Йилнинг кутилган энг йирик мусобақаси, сўзсиз, Рио-де-Жанейро Олимпиадаси! “Эрудит СПОРТ” нашри мазкур мусобақада олтин медалларга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган спортчиларимиз ҳақида маълумот беради.
Ришод СОБИРОВ
Спорт тури: Дзюдо, 66 кг. вазнда
Маълумот: 1986 йилнинг 11 сентябр куни Бухоро вилоятида туғилган
Қўлга киритган ютуқлари: Халқаро мусобақалар ва Осиё ўйинлари ғолиби, Жаҳон чемпиони;
Ҳозирда дзюдочи барча рақибларини ўрганиш билан бир қаторда ўзининг камчиликларини бартараф этиш устида бош қотиряпти. Олимпиада ўйинларига рейтинг очколари орқали йўл олган ҳамюртимизнинг юриши “олтин” медал билан якуланишини Собировнинг мураббийлари қатори мухлислар ҳам кутмоқда. Чунки Пекин ҳамда Лондон Олимпиадаларида “бронза” медални қўлга киритган дзюдочи бугунги кунга келиб маҳорат ва тажриба жиҳатдан юқори даражада. Ришоднинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Лондондан қайтганимизда муҳтарам Юртбошимизга “Риодан, албатта, Сизга Олимпиаданинг “олтин” медалини олиб келаман”, деб ваъда берганман. Насиб қилса, шу ваъдамнинг устидан чиқаман”.
Дмитрий ШОКИН
Спорт тури: таэквондо, 87 кг. вазнда
Маълумот: 1992 йил 30 май куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган
Қўлга киритган ютуқлари: Бутунжаҳон Талабалар универсиадаси ғолиби, Осиё ва Жаҳон чемпиони;
— Жаҳон чемпионатида қўлга киритган олтин медалимни Олимпия ўйинларида ҳам такрорлашни мақсад қилганман”, дея мусобақа олдидан ўз мақсадини билдирди таэквондочи. Мамлакатимиз тарихидиа биринчи маротаба таэквондо бўйича Жаҳон чемпионлигини нишонлаган Дмитрий бу юришни Риода ҳам давом эттиришига тилакдошмиз. “Риода чемпион бўлсам, мадҳиямиз янграётган пайт йиғлаб юборишим аниқ”, деганди. Умид қиламизки, Шокиннинг бу нияти, албатта, рўёбга чиқади.
Элшод РАСУЛОВ
Спорт тури: Бокс, 81 кг. вазнда
Маълумот: 1986 йилнинг 7 март куни Фарғона вилоятида дунёга келган
Қўлга киритган ютуқлари: Ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони, Жаҳон чемпионати “бронза” медали совриндори;
Шуни айтиш керакки, Элшод Расулов бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг энг тажрибали вакилидир. Бразилиядаги Олимпиада спортчи учун тўрт йилликнинг учинчи энг нуфузли мусобақаси бўлади. У 2008 йили Пекинда бўлиб ўтган Ёзги олимпия ўйинларида 75 кг., 2012 йилги Ўйинларда 81 кг. вазн тоифасида иштирок этиб, ҳар икки мусобақада чорак финалдан ортда қайтганди. Бу ҳолат Риода ўзгаришини кутиб қоламиз.
Рустам АССАКАЛОВ
Спорт тури: Юнон-рум кураши, 85 кг. вазнда
Маълумот: 1984 йил 13 июл куни таваллуд топган
Қўлга киритган ютуқлари: Осиё чемпионати ғолиби, Осиё ўйинлари ғолиби, Жаҳон чемпионати вице-чемпиони;
2015 йили АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемпионатида номдор рақибларини мағлубиятга учратиб, кумуш медални қўлга киритди. Бу курашчилар орасида Рио Олимпиадасида иштирок этишининг далолати эди. Насиб қилса, Рустам мундиалдаги “кумуш” медални Олимпиадада “олтини”га алмаштиради.
Руслан НУРИДДИНОВ
Спорт тури: Оғир атлетика, 105 кг. вазнда
Маълумот: 1991 йилнинг 24 ноябрь куни Андижон вилоятида туғилган
Қўлга киритган ютуқлари: Осиё ва Жаҳон чемпиони, Бутунжаҳон Талабалар универсиадаси ғолиби;
Рио-2016 Руслан Нуриддинов учун иккинчи Олимпиада. У илк бора Лондонда ўтказилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этган. Ўшанда бироз омад етишмаган, якунда спортчимиз силтаб ва даст кўтариш машқларидан сўнг жами 404 килограмм тошни ўзига “бўйсундириб” тўртинчи ўрин билан кифояланганди. Лондон Олимпиадаси катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилган экан, кейинги мусобақаларда ғалаба қозонди. Ишонамизки, Русланнинг Ўйинлардаги иккинчи иштироки муваффақиятли бўлади.
Бектемир МЕЛИҚЎЗИЕВ
Спорт тури: Бокс, 75 кг. вазнда
Маълумот: 1996 йили Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида таваллуд топган
Қўлга киритган ютуқлари: Ўсмирлар ўртасида Жаҳон ва Осиё чемпиони, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, Жаҳон чемпионати совриндори;
Ўз вазнида жаҳон вице-чемпиони Бектемир Мелиқўзиев биринчи маротаба Олимпиада чемпионлиги учун рингга чиқаётган бўлсада, унинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Халқаро мусобақаларда тўпланган тажриба қўл келиб, рақибларини доғда қолдиради, деган умиддамиз.
Рио-2016 мусобақаси олдидан йўлланма қўлга киритган барча спортчиларимизга омад ёр бўлишини, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, муваффақият қозонишини тилаб қоламиз.
Улуғбек Раҳмонқулов