Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Терма жамоа чиқитми?»

Баҳо:
+ | -

Евро-2016 мусобақасида плей-оффнинг иккинчи кунидан сўнг ёзяпман бу мақолани. Ниҳоят “кучли бешлик” жой олган томондагиларнинг баҳсини ҳам кузатдик. Гуруҳ баҳсларидан фарқли равишда, бу босқичда катта саҳнага футболчилардан кўра мураббийларнинг чиқишига ўрганганмиз. Хўш, ростан ҳам кутганларимиз ўзини оқлаяптими?

Аввало, бугунги замонавий футболда терма жамоага бўлган муносабатни белгилаб олайлик. Афсуски, бу борада клублар яққол ўзиб кетишган. Дунёнинг энг сара ва етук мутахассислари номдор клубларда фаолият олиб боришмоқда. АПЛга келаётган мураббийларни ҳамма кутяпти. АПЛ даражасини осмонларга кўтаришга қурби етадиган мутахассислар...

Илгарилари тескари ҳолат гувоҳи бўлардик: катта мураббийлар терма жамоаларда ишлашарди. Уларнинг ардоғи, ҳурмати терма жамоа билан ўлчанарди. Липпи, Лобановский, Сколари, Хицфельдлар асри тугагандек чамамда. Футбол федерацияларининг ғазнаси пуллар оғушида яшаётган суперклубларга бардош бера олмай қолди.

Икки мураббийни мисол келтираман. Иккисининг ёши ҳар хил. Йўллари ҳам.
Биринчиси – ёш мураббий, Италия терма жамоасини бошқараётган Антонио Конте. У Турин суперклубини оёққа турғазди. “Юве”нинг нурли ўтмишини яна қайтарди. Дарҳол Италия терма жамоасига жалб этишди.

Бу тўғри қарор эди, зеро, ҳозирги скуадро адзурра авлодлар алмашинувини, жиддий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Янгиланган терма жамоани оёққа турғазиш вазифаси клубда худди шу ишни амалга оширган инсонга топширилишини ҳамма олқишлади.  Конте бу вазифани уддалади: Скуадро адзурра Европа чемпионатини ажойиб руҳда бошлади ва дарҳол муваққат ўртамиёналикдан ўз ўрнига қайтди. Терма жамоага жалб этилган мураббий бу ҳолатда Италияда узоқ йил фаолият олиб бориши зарурмасмиди? Зарур эди. Олдинлари у Италияда узоқ йилга қоларди. Ҳозир-чи? Пул ўлсин. Клублар ўлсин. Италиялик мутахассис Лондан сари йўл олади. У энди “Челси”ни гуллатиши керак. Юлдузлар тўпланган маскан унинг онгини ўғрилади.

Иккинчи мисолим – Испания терма жамоаси бошқарувидаги Висенте Дель Боске. Қария. У мамлакатда энг зўр мураббий бўлгани учун терма жамоада юрибди, дейишга шошилманг. 66 ёшли мутахассис салоҳияти билан бугунги кунда суперклублар қизиқишмаяпти, сабаб – шу, холос. Испания футбол федерацияси қариядан сўнг терма жамоага кўпчиликка таниш бўлмаган мутахассисни қўймоқчилигини ҳам эшитгандирсиз, демак, ўша қоида давом этади – “суперклублардан ортганини оламиз”.

Ҳа, Висентенинг ҳозирги кунда терма жамоа бошқарувида юришига кучлилиги эмас, балки қарилиги, клуб фаолияти тугаганлиги сабабдир. Унга шараф келтирган натижалар эса, истасак-истамасак, юлдузларнинг боисидан бўлган. “Барселона” деган ёввойи жамоанинг олтин даврига тўғри келиб қолганди у. Мана шу Дель Боскенинг энг катта ютуғи эди.  Ўша машҳур услуб бўйича йигитларни майдонга қўйиб юбориш кифоя қилганди унга.

Ишонаверинг, терма жамоаларнинг обрўси клублардан анча тушиб кетди. Шунинг учун бўлса керак, ЕЧЛ баҳсларидан сўнг, бирданига Европа чемпионатини кузатар эканмиз, жамоаларнинг тактикаларида деярли янгилик кўрмаяпмиз. Биргина Венгриянинг “ромб услуби”да амалга ошираётган ҳужумларини ҳисобга олмаганда. Қолганлариники ўзгаришсиз чизмалар.

Янгича қарашлар, изланишлар асосан номдор бўлмаган терма жамоалар иштирокида кузатилмоқда, холос. Кучли юрт вакиллари асосан индивидуал маҳорат эвазига ютуқлар келтиришмоқда. Ҳа, номдор юлдузларни ўйнатиш осон иш эмас. Эътибор беринг-да, жуда кўп мураббийлар суперклублардан ташриф айлаган юлдузларни клубдаги позициясида ўйнатишмоқда. Бу ҳам импровизация йўқлигидан, мураббийлик салоҳияти бу ўйинчиларга мос эмаслигидан далолатдир.

Энди эътироз билдиринг: Польшанинг ғалабаси-чи, Уэльс устози-чи, деб... Бу ерда бутунлай бошқа сабаблар яширинган.

Биринчидан, Польша ҳамда Швейцария ўйинида икки мураббий ҳам эҳтиёткорлик режимини “ёқиб олгани” асабни ўйнади. Бу ўйин бир-бирига тенг савиядаги рақиблар баҳси эди. Бунга қўшиламан. Бироқ, иккала мураббий ҳам нари борса биз билган ҳолат бўйича ҳаракат қилишди. Рақибни ўрганиб, уни қопқонга туширишдан кўра, рақибдан қўрқув ҳиссини намойиш этишди кўпроқ. Шунинг учун ҳам, ўйин жуда кўпчилик тахмин қилган натижа билан тугади. Яхшиям Шақири бор эканки, зерикарли ва тактик камбағал ўйинга ўзининг суперголи билан файз улашди. Пенальтилар сериясида эса, катта саҳнага руҳият чиқади. Айнан мана шу руҳият босқичида мураббийнинг кўрсатмалари асқотгандир. Аммо у ҳам асосан йигитларнинг устунлиги ва рақибнинг ноаниқ зарбаси сабабидан...

Уэльсда ҳам мураббийнинг қандайдир тактикаси эмас, Бэйлнинг маҳорати ўйин масаласини ҳал қилди. Португалияда ҳам мураббийнинг кўрсатмаси эҳтимол ҳимояга қурилгандир, аммо сўнгги сониялардаги гол сабаби, аниқроғи айбдори Хорватия эди. Хорватлар пенальтилар сериясидан чўчиб кетишди, чоғи, ўйин охирида гол уриб, ўйинга нуқта қўймоқчи бўлишди. Бундан унумли фойдаланган Португалия ғалабага эришди. Бу ерда мураббийнинг топилмаси бор, деб ўйламайман.

Терма жамоалар тизимида биргина қойил қоладиганим – ҳамон Германия! Бўлди. Бу мамлакатда мураббийлар узоқ йиллар давомида мунтазам занжир бўлиб ишлаб келишади. Мураббий терма жамоани шакллантириб, кейин натижаларга кўмиб ташлагачгина, чиқиш эшиклари кўрсатилади. Акс ҳолда, ишлайверади. Миллат жамоасининг қадри бу масканда клублар обрўсидан баландроқ туради. Словакия билан ўйинни кўрдингиз, ортиқча гап-сўзнинг ҳожати бўлмаса керак. Яхшиям немислар бор, “терма жамоада мураббий бўлиш шарафдир!” деган шиорни ҳаётга татбиқ қилиб туришибди. Уларнинг чемпион бўлишларини адолатдан деб биляпман. Фикр-да бу ҳам...

Хайрулла Ҳамидов. “Чемпион+” газетаси

Манба: stadion.uz
Киритилди: 13:44, 03.07.2016.
Ўқилди: 10183 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.