклиф қилган Хитой клубларидан бирига ишга ўтиб кетгани учун жамоа устозсиз қолиб кетган, мураббийлар штабида эса ОФК томонидан бериладиган лизенцияга эга фақат Чан қолган эди, холос. Шу тариқа, клуб раҳбарлари олдида аёл бўлса ҳам, уни бош мураббий этиб тайинлашдан бош­қа илож қолмади. Боз устига, гарчи Чан эндигина 27 ёшга тўлган бўлса-да, Гонконгнинг элит футболида иш бошлаганига 6 йилдан ошганди.

Аслида, Чан футбол эмас, бошқа бир соҳада, масалан, кўпчилик тенгдошлари қатори, ўқитувчи бўлиб ишлаши ҳам мумкин эди. Унинг ота-онаси ҳам худди шуни орзу қилишарди. Аммо миллионлар ўйинига бўлган меҳр барибир, кучлилик қилиб, Чан спортдан, аниқроғи, футболдан узоқлашолмади. Аксига олгандек, Гонконгда аёллар футбол лигаси йўқ. Шунинг учун Чан фаолиятининг бошида, яъни 2010 йили «Пегасус»га келганида, шунчаки, видеотаҳлилчи сифатида иш бошлади. Орадан беш йил ўтгач, у тақдир тақозоси билан «Истэрн»га келиб қолди ва тез орада бош мураббий ўрнини эгаллаши унинг ҳам, бошқаларнинг ҳам етти ухлаб тушига кирмаганди.

- Аввалига таклифга розилик берганим учун роса афсусландим. Чунки қарорни қабул қилиб бўлганимдан сўнг мени даҳшат босди. Ўзимни Гоконгнинг энг яхши клубларидан бирини бошқара оладиган даражада, деб ўйлай олмасдим. Шубҳасиз, бу борада тажрибам ҳам йўқ эди. Бироқ клуб, унинг ходимлари ва раҳбарлари каминани тинмай қўллаб-қувватлаб, зарур маслаҳатларни бериб туришди. Ана шундан кейингина ўзимга бўлган ишонч бироз қайтди. Аммо барибир, асабларим жо­йида эмасди.

Мана шундай воқеалар ва ҳиссиётлар билан Чан илк расмий ўйинни ўтказиб олди. Эътиборлиси, ўша биринчи учрашувда Чаннинг шогирдлари рақибни 6:1 ҳисобида ер тишлатишди. Кейинги учрашувда эса «Истэрн»нинг чемпионатдаги энг жиддий рақибларидан бири - «Саут Чайна» ҳам мағлуб этилди.

Шундай бўлса-да, Чан ҳар гал муваффақиятларнинг бош сабабчиси сифатида «Истэрн»нинг собиқ устози Юн Чин Квонгни эътироф этади: «У жамоага ўзининг услубини олиб кирди. Биз эндиликда ҳар бир футболчимизнинг кучли ва кучсиз томонларини яхши биламиз. Ўтган мавсум ўрталарида биз ўзимиз иштирок этган ўйинларни чуқур таҳлил қилиб чиқдик. Шунда мен жамоамиз ҳимоясига эътиборни кучайтириш лозимлигини тушуниб етдим. Зеро, ўшангача яхши натижаларга эришиш учун йигитларимизга барқарорлик етишмаётган эди».

Лекин биргина ҳимояни кучайтириш билан муаммолардан қутулиб бўлармиди?! Айниқса, сен бошқараётган жамоа - топ-клублардан бири бўлса (Гонконг миқёсида, албатта)... «Бизга қарши ўйинда аксарият жамоалар ўз дарвозалари олдига «автобус» қўйиб олишади. Табиийки, бундай ҳимояни ёриб ўтиш - машаққатли иш ва мазкур муаммодан халос бўлиш учун ҳужумларимиздаги ранг-барангликни таъминлашимиз лозим эди».

Бу эса иш берди. Чемпионлик унвони 22 апрелдаги «Саут Чайна»га қарши 2:1 ҳисобидаги ғалабали ўйин­дан кейин Чан ва унинг шогирдларига насиб этди. «Учрашув якунланганидан сўнг ғалати ҳиссиётлар оғушида қолдим. Орзумиз амалга ошганди. Ҳамма менга яқинлашиб, жилмаяр, табриклаб, бир нималарни сўзларди. Мен эса ҳатто уларга жавоб қайтаришга ҳам ожиз эдим. Лекин очиғини айтишим керак, чемпионлик - ажойиб бўлар экан!». Шундай қилиб, аёл киши бошқарган эркаклар жамоасининг чемпионликка эришгани аввал Гонконгда, кейин Хитойда ва шундан сўнг бутун дунё бўйлаб овоза бўлиб кетди.

«Тўғрисини айтсам, унинг муваффақияти мени ажаблантирмади, - дейди Австралия терма жамоасининг собиқ ўйинчиси, ФИФА ижроя қўмитаси аъзоси Моя Додд. - Аёллар ҳам мураббий сифатида бемалол ишлашлари мумкин, фақат уларга имконият берилса, бас».

Бошқача айтганда, Доддни биргина омил - Чанга ўша имконият яратиб берилгани кутилмаган воқеликдек туюлди. «Ишончим комилки, Чаннинг ютуғини дунёдаги жуда кўп аёл мураббийлар қувонч билан кутиб олишди. Зеро, ҳозирги кунда футболдаги маблағларнинг 99 фоизи айланаётган эркаклар футболида аёлларга шундай ишонч билдириш - ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу худди, Катта Каньон дарасида йўқолиб қолишдек гап». Хуллас, Моя Додд хотин-қиз мураббийларни нафақат аёллар, балки эркаклар футболида ҳам кўриш тарафдори.

Чанга ҳозирнинг ўзидаёқ Испания Сегундасининг номи ошкор қилинганмаган бир клубидан таклиф келиб тушди. Бироқ у билан узоқ вақтлар кутилган чемпионликка эришган «Истэрн» янги мавсумда ОФК кубоги баҳсларида қатнашиш учун йўлланма олди ва табиийки, бу Чан ва унинг жамоаси учун янги чорлов бўлади.

Лекин унда кейинчалик иш жойини алмаштириш режаси ҳам йўқ эмас: «Гонконгда, эркаклар футболида ишимни давом эттираман. Лекин қачонлардир каминани бирор-бир мамлакат аёллар терма жамоасига таклиф қилишса, бу таклифга «лаббай» деб жавоб берган бўлардим». Ҳаммаси юзага келадиган имкониятларга боғлиқ. Ўзимни АҚШ, Буюк Британия ва Европанинг аксарият давлатларида синаб кўрган бўлардим. Чунки мен ўсишни, янги-янги билимларни ўзлаштиришни истайман. Чунончи, ҳали мен ўрганишим керак бўлган жиҳатлар анчагина...»

Football.ua - А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:27, 02.07.2016.
Ўқилди: 6684 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.