Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Даврон Файзиев: «Мақсадимиз – футбол трансляциялари борасида янада олдинга интилиш»

Баҳо:
+ | -

Бир ой давомида миллионлаб футбол ишқибозларини ўзига оҳанрабодек жалб қилган Евро-2016 мусобақаси тарих зарварақларидан жой олди. Бу галги Европа чемпионати ўзининг кутилмаган натижалари, янги юлдузларнинг кашф қилиниши, чиройли голлари, мафтункор мухлисалари билан ёдимизда қоладиган бўлди. Уэльс, Исландия термалари мазкур турнирда илк маротаба иштирок этишларига қарамай, яхшигина шов-шув кўтаришди. Айнан Франциядаги «кўҳна қитъа» чемпионатида мусобақа тарихида илк бор финал босқичида 24та жамоа қатнашди. Голландия, Сербия каби кучли термаларнинг эшик ортида қолиб кетишгани эса қитъада футбол тенглашиб бораётганидан далолат. Шу маънода, жамоалар сонининг оширилишини ижобийлик сифатида қабул қилиш мумкин. Биз «УзРепорт ТВ» телеканали орқали Евро-2016 ўйинларини маромига етказиб шарҳлаган таниқли ҳамкасбимиз Даврон Файзиев билан айни мавзу юзасидан суҳбат қурдик.

- Даврон, бир ой давомида футбол мухлисларини ҳаяжонда ушлаб турган Европа чемпионати тарих саҳифаларидан жой олди. Чемпионат арафасида ушбу мусобақадан нималар кутган эдингиз, якунда ўйлаганларингиз амалга ошдими?

- Биласизми, энг аввало, 24та терма жамоа иштирокидаги Европа чемпионатининг қай даражада ўтишини билгим келди. 16 жамоа қаторига қўшилган термалар уларнинг савиясига мос келадими ёки йўқ, буни ҳам кўп ўйладим. Ўзингиз гувоҳи бўлдингиз, дебютантлар нафақат муносиб рақобат кўрсатиш, балки медаллар учун курашишни ҳам уддалашди. Европада рақобатбардош жамоалар сони 16тадан кўп эканлиги маълум эди ва бу амалда ўз тасдиғини топди.

- Ана шу ўзгариш, яъни терма жамоалар сонининг оширилиши фойдага хизмат қилдими ёки аввалги формат яхши эдими? Гуруҳ босқич баҳслари чўзилиб кетгандек таассурот уйғотмадими?

- Бу борада ҳамманинг фикри турлича. Шахсий фикрим - янги формат яхшироқ кўринди. Биласиз, мусобақа ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказилади. Гуруҳ босқич баҳслари кўз очиб-юмгунимизча ўтиб кетди. Ҳар бир учрашувни жонли эфирда кўрган бўлсам ҳам, барибир, футболдан чарчаш ҳолати кузатилмади. Юқорида айтиб ўтганимдек, аввал 16 жамоа қаторига киролмай юрган баъзи дебютантлар «плей-офф»гача етиб боришди. Бу нарса шунчаки, омад ёки бошқа сабаб туфайли рўй бермади, аксинча, улар муносиб ўйин кўрсатишди.

- Англия термаси яна ўз анъанасига содиқ қолди. Қуръа ноқулай келгани инобатга олинмаса, испанлар, ундан кейин эса итальянлар ҳам мусобақадан эрта чиқиб кетишди. Буларнинг барини кутилмаганликка йўйиш керакми ёки Европада кучлар тенглашяптими?

- Очиғи, инглизларнинг катта мусобақаларни эрта тарк этишлари мени анчадан буён ҳайрон қолдирмаяпти. Авваллари Англия матбуоти бундай омадсиз иштирокдан сўнг терма жамоани тинч қўймасди. Ҳозир эса мағлубиятлар оддий қабул қилиняпти. Рой Хожсон бошланғич таркибни танлашда асосий эътиборини «Тоттенхэм» футболчиларига қаратди. Аммо Маурисио Почеттинодан фарқли ўлароқ, уларнинг имкониятларидан тўғри фойдалана билмади. Бу эса мураббийлар ўртасидаги тафовутни кўрсатиб турибди. Испания ва Италия термалари эса ҳақиқатан ҳам кучли эдилар. Уларнинг ўзаро ўйини чемпионатнинг энг қизиқарли учрашувлардан бири бўлди. Шунчаки, мусобақа тақвими бу икки жамоани муддатидан бироз эртароқ учраштирди. Умуман олганда, фаворитларнинг бир тўрдан жой олишлари кўпчилик қатори мени ҳам бироз ранжитди.

- Шу ўринда айнан Англия футболига оид бир савол. Премьер-лигага бефарқ эмассиз. Шу маънода, «Манчестер Юнайтед»даги ўзгаришлар, хусусан, Жозе Моуриньонинг «қизил иблислар» бошқарувига келиши, ўз ўрнида, «Манчестер Сити»ни Хосеп Гвардиола қабул қилиб олиши... Хўш, Англия чемпионатидаги кескинлик ошармикан? «Беназир» «МЮ»да янги тарих ярата оладими?

- Шубҳасиз, кескинлик ошади. Жозе Моуриньо, Пеп Гвардиола, Антонио Конте, Клаудио Раньери, Юрген Клопп, Маурисио Почеттино, Арсен Венгер... Ҳаммаси ютқазишни ёмон кўрадиган ва ўз олдига фақатгина юқори мақсадлар қўядиган мутахассислар. Янги мавсумнинг ҳар бир турида камида 3-4та супер ўйин гувоҳига айлансак, ажабмас. Айнан Жозе Моуриньонинг «МЮ»даги фаолиятига келсак, бу мутахассис қайси клубда ишламасин, биринчи мавсумнинг ўзидаёқ жамоани кучайтириб юборади. Шу сабабли ҳам «Манчестер Юнайтед» у билан яна катта кучга айланиши турган гап. Менимча, манкунианлар ниҳоят, ўз амбицияларига мос мураббийларни топишди. Бу фикр Манчестернинг иккала жамоасига ҳам тегишли. Бундан бир неча йил аввал «эл класико»га ўзгача жанговарлик руҳини тақдим этган Гвардиола - Моуриньо қарама-қаршилиги энди АПЛда. Супер афиша, дербимисан дерби.

- Нима деб ўйлайсиз, Роман Абрамовичнинг улкан молия лойиҳасига айланган «Челси»нинг даври ўтдимикан?

- Антонио Конте ишлаган биронта жамоанинг мазмунсиз ўйин кўрсатганини эслай оласизми? Шахсан мен бунақасини эслай олмайман. Боз устига, «Челси»нинг имкониятлари жуда катта. Бирдан чемпион бўлиб кетади, демоқчимасману, лекин «аристократлар» ўтган мавсумнинг биринчи ярмида бошланган инқироздан чиқиб кетишади. Конте жамоаларида тартиб-интизом биринчи ўринда туради. Бу - айнан ҳозирги «Челси»га етишмайдиган жиҳат.

- Мессининг терма жамоадан кетиш ҳақидаги қарорига қандай муносабат билдирасиз? Бу жаҳл устида айтилган гапмикан?

- Мазкур масаланинг икир-чикирлари кўп. Уни тўлиқ билмаймиз. Бу саволга қисқагина умумий жавоб беришим мумкин. Менимча, Месси қайтади ва ЖЧ-2018да қатнашади.

- Одатда, чемпионлар муҳокама қилинмайди. Шундай бўлсада, Португалия терма жамоаси ниманинг эвазига чемпионга айланди, деб ўйлайсиз? Кўпроқ омадга ўхшаб кўринмаяптими?

- Катта мусобақалардаги 7та учрашув ҳақида гап кетаркан, ҳаммасини фақат омад ҳал қилди, дейиш нотўғри. Масалан, гуруҳ босқичида омад португаллардан юз ўгирди, деб ўйлайман. Чунки Португалия термаси ўзи жойлашган квартетдаги барча жамоалар билан баҳсларда катта устунликка эга бўлишига қарамай, имкониятларидан фойдалана билмади. Кўп ҳужум ташкил қилди, аммо гол уришда муаммога йўлиқди. Қолаверса, марказий ҳимояда ҳар ўйинда турли вариантлар қўлланди. Одатда, бу чизиқда ўзгармас жуфтлик ҳаракат қилсагина барқарорлик бўлади. Шу тариқа, Португалия термаси гуруҳда қийинчиликка дуч келди. «Плей-офф» эса бошқа масала, бу ерда Хорватия термаси билан ўйинда омад кўпроқ португалларга кулиб боқди, деб айтсак бўлади. Хорватлар муносиб ўйин кўрсатишди, аммо ҳал қилувчи зарба Куарежма томонидан берилди. Польша жамоаси билан учрашув гарчи пенальтилар сериясигача борган бўлса ҳам, у ерда Португалия термаси рақибига нисбатан савиялироқ кўринди. Ярим финалда эса турнирдаги биринчи ишончли ғалаба қўлга киритилди. Португаллар ўйиндан-ўйинга кучайиб боришди. Бу эса катта турнирлардаги асосий омиллардан бири эди. Қолаверса, яна бир нарса ўз исботини топди: ғалабага кўпроқ интилиб, курашни ҳар қандай вазиятда ҳам тўхтатмайдиган жамоаларгина муваффақиятга эришади. Терма жамоа мураббийи Сантуш ҳам яхши ишлади, минимал имкониятлардан максимал даражада фойда чиқара олди.

- Кўпчилик Португалия термасининг ўйини Роналдуга боғлиқ, деб ўйлаганди. Финал шуни кўрсатдики, жамоа 7-рақам соҳибисиз ҳам ўйнай олар экан. Бу борадаги фикрингиз қандай? Нима деб ўйлайсиз, Пайе Роналдуга атайин жароҳат етказдими?

- Финал Роналдусиз ўтди, деган гапнинг ўзи нотўғри. У майдондан чиқиб кетгач, португаллар ҳушёрликни оширишди. Французлар эса хотиржамликка берилдилар. Яъни, ўша ўйинда Криштианунинг аҳамияти жуда катта бўлди. Пайе билан тўқнашувга келсак, Роналду каби футболчиларга қарши ҳар доим ҳам кескин ўйналади. Испания чемпионатини кузатиб борувчилар буни яхши билишади. Мақсад рақиб сафидаги энг хавфли футболчини тўхтатиш. Жароҳатлаш эмас, тўхтатиш. Пайе ҳам одатдагидан кескинроқ ўйнади. Чунки унинг қаршисида оддий футболчи эмас, рақиб етакчиси турганди. Роналдуни «синдириш» мақсадида тепмагандир-у, лекин унга кескинликни кўрсатиб қўйиш мақсади борга ўхшади.

- Финалда кўпчилик французларнинг ғалабасини кутганди. Ҳар 16 йилда чемпион бўладиган жамоанинг бу галги юриши финалда тўхтади. Фаранглар шунга муносиб эдиларми ёки бошдан баланд сакрашганмиди?

- Франция термасининг кучли эканлиги 2014 йилги жаҳон чепионатидаёқ кўринганди. Фарангларнинг таркиб борасида дунёдаги энг кучли жамоалардан бири эканликлари шубҳасиз. Икки йил аввал чорак финалда бўлажак чемпионлар билан қандай ўйнашгани эсимда. Германия термаси учрашув бошида стандарт вазиятдан фойдаланиб гол урганди. Франция жамоаси эса кейинги вазиятларда устунликка ҳам эга бўлганди. Ўша турнирда французларнинг ғолиб чиқишга лойиқ салоҳиятлари бор эди. Евро-2016 финалида эса ҳаммасини иккинчи бўлим ҳал қилди. Мусобақа мезбонларига португаллардаги шижоат, ҳушёрлик ва концентрация етишмади.

- Ҳар биримиз болаликдан мухлислик қилган жамоамиз ўйинини бошқача кайфиятда томоша қилдик ва унга хайрихоҳлик билдирдик. Даврон Файзиевдан вақтинча шарҳловчи деган касб ва мақомни олиб турамиз. Энди айтинг-чи, қайси жамоага мухлислик қилдингиз?

- Онгли ҳаётимнинг ярмини шарҳловчи сифатида ўтказдим. Энди бу мақомни шунчаки олиб ташлаб бўлмайди. Самимий айтаман, фаворит жамоам йўқ эди. Лекин Исландия ва Уэльснинг ўйинларига беихтиёр меҳр қўйдим.

- Демак, бу жамоаларнинг ўйин-ларини ЖЧ-2018 саралаш босқичида ҳам кузатиб борасиз?

- Фикримча, Исландия воқеаси такрорланиши қийинроқ. Аммо Уэльс термасида жуда кучли авлод шаклланяпти, улар юқори даражани сақлаб қола олишса керак.

- Энди навбат блиц-саволларга. Европа чемпионатининг энг чиройли ўйини?

- Чорак финалдаги Германия - Италия учрашуви.

- Энг зерикарли ўйин?

- Гуруҳ босқичи доирасидаги Албания - Руминия баҳси.

- Чемпионатнинг энг чиройли голи муаллифи?

- Ража Наингголан (Уэльс - Бельгия ўйинидаги гол).

- «УзРепорт ТВ» телеканалининг янги мавсум учун режалари мухлисларни қизиқтиради. Бу борада нима дея оласиз?

- Телеканалимиз кейинчалик ҳам жахон футболининг энг ёрқин турнирларини мухлисларга тақдим этишни режалаштирган. Хусусан, Европа Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси, Европа Суперкубоги, Англия премьер-лигаси учрашувлари жонли эфирда ҳавола қилинади. Яна бир қанча йирик мусобақалар борасида музокаралар олиб борилмоқда. Булар ҳақда аниқ бир тўхтамга келинганидан сўнг маълум қиламиз. Албатта, ўзбекистонлик футбол мухлислари энг ёрқин футбол турнирларини бевосита кўришга муносиблар. Уларни хурсанд қилиш - асосий вазифамиз. Бу саъй-ҳаракатлар яқинда бошланди, ҳақиқий синов давридан ўтдик. Томошабинларнинг мунтазам қўллаб-қувватлашлари натижасида мавсумни муносиб ўтказишга ҳаракат қилдик. Келгусидаги мақсадимиз - футбол трансляциялари борасида янада олдинга интилиш.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:23, 27.07.2016.
Ўқилди: 7471 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.