Олимпиаданинг учинчи куни. 8 август, душанба куни Рио-де-Жайнеро спорт иншоотларида 5 нафар ўзбекистонлик спортчилар баҳсларда иштирок этишади.
Ўқ отиш, 10 метр. Пневматик милтиқ. Эркаклар
Пневматиқ милтиқдан ўқ отиш бўйича Вадим Скороваров саралаш баҳсларида иштирок этади. Ҳамюртимиз саралашдан муваффақиятли ўтса, финал баҳсларида қатнашади. Саралаш 17:00, финал 20:00да бошланади.
Академик эшкак эшиш, эркаклар, яккалик, 2000 метр.
Шаҳбоз Холмурзаев кеча чорак финалга чиқиш учун қўшимча саралаш мусобақасида кеча қатнашиши керак эди. Аммо ноқулай об-ҳаво туфайли баҳслар бугунги қолдирилди. Бошланиш вақти — 17:30.
Дзюдо, эркаклар, 73 кг.
Учинчи дзюдочимиз Мирали Шарипов бугун баҳсларга киришади. Унинг дастлабки саралаш босқичидаги рақиби голландиялик Декс Элмонт бўлади. Ҳамюртимиз ушбу беллашувда ғалаба қозонса, нимчорак финалда Миклос Унгвари (Венгрия) / Нуно Сарайва (Португалия) жуфтлиги ғолибига қарши татамига чиқади. Дзюдонинг саралаш баҳслари 18:00да бошланади. Медаллар учун жанглар 23:30га белгиланган.
Бокс, эркаклар
91 кг.гача бўлган вазнда Бразилияга ташриф буюрган Рустам Тўлаганов бугун эквадорлик Хулио Сезар Кастильога қарши рингга кўтарилади. Ушбу баҳсдаги ғалаба Рустамни чорак финалга олиб чиқади. Бошланиш вақти — 21:30.
Энг енгил вазн тоифасидаги (49 кг.) боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов ҳам бугун ўз жангини ўтказади. Нимчорак финалда унга мексикалик Хоселито Велазкес рақиблик қилади. Жанг 01:00да старт олади.
Сузиш, 200 метр, комплекс
Раънохон Омонова бугун ўзининг иккинчи йўналиши — 200 метр масофага комплекс услубда сузиш баҳсларида иштирок этади. Саралаш баҳслари 22:00дан бошлаб старт олади.