Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Футбол ва евромучал мўъжизаси

Баҳо:
+ | -

Еврофутболнинг ортда қолган мавсумида «Лестер» барчани ажаблантирди. Ўзимиз ҳам бу хусусда анча-мунча мулоҳазалар билдирдик, Клаудио Раньери шаънига олқишлар айтдик. Ҳаммаси тўғри. «Лестер» ва унинг Италия президенти томонидан махсус тақдирланган мураббийига яна бир бор офарин! Фақат таъкидлаймизки, бу - ғолиблар шаънига айтилган таҳсин, холос. Биз ғолибларни ислоҳотчилар, инқилобчилар сифатида  таърифлашдан йироқмиз. Нима учун?

Маълумки, 1960 йилдан старт олган Европа чемпионати токи 1990 йилга қадар социалистик ва капиталистик дунё футболининг ўзига хос кураш тарихига айланган эди. Бу муросасиз баҳсда Испания, Италия, Германия, Франция, Англия каби кучли терма жамоаларга собиқ иттифоқ, Чехсловакия, Югославия, Венгрия каби социалистик мафкурага таянган футбол вакиллари жиддий қаршилик кўрсатишди. Гарчи мафкура таъсирида бўлса-да, ўша давр футболи ўз йўлида дадил давом этди ва мухлисларга олам-олам қувонч улашди.

Ниҳоят, Евро-92 етиб келди. Швецияда жамланган терма жамоалар илк бор мафкурадан холи ҳолатда футбол ўйнашди. Янги геосиёсий муҳит футболга ҳам ижобий ва ижодий таъсир ўтказди. Бошқача айтганда, узоқ муддат икки мафкура зиддияти остида қолган еврофутбол бирдан эркин нафас олди ва янгиланишни, ўзгаришни истади. Евро-92 таъбир жоиз бўлса, шу янгиланиш ва ўзгаришлар учун бешик вазифасини ўтади. Натижа - Дания терма жамоаси чемпион! Бутун футбол дунёси бу воқеани «сенсация» даражасида қабул қилди, тасодифга йўйди. Дания  жамоасининг чемпион бўлиши балки, ҳақиқатан ҳам, «сенсация»дир, аммо тасодиф эмаслиги аниқ. Чунки ижтимоий-сиёсий қатламдаги янгиланиш ва ўзгаришлар футбол тараққиётига ҳам ўз муҳрини босиши шарт эди ва охир-оқибат, шундай бўлди ҳам. Демоқчимизки, Евро-92 миллионлар ўйини тараққиётида янги даврни бошлаб берди, яъни тотал футбол ёнида кучли тафаккурга асосланган услуб ҳам қад ростлади. Кези келганда, бу футбол юқори дриблинг, ҳассос жонглёрлик ва мафтункор техникадан устун чиқиши Дания терма жамоаси мисолида исботланди. Мазкур воқеа еврофутболдаги чинакам янги ислоҳот, инқилоб эди. «Лестер» ва Клаудио Раньери шунчаки, ўша ислоҳот ва инқилобнинг янги байроқдорларидирлар.

Хўш, нима сабабдан «Лестер» бу йил АПЛ ғолиблигини қўлга киритди? Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, 2016 йил Дания терма жамоаси тимсолида таваллуд топган ўша футбол ислоҳотининг навбатдаги мучалидир. Мухлисларимиз ҳар 12-йилни ўз ичига оладиган бир мучалда инсон тақдирида янгиланиш ва ўзгаришлар бўлишини яхши билишади. Қарангки, евроислоҳот мучали ҳам бундан мустасно бўлмаяпти. Исландия термасининг Евро-2016 чорак финали иштирокчисига айланиши, Уэльс жамоасининг ярим финалга йўл олиши фикримиз далилидир. Евро-2016 «сенсация»ларини футболдаги бошқа қонуниятлар билан изоҳлашга ҳарчанд уринмайлик, уларнинг илдизи евромучал таваллуд топган 1992 йилга бориб тақалаверади. Ўзингиз мулоҳаза юритинг: 2004 йили, яъни Дания терма жамоаси чемпионлигидан сўнг роппа-роса бир мучал ўтгач, Отто Рехагель юнонларни қандай шукуҳга буркади?! «Мучал изсиз кетмайди», дейди доно халқимиз. Акс ҳолда, кучли Португалия термаси ўз майдонида Отто Рехагель шогирдларидан бир турнирнинг ўзида икки бора мағлубиятга учрармиди?! Йўқ, ҳеч ким Отто Рехагель ёки Клаудио Ранье­ри мўъжизасини инкор этмайди. Аммо айни ютуқлар еврофутболдаги ислоҳот мучалига тўғри келгани ҳам факт. Албатта, «Мучаллар такрорида нима учун айнан Отто Рехагель ва Клаудио Раньерининг пешонаси ярақлади?» деган савол кўпчиликни ўйлантириши табиий. Ишонч билан айтамизки, бу жараён ҳам тасодифдан холи. Биз билиб-билмаймиз: мучал барчасини ўз измида тутиб туради. Йўқотишлар ва изланишлар унинг таъсир доирасида содир бўлади.

Евро-2016 чорак финалида Бельгия терма жамоасининг Ян Вертонген, Томас Вермален каби икки асосий ҳимоячиси майдонга тушмади. Агар ҳар икки ҳимоячи сафда бўлганида, Робсон-Кану Бельгия термаси жарима майдонида шу қадар эркин ҳаракатланишга имкон топармиди? Аниқ хулоса айтиш қийин. Уэльс термасининг ютуғи шундаки, Крис Коулмен шогирдлари юзага келган қулай вазиятлардан унумли фойдаланишди. Шу тариқа яна мучал воқеаси юз берди. Таъкидлаш жоизки, Португалия термасининг сирли равишда ярим финалга йўл олишини ҳам мучал воқеаси сифатида баҳолаш мумкин. Криштиану Роналду ва унинг жамоадошлари ўтган 5та учрашувнинг бирортаси асосий вақтида ғалаба қозонишолмади. Боз устига, 18 ёшли Ренату Саншеш уларни илҳомлантирди ва ғайрат-шижоатга чорлади. Эден Азар, Лука Модрич, Златан Ибрагимович, Андрес Иньеста каби юлдузлар ғалаба учун чора тополмай, рақиб қаршисида бош эгишган бир паллада ёш йигитча муваффақиятининг сири нимада? Яна Евро-2004ни эслаймиз. Ўшанда Португалия термаси финалга чиққанди. Ҳа, орадан бир мучал даври ўтибди. Акс ҳолда, Португалия термасининг минг бир хавотир билан «плей-офф»­га йўл олишига ишониш қийин эди. Бироқ мучал мўъжизаси яна ўз сўзини айтди. Хайриятки, Криштиану Роналду шу мучал мўъжизасини билгандек тўп сурмоқда. Ҳарқалай, унда ҳам ғолибликка интилиш ва иштиёқ аломатлари яққол сезилмоқда.

Муҳтарам мухлис! Бизни тўғри тушунасиз, деб ўйлаймиз. Яхши биламизки, бу ёруғ оламдаги бошқа воқеалар қатори футбол тараққиётидаги ҳамма ҳодисалар ҳам мучал мўъжизаси билан изоҳланавермайди. Германия ва Италия терма жамоалари ўртасидаги чорак финал учрашуви, ҳеч шубҳасиз, шундай воқеалар сирасидан муносиб ўрин эгаллади. Антонио Конте жамоаси ажойиб ҳимоячилари ва Буффонга ишонган ҳолда, анча эркин тўп сурадиган, лекин унча ёрқин бўлмаган ярим ҳимоячилари, ҳужумчилари билан ёдда қолди. Очиғи, Италия терма жамоаси Евро-2016да «Атлетико»ни эслатиб юборди. Эдер, Пелле, Заза каби ҳужумчилар юқорида таъкидлаганимиздек, дарвозабон ва ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатлари билангина кучлидирлар. Ўз-ўзларича эса ўйин тақдирини ҳал қилолмайдилар. Йоахим Лёв жамоаси эса бунга қарама-қарши ўлароқ, ёрқин юлдузлари билан ажралиб турибди. Тўғри, ўша юлдузлар, яъни Мюллер, Озил, Швайн­штайгер пенальтилар сериясида панд беришди, бироқ Дракслер, Киммих, Гектордан иборат янги авлод уларнинг хатоларини ювди. Италия термасида эса айнан янги авлод, яъни Заза, Пелле, Бонуччи ва Дармиан адашишди. Демак, «немис машинаси»даги янги авлод ғалабага муносиброқ. Умуман олганда эса, ҳар икки жамоанинг бирига яққол устунлик бериш мушкул. Буффон пенальтилар сериясида 9та зарбадан 3тасининг йўналишини аниқ топди, биттасини тўсди. Нойер ҳам ундан қолишмади ва 2та зарбани бартараф этди. Энг муҳими, мухлислар икки моҳир дарвозабон ўртасидаги «дуэл»дан завқланишди. Қувонч, изтироб, ҳаяжон ва хавотирнинг бемисл қоришмасини кузатдик уларнинг тимсолида. Бу том маънодаги фусункор футбол тантанасидир!

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Фикримизча, мамлакатимиз футбол муҳитини еврофутбол етакчиларининг ютуқлари жиддий тарзда ҳайратлантирмай қўйди. Ҳаммаси инфратузилма ва анъанага хос, деб мулоҳаза юритади кўпчилик. Исландия терма жамоа­сининг ютуғидан эса, назаримизда, ўша кўпчилик ҳушёр тортди. Аён бўлдики, викингларнинг вулқондек қайнаб-тошган қалблари қайсидир чегарага қадар юксак футбол қудратидан баландроқдир. Улар исботлашдики, буюк ҳафсала ўртамиёна жамоани ҳам, албатта, ғалаба сари етаклайди. Ҳамма гап ўша буюк ҳафсаланинг мавжудлигида. Буюк ҳафсаласиз буюк ғалаба ҳам йўқ. Агар «Локомотив» футболчилари «Қизилқум»га қарши қолдирилган учрашувда ҳам биринчи давранинг сўнгги икки туридаги каби очко йўқотишса ва мавсум якунида бу гал энди «Бунёдкор» чемпионликни илиб кетса, бунга ким айбдор бўлади? Албатта, «Локомотив»нинг ўзи, аниқроғи, жамоадаги ҳафсаласизлик. Ишқилиб, бу хавотирли ҳафсаласизлик миллий терма жамоамизга кўчиб ўтмасин. Биз учун ҳозир муҳими - шу! Бошқа ҳаммаси бекор. «Меҳмон» мураббийлар ўрнини «Навбаҳор»да Мустафо Байрамов «Андижон»да Ориф Маматказин вақтинча эгаллаб туришганига мухлислар қанчалар кўникиб қолган бўлсалар, миллий жамоамиз миқёсидаги ҳафсаласизликка улар ҳеч қачон шунчалар кўникишмайди...

Муҳаммад ВАЛИ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:35, 09.07.2016.
Ўқилди: 5247 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.