Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: "Пенальти қурбонлари"

Баҳо:
+ | -

ПЕНАЛЬТИ қурбонЛАРи

“Орият доно” радиосида ҳар ҳафта чиқишимиз бор. “Майдон марказида” дастури. Яхши эшиттириш. Худди футболга ўхшайди. Биринчи соати футболнинг биринчи бўлимига, иккинчи қисми иккинчи бўлимига қиёсан ташкиллаштирилган. Футболда бўлгани каби, баъзан биринчи бўлимимиз яхши ўтади, баъзан танаффусдан кейинги бўлимимиз.
Ўтган ҳафта биринчи соатда Европа чемпионати қолиб кетиб, фақат Месси ҳақида гаплашдик. Агар Евро баҳслари ўтмаётган бўлганида, эҳтимол иккинчи соатда ҳам шу йигит мусоҳабамиз учун кифоя қиларди. Чунки у Месси эди, даҳо юлдузнинг пенальтиси эди.
Газетада бошқача услубга мурожаат қиламиз, албатта. Тарихда ўз кўзим билан кўрган НОАНИҚ ЙЎЛЛАНГАН ПЕНАЛЬТИларни эслаш билан бу ажиб воқелик таҳлилига ўтмоқчиман. Ўзи бу мавзуга кириш мақолада батафсил тўхталган бўлсам-да, бошқачароқ хулосани ушбу мақола сўнггида ҳам айтиб ўтаман.


ДИЕГО МАРАДОНА
ЖЧ-90. Чоракфинал. Аргентина – Югославия.
Рўйхатни футболчиларнинг “додаси”дан бошлайлик, а? Пенальти аталмиш балодан ҳеч қайси юлдуз кафолатланманига изоҳ бу! Ҳаттоки Марадона, деб эслашимиз учун...
Диегонанинг пенальтидан ноаниқ зарба йўллагани у қадар кўп эсланмаслигига битта сабаб бор – ўша куни Аргентина ғалаба қозонган эди. 1990 йилги мундиал чорак финалида жанубий америкаликлар Югославия билан рўбарў бўлишган, ўйин тақдири пенальтилар сериясига қолиб кетганди. Қаҳрамонимиз бу сериянинг ўртасида – 3-зарбага яқинлашган ва ноаниқ зарбаси билан ҳаммани ажаблантирган эди. Бироқ, бунга қадар югославияликларнинг юлдузи – Стойкович каттароқ “қовун”ни тушириб бўлганди. Марадонанинг ноаниқ зарбасини шериклари ёпиб кетишди ўша куни...

КРИШТИАНУ РОНАЛДУ
ЕЧЛ-2007/2008. Финал. МЮ – “Челси”.
Роналду ҳам Марадона сингари бу кечадаги айбини ёпган шерикларига миннатдорчилик билдириб қўймоғи зарур. Кўпроқ Жон Террига! “Челси” вакилининг сирпаниб кетгани ва зарбаси ноаниқ кетгани ҳамманинг ёдида бўлса керак?
Криштиану фаолияти давомида жуда кўп пенальти тепган. Хэйтерлар томонидан “Пеналду”га ҳам айланиб кетганини биласиз. Лекин у бу соҳанинг ҳақиқий устаси бўлиб етишганини эътироф этмасак инсофдан бўлмас. Бу етукликка Москва финалидаги “иши” сабоқ вазифасини ўтаб берган бўлса, ажаб эмас.

РАУЛ
Евро-2000. Чорак финал. Испания – Франция.
2000 йилги Европа чемпионати эди ўшанда. Раҳматли Давлат ака билан шарҳлаган эдим ўйинни. Устоз мени кимга мухлислик қилишимни билганлари учун Раул тўпга яқинлашаётган пайтида шарҳни ўзимга қўйиб берганлар. Мен қўрқа-писа “ишқилиб Роберто Баджонинг куни бошига тушмасайди”, дегандим.
Бу гап башоратчиликдан эмас, азбаройи қўрққанимдан, Раулга мухлислик қилганимдан чиқиб кетган оғзимдан. Раул ҳам “ишончим”ни оқлаб, ўз фаолиятидаги энг аламли зарбаларидан бирини йўллади. Испания у пайтлари чорак финалдан қайтишга ўрганган жамоа эди, кейинги босқичга Францияни ўтказиб юбориб, уйига равона бўлди. Раул эса терма жамоаси таркибида ўн бир метрлик жарима тўпига бошқа яқинлашмади.


ИГОРЬ БЕЛАНОВ
Евро-88. Финал. Собиқ иттифоқ – Голландия.
1988 йилги Европа чемпионати финали... Бу баҳс кўпчиликка Марко ван Бастеннинг фантастик зарбаси билан ёдда қолгандир, менинг хотирамда Игорь Белановнинг ноаниқ пенальтиси такрорий лавҳаланаверади. Собиқ иттифоқ терма жамоаси ҳужумчиси бир кечанинг ўзида учта вазиятни кўкка совурганини унутиш имконсиз-да. Уч метрдан гол ура олмагани, дарвоза устунини пойлагани ва пенальти...
Албатта, мен ўшанда Голландияга мухлислик қилмаганман, шу боис на Гуллитнинг бош билан йўллаган суперзарбасидан ва на ван Бастеннинг аср голидан ҳайратга тушганман. У пайтлари анча ёш эдик, ўйиндан кейин катталарга қўшилиб ғамга бурканганмиз. Ёш бола бўла туриб, Лобановский сиймосини тушунганимизга нима дейсиз энди?!

МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ
ЖЧ-98 саралаш ўйини. Ўзбекистон – БАА.
1997 йилнинг 27 сентябри. Кузнинг ойдин оқшомларидан бирида ўзбек футболи илк бора мундиал йўлланмасидан маҳрум бўлди. Расман бўлмаса ҳам, шу ўйиндан кейин имкониятларимиз анча пасайиб кетганди.
БАА у пайтлари кучли бўлса ҳамки, ўша куни биз енгишимиз лозим эди. Жамоа кучли эди, йигитлар рақибдан яққол устун эдилар. Ҳисобни ҳам биз очгандик. Николай Ширшовнинг зарбасини Мухсин Фараж қайтаришга ожизлик қилган, эсингизда-я?
37-дақиқада терма жамоамизда ҳисобни ошириш учун тарихдаги энг яхши имконият пайдо бўлди. Бироқ, жарима тўплари қироли саналмиш Миржалол Қосимов ўн бир метрдан гол ура олмади. Тамом. Бу руҳий зарба кейинги вазиятларга ҳам сабаб бўлди - Шуҳрат Мақсудов ўзининг қизиққон табиатини кўрсатиб, майдонни жароҳат ва қизил карточка билан тарк этди. БАА бир ўйинчи кам ўйнаётган рақибига қарши хоҳлаганини қилди. Бирин-кетин урилган 3та голга ўйин охирида Равшан Бозоров жавоб берди, аммо бундан фойда йўқ эди – 2:3!

МИШЕЛЬ ПЛАТИНИ
ЖЧ-86. Чорак финал. Франция – Бразилия.
Гвадалахарадаги ўйинда бразилияликларнинг карнавалига Франция якун ясаганди.
Пенальтилар сериясидан сўнг ғалаба қозонган французлар ўзларини қўярга жой топа олмасдилар. Биргина йигит ноқулай аҳволда, бир четда мунғайиб турарди – у Мишель Платини эди. У хурсанд бўлишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмай ҳайрон эди.
Учранглилар қиролининг хурсанд бўлишига иккита асос бор эди – жамоаси ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олгани ва бу воқеа унинг туғилган кунига тўғри келиб қолгани... Ноқулайлигининг сабаби – пенальтилар сериясида ноаниқ зарба йўллаган муаллиф айнан ўзи эди.
Мана шу ҳолат учун ҳам Платинини бу рўйхатнинг юқорироғига жойлаштирдик.

МАРКО ВАН БАСТЕН
Евро-92. Ярим финал. Голландия – Дания.
Тўрт йил олдин бутун дунёни ҳайрат кўчасига етаклаган Голландия навбатдаги Еврони ҳам енгиши мумкин эди. Бироқ, ўша йили “портлаган” Дания динамити голландларни пенальтилар сериясига таклиф этди. Бу серияда 10та футболчи қатнашди ва тўққизтаси аниқ зарба берди. Биргина Марко ван Бастен юлдузлардан қолишмаслик йўлида тарихга кирди – унинг ноаниқ зарбаси Данияни финалга олиб чиқди!
Марко ван Бастен шу хайрлашганча, катта футболга қайтмади. Голландия эса, шундан кейин серия қурбони бўлишда бардавом вакилга айланди.

АНДРЕЙ ШЕВЧЕНКО
ЕЧЛ – 2004/2005. Финал. “Милан” – “Ливерпуль”.
Андрей Шевченко 2005 йилнинг 25 майида ўз ҳаётидаги энг катта хатолардан бирига қўл урган. Юлдузларга теккан касаллик – муҳим пенальтини ноаниқ амалга оширганди. Биринчи бўлимда 3:0 ҳисобида олдинда бораётган “Милан” иккинчи бўлимда 3та гол ўтказиб юбориши... ва ўйин охирида Андрей деярли бўш қолган дарвозани нишонга ола билмаслиги пенальтилар сериясидаги ноаниқ зарба олдида ҳали ҳолваси эди.
Ҳалигача Еже Дудекнинг тўпни қандай қилиб қайтариб юборганини тушуна олмайман. Ўша вазиятда русларнинг ажойиб шарҳловчиси Владимир Маслаченко “Бугун “Милан”нинг куни эмас, бу жамоа гол ура олмайди”, деган эди. Пенальтилар сериясида охирги зарбага яқинлашган Шевченкога эса ёлворганди: “Нега сен келасан, ахир ура олмайсан-ку, кўзларинг айтяпти, Андрюша!” деганлари ёдимда...
Зарба ва “Ливерпуль” ЕЧЛ ғолиби! Шевченкога қўшилиб, мен ҳам кўз ёши қилиб олгандим.

ЛЕОНЕЛЬ МЕССИ
Копа Америка – 2016. Финал. Аргентина – Чили.
Бугунги кун қироли омадсиз юлдузлар рўйхатига кириш учун финал ўйинини танлади. Кирганга яраша-да... Мессининг бу ноаниқ пенальтисидан сўнг 3та манзара гувоҳи бўлдик:
Биринчиси, у йиғлади. Ҳеч қачон йиғламайдиган Лео самимий кўз ёшларини тўкди.
Иккинчиси, Аргентина уч йил қаторасига давом этаётган омадсизликни давом эттириши деярли аниқ бўлди.
Учинчиси, биргина шу зарба Мессидек даҳонинг терма жамоадан кетиш қарорига сабаб бўлди. Бунақаси бўлмаганди. Лекин шундай мавқедаги ноаниқликни ҳам биринчи ўринга қўя олмаймиз. Ҳар ҳолда, Копа Америка финалидан кўра мундиал финали мавқеи баландроқ туради. Месси бу рўйхатни бошқариши учун Россияга бориши керак...


РОБЕРТО БАДЖО
ЖЧ-90. Финал. Италия – Бразилия.
Биргина зарба бу юлдузни бир умр ПЕНАЛЬТИ деган сўз билан ёнма-ён келишига сабаб қилиб қўйди. Баджо бу чемпионатдан кейинги мусобақада гарчи пенальтиларни аниқ амалга оширган ва термасининг халоскорига айланишда давом этган бўлса ҳам, ҳеч ким 94-мундиални эсдан чиқара олмади. 20-аср футболидаги энг аламли манзаралардан бири эди бу: Ноаниқ зарбангдан кейин атрофингда рақиблар чемпионликни нишонласа... Ер юзида бир ўзи қолиб кетгандек эди ўша кун Баджо.
Мен бу манзарани ҳеч қачон унута олмадим ва ким пенальтига яқинлашса, албатта мана шу буюк иқтидор эгасини ёдга олдим. Роберто Баджо! Италия футболининг энг машҳур ва энг бахтсиз юлдузи... Бунақаси бир асрда битта бўлади. 21-аср ҳали кўрмадик. Ҳозирча...

ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 10:09, 14.07.2016.
Ўқилди: 13648 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.