Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Буффондан ўтган миланлик «ёввойи»

Баҳо:
+ | -

Яқинда Жанлуиджи Буффон ажойиб натижага эришди: тажрибали голкипер «Ювентус»  дарвозасини 16 соату 14 дақиқа ҳеч ким забт этолмаслигини таъминлади. Оқибатда, миланлик Себастьян Росси бундан 22 йил аввал ўрнатган 929 дақиқа дарвозани «қуруқ» сақлаганлик рекорди йўққа чиқди. Ҳар икки футболчи майдонда кўп марта тўқнаш келганликлари аниқ ва эҳтимол, ҳамкасби эришган ютуқ билан айнан Росси уни биринчилардан бўлиб табриклаган бўлса не ажаб.

Себастьян Россининг номи ўтган асрнинг 90-йилларида футбол ишқибозлари тилидан тушмасди. Ахир «Милан» дарвозабони нафақат «қуруқ» сериялар бобида, балки Чемпионлар Лигасидаги ғалаба, уч скудетто, қитъалараро кубокни қўлга киритгани ва Европа суперкубоги ҳамда Италиянинг 3 суперкубоги каби «майда-чуйда» муваффақиятларга ҳам эришганди-да. Миланнинг қизил ва қора ишқибозлари ўз суюклиларини қўйгани жой топишолмас, уни клуб тарихидаги энг кучли голкипер сифатида эъзозлашарди. Кўплаб дарвозабонлар билан ишлаган Фабио Капелло ҳам доимо Росси ҳақида илиқ фикр билдирарди. Матбуот бўлса Себастьянни ёқтирмас, қарийб 2 метрлик «гигант» бор-йўқлигига эътибор қаратмаган мамлакат терма жамоаси мураббийлари ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин эди. Сўнгги йилларда ўз даврининг юлдузи бўлган Росси тўғрисида салбий фикр айтадиганлар қаторига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам қўшилишди.

Бўйдор, мускулдор ва узун қўлли бўлган Себастьян Россининг жисмоний жиҳатлари сирасига яна у ўта серҳаракат бўлганлигини ҳам қўшиш мумкин. У 16 ёшгача баскетбол билан муваффақиятли шуғулланди, асосан ҳужумда ўйнаб, катта ютуқларга эришди ҳам. Масалан, Себастьян МБА марказий ҳужумчиси услубида тўпни юқоридан сеткага аниқ йўллай биларди. Табиат Россини реакция бобида ҳам хафа қилмаганди. Аммо унинг биргина камчилиги бўлиб, бармоқлари доим ҳам унга «қулоқ солмасди».  Оқибатда, Росси энг керакли пайтларда тўпни йўқотиб қўярди ва айнан шу камчилик баскетболни Себастьяндай юлдуздан мосуво айлади. Тўғри, у волейбол ҳам ўйнаши мумкин эди, аммо унинг қадрдон шаҳрида спортнинг бу тури бўйича секция йўқ эди. Натижада, Росси футболни танлади. Агар Себастьян майдонда ҳимоячи ёки марказий ўйинчи ўрнида ўйнаганида ҳам муаммолар бўлмасди, бироқ у дарвозадан ўрин эгаллади. Бу ерда эса худди баскетболдаги каби тўп билан дўстлашиш даркор бўларди. Аммо Себастьян  таваккал қилди ва «Чезена» клуби дарвозабони сифатида майдонда пайдо бўлди.

Ёшгина голкипер дарвозадаги ўрнини эгаллаган дастлабки йиллари у бошқа ҳамкасблари каби тўпни ушлаб олиш ёки майдон ташқарисига чиқариб юбориш ўрнига дастлаб уни уриб юборар ва шундан кейингина ушлаб олишга интиларди. Бу клуб мураббийларидан тортиб футболчиларни «қутуртириб» юборди, ахир Росси тўхтатган тўпга улар қоровулчилик қилишга мажбур бўлардилар-да. Шунга қарамай, Себастьян жамоани кўп маротаба қутқариб қолди ва бу билан «Чезена»нинг 1-рақами айнан унга тегишли эканини исботлай билди.

Айнан шундай кунларнинг бирида Арриго Саккидан қўнғироқ бўлиб қолди. Қайта тикланиб, «А» серияси ва 2 бор чемпионлар кубогини қўлга киритган «Милан»га 2-рақамли дарвозабон зарур бўлиб қолганди. Саккининг фикрича, бу ролга Росси жуда мос эди - жуда ёш ва қари ҳам эмас - 26 ёшда, жисмоний тайёргарлиги ҳам талаб даражасида. Тўпни иккинчи уринишда эгаллаб олиши эса катта муаммо бўлмайди, ахир у кўпроқ захирада қолади-ку. Ўшанда жаҳон чемпиони Жованни Галли нарсаларини йиғиштириб, «Наполи»га - Диего Марадона билан бир жамоада ўйнаш учун - кетиб қолишини ким ҳам ўйлабди дейсиз.  Галлининг жамоани тарк этиши Арриго Саккини хафа қилмади, десак нотўғри бўлар, аммо бу ҳол унчалик узоқ давом этмагани аниқ. Маълум вақт бу ўринда Андреа Паццальини ўйнатиб кўриш мумкин эди, бу жойга захира ҳам тайёр - Росси. «Милан» академиясида ҳам 2 мегаталант вояга етмоқда - икки Франческо - Антониоли ва Тольдо, буларга қўшимча сифатида миланлик собиқ portiero Фабио Кудичинининг ўғли Карлони ҳам ёддан чиқармаслик керак-ку. Бунинг устига, Мауро Тассотти, Франко Барези, Алессандро Костакурта, Паоло Мальдинидай кучли ҳимояга эга бўлган клуб дарвозасини хоҳлаган Пиноккио ҳам қўриқлай олади-да.

1991-91 йиллар мавсумида «Милан» «Сампдория»дан кейин 2-бўлди. Клуб дарвозасини асосан Паццальи қўриқлади, Росси ҳам 9 бор майдонда кўриниш берди. Ёзда «Милан»да мураббий ўзгарди - Сакки миллий термага кўтарилди, унинг ўрнини бўлса яқин ўтмишда «Ювентус», «Милан» клублари ва Италия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган собиқ ярим ҳимоячи Фабио Капелло эгаллади. Янги мураббий ва ниҳоят, клуб дарвозасини Антониолига ишониб топшириши кутилганди, аммо майдонга Франческонинг ўрнига новча, соқоллари олинмаган ва ғижим кийимдаги шахс тушди. Капеллонинг бу қарори итальян матбуотини карахт аҳволга солиб қўйганди.

- Адриано Челентано ажойиб қўшиқчилигига гап бўлиши мумкин эмас, аммо уни фақат шунинг учунгина «Ла Скала»га тушириш шартмикин, - деб ёзган эди «Милан»ни таниқли опера театри, Россини эса машҳур артист, шунингдек, «Интер» мухлиси эканлигига шаъма қиларкан газеталардан бири.

«Ювентус» билан ўйиндан сўнг ҳам Фабио Капелло эшитмаган гап қолмади: ўшанда туринликлар миланлик дарвозабон хатосидан сўнг учрашув бошидаёқ ҳисобни очишганди. Дарвоза ёнидан ўтиб кетаётган тўпни нима учундир ушлаб олишга уринган Себастьяннинг ҳаракати шу даражада уқувсиз чиқдики, алал-оқибат тўпни эгаллаб олган Пьерлуиджи Казираги уни тўрга аниқ йўллади. «Россонерлар»нинг бахтига Массимо Каррерининг автоголи туфайли «Милан» ўшанда мағлубиятдан қутилиб қолди, аксинча бўлганида дарвозабонни «еб қўйишлари» аниқ эди. Шунга қарамай, танқидларга қулоқ осмаган Капелло дарвозага Россини қўйишда давом этди. Себастьяно эса ўйиндан ўйинга очилиб борарди. Тўғри, мураббий Антониолига ҳам имкон берди. Аммо ёш голкипернинг доим баҳсга катта ҳаяжон билан тушиши, тўпни Россига нисбатан ишончли тарзда ушлаб олса-да, тез-тез хатога йўл қўйиши сўнгги ҳимоядаги ўрин кимга тегишли эканини аниқлаштириб берди. Энг муҳими, Россининг тўпга чиқишдаги хатолари камайиб, «Милан» юлдузлари билан ўзаро тушуниши эса ортиб борди. Дарвозадаги ўрни мустаҳкамлигига ишонган Себастьян ҳимоячиларни бошқарди, улар эса ўз навбатида голкипернинг нозик жиҳатидан хабардор бўлгани ҳолда ундан ёрдамларини аяшмасди.

- Мен бу йигитлар Италия термаси ўйинчилари эканини, ўзим эса яқинда ҳам камтарингина «Чезене» дарвозасини қўриқлаганимни билардим. Аммо ўшанда ҳаммамиз ягона мақсад йўлида ишлардик, демак биз тенг эдик. Машғулотларда астойдил тер тўкдик, ўзаро кўникдик, - деб эслайди Себастьян.

Росси дарвозабон сифатида юлдузга айланмаган бўлса-да, ўсишда давом этарди - тўпни кўпроқ ушлаб ола бошлади, уриб юборишга тўғри келганида эса жамоадошлари қаерда турганлигини аниқ биларди.

Журналистлар учун эса Себастьян «Милан» таркибидаги бегона жисм» бўлиб қолаверди. Айнан ўшанда унга нисбатан Barbaro - ёввойи деган лақаб ишлатилди. Дастлаб Росси ва унинг мухлисларига камситишдай туюлган бу номга улар кейинчалик шу даражада ўрганиб кетишдики, ҳатто ўзлари ҳам бу атамани жон деб ишлата бошлашди. Фабио Капелло ҳам Росси масаласидаги танловида адашмаганлигини майдонга бошқа дарвозабонларни тушириш орқали исботлаб борди. Антониоли билан бирга Марио Йельпо, Массимо Таиби ва Анжело Паготтолар ўзларига бўлган ишончни оқлашолмади.

- «Милан»нинг ҳимояси энг кучли, биз кам тўп ўтказяпмиз. Нима учун мен дарвозабондан норози бўлишим керак? Тўғри, Россига нисбатан маълум норозиликларим бўлиши мумкин, аммо бундай фикрлар бошқа чизиқдаги футболчиларга нисбатан ҳам йўқ эмас. Аммо уларни мен иш давомида ҳал қиляпман ва асло кенг жамоатчиликни бу масалага жалб қилмоқчи эмасман, - деди Капелло 1993 йили «Милан» яна чемпионликни қўлга киритганидан сўнг.

Орадан бир йил ўтгач, АҚШда жаҳон чемпионати давом этаётган паллада «россонерлар» бош мураббийи Италия термаси раҳбари Арриго Саккини Россини бош жамоага жалб қилмаганликда айблади. Бу Пальюки норвегияликлар билан бўлган баҳсда майдондан чиқариб юборилганда юз берди.

1993-94 йиллар мавсуми - навбатдаги мундиал арафаси Себастьян карьерасида чиндан ҳам ўта омадли кечганди. «Милан» қаторасига учинчи марта скудеттони қўлга киритди, Чемпионлар Лигаси финалида «Барселона»ни «майдалаб» ташлади. Росси чемпионатнинг 31 учрашувида бор-йўғи 15та тўп ўтказиб юборган ҳолда, «қуруқ» баҳслар бўйича ўз рекордига эришди. ЧЛнинг ўн баҳсида рақиблар фақат 2 бор миланликлар дарвозасини аниқ нишонга ола билишди, холос.

- Қачонлардир Италия терма жамоасига чақирув кутардим. У ерда рақобат жуда катталигини ҳам тушунардим, аммо ҳеч бўлмаса биргина йирик мусобақада иштирок этиш орзусида эдим. Кейинроқ тақдир мени бу бахтдан айро қилганини тушундим, - деб эслайди Себастьяно.

90-йиллар бошидаги ўша «Милан» алал-оқибат ҳалокатга маҳкум этилди. Матбуот Сильвио Берлусконини Капелло жамоаси зерикарли ўйнаётганига ишонтирди. Фабио 1995-95 йиллар мавсумида клубдан кетди, аммо йўқ бўлиб қолмади: Мадриднинг «Реал»ига кўтарилиш ва жамоани яна чемпион бўлишга, Чемпионлар Лигасидаги зафарга пойдевор қўйишга ёрдам берди. Уругвайлик Оскар Вашингтон қўл остидаги «Милан» эса тез кунларда «чўкди». Ҳатто Капеллонинг қайтарилиши ҳам ҳеч нарсани ўзгартиролмади. Фабио ўз жамоасини таниёлмасди. Бир қарашда жамоа ҳам, футболчилар ҳам ўша, аммо клуб 10-ўринда. Фақатгина Росси сингари саноқли футболчиларгина мураббийнинг танқидидан йироқ эдилар.

Себастьян Росси шундан кейин ҳам «Милан»даги вазифасини аъло даражада уддалади. Аммо афсонавий ҳимоячилар ва Себастьяннинг ўйини йиллар ўтгани сари пасайиб борди. Шунга қарамай, фақат 1999 йилга борибгина 34 ёшли Росси ўз ўрнини «Милан»нинг ёш тарбияланувчиси Кристан Абьяттига бўшатиб берди. Воқеа шундай бўлганди: «Перуджа»га қарши ўйинда Росси дарвозасига пенальти белгиланганида миланликлар 2:0 ҳисобида олдинда боришарди. Хидетоси Накатанинг зарбаси аниқ бўлди, бошқа перуджалик Кристиан Буки бўлса хурсандчилиги ичига сиғмай тўпни яна бир бор дарвозага йўллади ва айнан унинг бу ҳаракати Россининг асабларини издан чиқариб юборди. Себастьяннинг зарбасидан Буки аранг оёқда қолди. Оқибатда, дарвозабон қизил карточка олиб, бир эмас, нақ 5 ўйинга дисквалификация қилинди. Бу давр мобайнида ёш Абьятти клубнинг 1-рақамли  дарвозабони сифатида ном чиқаришга ва чемпионликни қўлга киритишга улгурди. Шу тариқа ёши ўтиб бораётган Росси ихтиёрий равишда 2-планга ўтди, аммо Абьяттини алмаштиришга доимо шай турди. Жамоа бразилиялик Дидуни харид қилганидан сўнг эса, «Милан»га бошқа керак эмаслигини тушунди. Шундан сўнг, у 1 йил «Перуджа»да фаолият кўрсатди ва 38 ёшида футболдаги карьерасига нуқта қўйди.

«Милан»даги 12 мавсуми давомида Себастьян 12та соврин эгасига айланди ва фақатгина 1990 йилдаги Европа суперкубоги ва қитъалараро кубокни захира дарвозабон сифатида қўлга киритди. Бошқа барча мукофотларга эса жамоа айнан унинг иштироки билан эришди. Қачонлардир катта клуб учун яроқсиз ҳисобланган дарвозабоннинг номи «Милан» шон-шараф музейидан ўрин олди. Россининг ўзи эса узоқ вақт ёш голкиперларлар билан машғулотлар ўтказди.

2014 йил августида Себастьян Россининг номи яна ОАВларда пайдо бўлди, аммо бу нашрлар спорт газеталари эмасди. Италия оммавий ахборот воситаларида кокаин моддасини асрашда гумон қилинган ва қўлларига кишан солинган кишининг сурати пайдо бўлди. Бу наркодиллер «Милан»нинг собиқ дарвозабони Себастьян Росси эди. Италиянинг 5 карра чемпиони қамоққа ташланмади, аммо ҳисобга олинди.

Нима бўлганида ҳам, ғаройиб жамоада ҳайратланарли йўлни босиб ўтган Себастьян Росси хотирамизда футбол дарвозабони ва ажойиб инсон сифатида қолади.

Илёсбек тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:24, 03.07.2016.
Ўқилди: 10519 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.