Кириш Регистрация
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус 2-2 Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Жаъфар Ирисметов:«Термамизга осон бўлмайди»

Баҳо:
+ | -

Мавсумлар оралиғида Тошкентнинг «Обод» жамоаси мураббийлар штабига таклиф этилган Жаъфар Ирисметов маълум муддат ўтганидан сўнг клуб билан хайрлашди. Ўша пайт уни БААда ташкил этилган хориж йиғинига ҳам олиб кетишмади. Эътиборлиси, клуб раҳбарияти Ирисметовни жа-моага бош мураббий сифатида таклиф этганди. Лекин у мураббий лавозимида биронта расмий ўйинда жамоасини майдонга бошлаб тушгани йўқ. Бундай ҳолатлар футболимизда тез-тез учраб туради. Шундай экан, бу шов-шув кўтарадиган даражадаги янгилик эмас. Яқинда биз Жаъфар Ирисметов билан учрашиб, ундан интервью олдик.

- Жаъфар ака, «Обод» жамоаси мураббийлар штабида иш бошлаган чоғингизда сиз билан суҳбатлашгандик. Лекин олий лига дебю-тантлари бошқарувида кўп вақт қолмадингиз. Бунинг сабаби нимада?

- Очиғи, ўша таклиф бўлган пайт уни хурсандчилик билан қабул қилгандим. Ҳар ҳолда, Тошкентда, оилам ёнида ишлардим. Дастлаб келган пайтим клубда қилинадиган ишлар жуда кўп эканига гувоҳ бўлдим. Жамоа олий лигада илк маротаба иштирок этарди. Лекин кейин маълум сабаблар кўра, клубни тарк этишга мажбур бўлдим. Бу ҳақда тўхталишни истамайман. Икки йил аввал «NBU-Осиё»да ишладим. Орада бир йил катта футболдан йироқда бўлишга тўғри келди.

- Футболчилик фаолиятингизда ҳужум чизиғида тўп сургансиз. Айнан «Обод»да ўйнаётган Шоҳруз Норхонов бугунги кунда кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб қилиб улгурди. Ташқи кўринишидан Неймарга ўхшаб кетадиган бу футболчи ҳақида қандай фикрдасиз?

- Адашмасам, ҳозир у олий лигада 5та гол уришга эришди. Кубок баҳсларида ҳам рақиб жамоалар дарвозасини ишғол қилди. Жуда иқтидорли ҳужумчи. Ҳақиқатан ташқи кўринишидан Неймарнинг худди ўзи. Уни жамоадагилар ҳам бразилиялик футболчининг номи билан чақиришади. Ўз навбатида, ўйин услубида ўхшашликлар бор. Яқин келажакда Шоҳрузни терма жамоамизга таклиф этишса, бундан сира ажабланмайман.

- Ҳужумчилар масаласи нафақат клубларимиз, балки бутун ўзбек футболининг бугунги кундаги катта муаммоларидан бири ҳисобланади. Тажрибали форвард сифатида бунинг асл сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Менимча, ҳар битта жамоада алоҳида ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббий бўлиши шарт. Бу нарсани клубларимизга мажбурий қилиб қўйиш керак. Айни масала хусусида аввал ҳам кўп бор гапирганман, яна такрорлашдан эринмайман. «Пахтакор», «Бун-ёдкор», «Локомотив», «Насаф» каби ҳар томонлама мукаммалликка эришган жамоаларимизда бу ишлар тўғри йўлга қўйилган. Термамизга эътибор қаратинг. Ҳозир энг ишонган ҳужумчимиз Игорь Сергеев бўлиб турибди. Бошқа кимни кўрсатиш мумкин? Бу кетишда ЖЧ-2018нинг ҳал қилувчи саралаш баҳсларида қийналиб қолишимиз аниқ.

- Ҳужумчилар ҳақида гап кетганда, сизнинг бундан 16 йил аввал олий лигада урган 45та голингизни эсламай илож йўқ. Ўртача олганда чемпионат тўпурарларининг голлари сони 20тадан ошмаяпти. Бу кетишда сизнинг рекордингизни ҳеч ким янгилай олмаса керак?

- Рекордим узоқ муддат сақланиб қолмаслигини хоҳлардим. Терма жамоа мураббийлари ҳужумчилар танловида ижобий маънода кимни таркибга жалб этишни ҳал қила олмайдиган кунлар келишини истайман. Агар шундай истеъдодли ҳужумчилар етишиб чиқса, бу биринчи галда футболимизга катта фойда келтирарди.

- Ўша йили ниманинг ҳисобига 45та гол ургансиз? Фақат истеъдод, тажриба, голни ҳис қила олиш қобилияти камлик қилса керак?

- 2000 йили ҳам мамлакат чемпиони, ҳам кубок соҳиби бўлганмиз. Ўша мавсум таркибимиз жуда ҳам кучли эди. Ярим ҳимоя чизиғида ўз ишининг усталари - Нўъмон Ҳасанов, Мухтор Қурбонов, ҳимояда Бахтиёр Ашурматов ўйнашган. Айнан уларнинг аниқ тўп узатишлари туфайли сермаҳсулликка эришганман. Агар шу футболчилар тўп билан ўз вақтида таъминлашмаганида, голларим сони 45тага етмасмиди... Фақат истеъдод эвазига кўзланган мақсадга эришиш мушкул. Ўз устингизда ишлашдан тўхтаб қолсангиз, тамом, бошқа ўсмайсиз.

- Ҳужумчиларга қандай тавсиялар берасиз?

- Мураббий сифатида кам муддат бўлсада, «NBU-Осиё» ва «Обод» жамоаларида ишладим. Ана шу вақт мобайнида ҳужумчиларга ўзимнинг фаолиятимдан келиб чиққан ҳолда тегишли кўрсатма ва тавсиялар бердим. Қолаверса, индивидуал тарзда машғулотлар ўтказдим. Яна ўша Шоҳруз Норхоновга қайтадиган бўлсам, у ностандарт ҳужумчи. Олий лигамиздаги деярли ҳеч бир форвардда учрамайдиган хислатлари бор.

- Яхши футболчидан ҳамиша ҳам яхши мураббий чиқмайди, дейишади. Бу фикрга қўшиласизми?

- Билмадим. Менимча, бу нисбий тушунча бўлса керак. Масалан, Хосеп Гвардиола «Барселона»да ёрқин ўйин намойиш этган. Дунёнинг энг кучли учта жамоасидан бирига сардорлик қилган. Бугунги кунда у сайёрамизнинг энг яхши мураббийларидан бири. Каталонияда муваффақиятли иш олиб борди, қўлга киритилиши мумкин бўлган барча совринларга эга чиқди. Кейин «Бавария»га кўчиб ўтди. У ерда ҳам муваффақият қозонди. Янги мавсумда эса Англия премьер-лигасида иш бошлайди. Ўйлашимча, «Манчестер Сити» клуби билан ҳам улкан ютуқларга эришади. Қизиғи, Гвардиола - Моуриньо қарама-қаршилиги энди туманли ўлкада ҳам давом этади. Қандай мураббий бўлиши инсоннинг ўзига боғлиқ. Футболчиларнинг феъл-атвори оғир бўлади. Назаримда аксарият маҳоратли мураббийлар ўтмишда яхши футболчи сифатида ном чиқаришган. Жозе Моуриньога ўхшаганлар эса камдан-кам учрайди. Таржимонликдан етук мураббий даражасигача чиқиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

- Ҳар бир футболчи фаолиятини якунлаганидан кейин ортга назар ташлаб, ўтган йилларни сарҳисоб қилади. Ўзингиз учун бу ишни амалга оширдингизми?

- Албатта, тарихсиз келажак йўқ. Ҳар бир инсон, қайси соҳада фаолият юритишидан қатъий назар, ўтган умрини сарҳисоб қилиб бориши шарт. Ўйлашимча, мен ҳам ўйинчилик фаолиятим давомида ўзбек футболи учун озми-кўпми меҳнат қилдим. Маълум бир ютуқларга эришдим. Шу орқали халққа танилдим. Футболчилик фаолиятимдан мамнунман.

- Энг эсда қоларли голларингизни айта оласизми?

- Бунақаси кўп бўлган. Масалан, Қозоғистон чемпионатида ўйнаб юрган кезларим, мамлакат кубоги финалида 3та гол уриб, «хет-трик»ка эришганман. Кейин УЕФА кубогида ҳам чиройли голга муаллифлик қилганман. Миллий терма жамоамиз таркибида Хитой Тайпейига урган голларимни алоҳида айтишим мумкин. Эътиборга молик жиҳати шундаки, тўрттала голимни ҳам бош билан рақиб дарвозасига урганман. Улардан биттасини, аниқроғи Мухтор Қурбонов узатиб берган тўпни ётган ҳолатимда дарвозага жойлаб қўйгандим.

- Ҳақиқатан ҳам, ўша пайтда ҳужум чизиғи жуда кучли кўриниш олганди. Айниқса, сиз Максим Шацких билан ажойиб тандем ҳосил қилгандингиз. Супермакс ҳақида нима дейсиз?

- Ўша пайтда Максим Киевнинг «Динамо» клуби таркибида тўп сурарди. Терма жамоанинг тенгсиз ҳужумчиларидан бўлган. Кўп голларимга ассистентлик қилган. Лекин бошқалар каби иккимизга ҳам ЖЧга чиқиш насиб этмади. Ўйлайманки, Самвел Бабаян бошчилигидаги терма жамоамиз бу вазифани бажара олади.

- Фаолиятингизни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган ўша қайчи усулидаги зарбани кўп эслаймиз. Бу ҳолат «Спартак» клуби таркибида Европа Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Бавария»га қарши ўйинда содир бўлганди. Оливер Каннинг маҳоратигина бунга йўл қўймаганди. Нима деб ўйлайсиз, балки ўша гол дарвозадан жой олганида, фаолиятингиз тубдан ўзгариб кетармиди?

- Бу борада бирор нарса дейиш қийин. Битта гол билан инсон ҳаёти ўзгариб кетмаса керак. Тўғри, ўша пайтда омад келмаган. Қолаверса, Оливер Кан дунёнинг энг кучли дарвозабонларидан бири бўлган. Билмадим, балки бошқа кипер бўлганида, зарбамни бартараф эта олмасмиди... Лекин кўп эслаб тураман. Мухлислар, танишлар ҳам шу ўйин ҳақида жуда кўп сўрашади. Нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистондаги фаолиятим мобайнида ҳам тез-тез бу хусусдаги саволларга жавоб берганман. Ўшанда гуруҳимиз анча кучли бўлган. Лондоннинг «Арсенал», Мюнхеннинг «Бавария» ва Франциянинг «Лион» клубларига қарши ўйнаганмиз. Чемпионлар Лигасида дебютимни ўтказганман. ЕЧЛ мутлақо бошқача мусобақа.

- Лекин мавсумга тайёргарлик жараёнида кўплаб голларга муаллифлик қилгандингиз...

- Ҳа. МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари чемпионлар кубогида 6та гол билан тўпурар бўлганман. Катта умидларда расмий ўйинларга киришгандим. Аммо ҳамиша ҳам сиз ўйлаган нарсалар бўлавермас экан. «Спартак» жамоасида ёшликдан ўйнамаганим, бунинг натижасида муҳитга мослашиб кета олмаганим панд берганди. Футбол мактаблари орасида барибир, фарқ борлиги кўзга ташланиб қолган эди. Ўша йиллари «Спартак» ҳозирги «Барселона» клубининг ўйин услубида ўйнарди. Қолаверса, бошқа футболчиларга қараганда, мураббийлар штаби ўйин амалиёти учун жуда кам вақт берган. Айниқса, Чемпионлар Лигасидаги баҳслардан кейин мени захирага ўтказиб қўйишди. Бошқа футболчиларга эса бундай муносабат бўлмаганди.

- Миллий терма жамоамиз ЖЧ-2018нинг ҳал қилувчи учинчи саралаш босқичига тайёргарлик кўряпти. Гуруҳдаги рақибларимиз маълум. Аввалгилари билан таққослаганда, қуръа ҳам, тақвим ҳам биз учун муваффақиятли келди. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз?

- Бундай демаган бўлардим. Ҳал қилувчи финал босқичига қитъамизнинг энг кучли терма жамоалари етиб келишган. Ҳа, тўғри, саралашни ўз майдонимиздаги ўйин билан бошлаймиз. Гуруҳдаги сўнгги учрашувни ҳам мухлисларимиз кўз ўнгида ўтказамиз. Биринчи даврада рақибларни асосан уйда қабул қилар эканмиз. Мана шу баҳсларда максимал даражада очколарни йиғиб олиш керак. Иккала гуруҳда ҳам тенг кучли жамоалар бор. Ҳамма термаларнинг олий мақсади - ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиш. Илк учрашувимиз 1 сентябрь куни Тошкентда сурияликларга қарши бўлиб ўтади. Ушбу рақибни осонликча мағлуб этамиз, деб ўйламайман. Бу менинг шахсий фикрим. Иккинчи саралаш босқичи доирасидаги сўнгги икки ўйинимиз шуни кўрсатдики, ҳали терма жамоада ечимини кутаётган муаммолар етарли экан, қилинадиган ишлар кўп. Тўғри, натижа қўлга киритилди - минимал ҳисобда ғалаба қозондик. Лекин мен терма жамоамиз иштирокида ёрқин ва чиройли футбол кўрмадим. Танқид қилмоқчи эмасман. Аммо мураббийлар штаби бу муаммоларга етарлича эътибор қаратмаса, ишга жиддий ёндашилмаса, ҳар тўрт йилда бўладиган ҳолат янада такрорланади. Матбуотда ўқидим, Сурия терма жамоаси бош мураббийи бизни жиддий рақиб сифатида кўрмаяпти. Асосан Жанубий Корея, Эрон ва Хитойга эътибор қаратяпти. Рақиблар ҳақида гапирганда, терма жамоамизни тилга олмади ҳам. Балки бу бир томондан бизнинг фойдамизга хизмат қилар. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Айтиб ўтдим, гуруҳдаги жамоаларнинг барчаси ЖЧга чиқиш ҳақида ўйлаяпти. Сурия термаси мақсади жиддийлигини амалда исботлаш мақсадида бош мураббийлик лавозимига Жозе Моуриньони таклиф қилиб кўрди. Яна бир маротаба такрорлайман, терма жамоамизга сўнгги саралаш босқичида осон бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир футболчи масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилиш керак. Майдонга кўзлари ёниб тушишмаса, мақсадга асло эришиб бўлмайди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:45, 07.07.2016.
Ўқилди: 5706 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.