Футзал клублари ўртасидаги Осиё чемпионатини “Олмалиқ” клуби мағлубият билан бошлади. Ҳамюртларимиз Эроннинг “Тасисат Дарёий” клубига 3:4 ҳисобида мағлуб бўлишди.
Бу ўйинни бемалол Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўйини десак муболаға бўлмасди. Чунки ҳар иккала клубнинг ўзаги терма жамоа футболчиларидан ташкил топган эди.
Биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқларидан эронликлар ташаббусни қўлга олиб, кетма-кет ҳужум уюштиришди. “Олмалиқ” асосан ҳимояланишга мажбур бўлди. 4-дақиқада “Тасисат” ҳисобни очди. Ҳусайн Тойибий чап қанотдан оширилган тўпни яқин масофадан дарвоза йўллади.
Шундан сўнг “Олмалиқ” ҳам фаоллашиб, дадил ҳужумга ўта бошлади. 12-дақиқада футзалчиларимиз рақибни хатоси учун жазолашди. Чориев “Тасисат” ҳимоячисидан тўпни олиб қўйди ва дарҳол Абдумавлоновга етказди. Фарҳод яқин масофадан дарвозани аниқ нишонга олди. Орадан 1 дақиқа ўтгач худди шу ҳолат яна такрорланди. Бу сафар ҳам Абдумавлонов чиройли ҳаракат қилиб, 2-голини урди.
Ҳисобда орқада бораётган “Тасисат” янада фаоллашди ва “Олмалиқ” дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятларни содир эта бошлади. 17-дақиқада, ҳимоячимизни алдаб ўтган Саид Аббосий қулай вазиятга чиқиб борди ва аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳам кескин курашлар гувоҳи бўлдик. Ҳар иккала жамоа дарвозабонлари - Умаров ва Назарий мўъжиза кўрсатиб, жуда кўп вазиятларда жамоадошларини яққол голлардан қутқариб қолишди.
Ўйин дуранг натижага қараб кетаётгандек вазиятда эронликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. 32-дақиқада Саид Аббосий дарвозабонимиз қайтарган тўпни яқин масофадан бўш қолган дарвозага йўллади.
Ўйиннинг сўнгги дақиқасида Тойибий дарвозамизга орқа ўгириб турган ҳолатда зарба йўллаб, ҳисобдаги фарқни оширди. Сўнгги сонияларда “Олмалиқ” футболчиси Жавлон Аноров ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Бироқ “Олмалиқ” футзалчиларини бундан ортиғига кучи етмади.
Энди “Олмалиқ” гуруҳнинг сўнгги ўйинини эртага, Ливаннинг “Ал-Маядин” клубига қарши ўтказади.
Футзал клублари ўртасида Осиё чемпионати. Таиланд-2016.
“В” гуруҳи
"Тасисат Дарёий" (Теҳрон, Эрон) - “Олмалиқ” (Ўзбекистон) – 4:3
Голлар: Ҳусайн Тойибий (4, 38), Саид Аббосий (17, 32) – Фарҳод Абдумавлонов (12,13), Жавлон Аноров (39)
"Тасисат Дарёий": Мустафо Назарий, Алиризо Вафоий, Воҳид Шамсаий, Қосим Ороужий, Ҳусайн Тойибий,
Захира: Меҳди Мустафоий, Муҳсин Мунтазимий, Мажид Ҳожибанда, Муҳаммад Шажарий, Раисий Мажид, Саид Аҳмад Аббосий, Муҳаммад Зорий, Воҳид Сеифан
"Олмалиқ": Рустам Умаров, Фарҳод Абдумавлонов, Шуҳрат Тожибоев, Даврон Чориев, Константин Свиридов.
Захира: Феруз Фахриддинов, Мақсуд Файзуллаев, Жавлон Аноров, Хуршид Умаралиев, Жасур Содиқов, Андрей Шлема, Жамолиддин Шарипов, Суннат Куралов, Клим Тюгаев