Тошкентда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё Футбол Ассоциациаси кубоги (CAFA CUP) доимрасидаги сўнгги ўйин куни бўлиб ўтмоқда. 6 август куни старт олган турнирнинг сўнгги кунида Ўзбекистон-2 U19 терма жамоаси учинчи ўрин учун кечган ўйинда Тожикистонга қарши майдонга тушди.
Биринчи бўлим жамоаларнинг тенг курашлари остида кечган бўлсада, тайм якунида Тожикистон ёшлар терма жамоаси ҳисобни очиб, танаффусга ғолиб сифатида чиқиб кетди.
Учрашувнинг 66-дақиқасида эса Жавоҳир Эсонқуловнинг аниқ зарбаси ҳисобни тенглашишига олиб келди. Учрашув асосий вақтида дарвозаларга бошқа гол урилмади ва ғолиб пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди.
11 метрлик жарима зарбалари сериясида эса Тожикистонликлар омадлироқ бўлиб чиқди ва 7:6 ҳисобида ғолиб бўлди.
Шу тариқа Тожикистон ёшлар терма жамоаси илк маротаба ўтказилаётган CAFA CUP U19 турнирида учинчи ўринни қўлга киритди.
Турнирнинг финал учрашуви эса бугун, 9 август куни 18:00да бошланади. Унда Жасур Абдураимов бошчилик қилаётгавн Ўзбекистон-1 (U19) терма жамоаси Қирғизистонга қарши майдонга чиқади. Учрашув "Жар" стадионида бўлиб ўтади.