Португалия терма жамоаси Европа чемпионатининг финалида қўшимча бўлимларда Францияни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Мусобақа мезбони ўйинни анча фаол бошлади. Улар ижросидаги прессинг натижасида португаллар бир нечта хатоларга йўл қўя бошлашди. Аммо ўйиндаги илк хафвли вазият Нанида бўлди. Майдон марказидан етказилган узатмани Лиуш рақиб жарима майдончаси ташқарисидаги кўкраги билан қайтарди ҳамда ичкарига кириб, 12 метрлардан зарба берди. Тўп дарвоза устидан ўтиб кетди.
Орадан кўп ўтмасдан Португалия посбони Патрисиу юқори маҳорат намойиш қилди. Пайетнинг узатмасидан кейин Гризманн жарима майдончаси ичида бош билан тўпга "парашют" услубида зарба берди. Тўп дарвозабоннинг устидан ошиб ўтиб, "тўққизлик"ка кираётганида Руи уни қайтаришга муваффақ бўлди! Айтиш мумкинки, ана шу дақиқадан бошлаб португалиялик дарвозабоннинг қаҳрамонлиги бошланиб кетди.
Ўйиннинг 17-дақиқасида финалда ёдда қоладиган воқеа юз берди. Димитри Пайет Роналду билан тўп учун Криштианунинг тиззасига тепиб юборди. "Реал" юлдузи ва шифокорлар ўйинни давом эттириш учун қўлдан келган барча ишни қилишди, аммо Роналдунинг оёғидан оғриқни йўқота олишмади. Криштиану кўзларида ёш билан, майдонни замбилда тарк этди.
Баҳснинг 34-дақиқасида Мусса Сиссоко ҳисобни очиши мумкин эди, аммо Патрисиу бунга йўл қўймади. Погбадан узатма қабул қилган Сиссоко, рақиб жарима майдончаси ичида бир ҳимоячи чалғитди ва 12 метрдан кучли зарба берди. Патрисиудан даҳшатли сэйв!
Иккинчи бўлимда терма жамоалар нисбатан эҳтиёткор ўйин намойиш қилишди. Шунга қарамай, голли вазиятлар бўйича Франция устунликка эришди. Ўйиннинг 66-дақиқасида Коман етказган узатмани Антуан Гризманн дарвозабон майдончаси чизиғи устидан бош билан дарвозага аниқ йўллай олмади. Тўп тўсин устидан ўтиб кетди. Ўйиннинг асосий вақти тугашига 6 дақиқа қолганида Муссса Сиссоко 22 метрлардан хавфли зарба берди. Бурчакка бораётган зарбани Патрисиу қайтарди. Французлар ўйиннинг асосий вақтида ғолиб чиқишлари мумкин эди, аммо омад Сантуш шогирдлари томонида бўлди. Жиньяк жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилди ва Пепени чалғитиб зарба берди. Тўп яқин устунга тегиб қайтди! Гризманн ёнидан ўтиб кетаётган тўпни бўш дарвозага буриб қўйишга улгурмади...
Қўшимча бўлимларда эса жисмоний жиҳатдан кўпроқ куч сақлаб қолган Португалия устунликка эришди. Дастлаб бурчак тўпига Эдер бош билан хавфли зарба берди, Льорис Францияни қутқарди. Орадан кўп ўтмасдан Рафаэль Гуэрейро жаримадан йўллаган зарбасидан сўнг тўп тўсинга тегиб қайтди. Бир дақиқа ўтиб эса Эдер ҳисобни очди. Португалиялик футболчи жарима майдончаси ташқарисида тўпни қабул қилди ва кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди! Льорис бурчакка кираётган тўпни қайтара олмади.
Дешам шогирдларида ўйинни қутқариб қолиш учун жисмоний куч етишмади. Португалия эса ўз тарихида илк марта Европа чемпиони унвонини қўлга киритди. Криштиану Роналду ўз терма жамоаси сафида илк совринга эга бўлди.
Евро-2016, Финал
ПОРТУГАЛИЯ - ФРАНЦИЯ - 1:0 (0:0)
Гол: 1:0 – 109 Эдер.
Португалия – Руй Патрисиу, Пепе, Геррейру, Соареш, Фонте, Адриен Силва (Моутинью, 66), Вильям Карвалью, Нани, Саншеш (Эдер, 79), Жоау Мариу, Роналду (Куарежма, 25).
Франция – Льорис, Косьельни, Эвра, Санья, Умтити, Погба, Матюиди, Пайет (Коман, 58), Сиссоко (Марсьяль, 110), Гризманн, Жиру (Жиньяк, 78).
Огоҳлантиришлар: Соареш (34), Жоау Мариу (62), Умтити (80), Геррейру (95), Матюиди (97), Вильям Карвалью (98), Косьельни (107), Погба (115), Фонте (119), Руй Патрисиу (120).