Бразилия пойтахти Рио-де-Жанейрога йўл олган мамлакатимиз олимпиячилари сафида бўлган Ришод Собировни кузатиш учун аэропортга унинг ота-онаси Рашид ака ва Гулнора опа ҳам чиқди.
Ота дуога қўл очди:
– Илоҳим, Ватанимиз спортчилари қатори сенга ҳам Оллоҳ мададкор бўлсин! Юртимиз обрўсига обрў қўшинглар. Курашга тушганда бутун халқимизнинг нигоҳи сизларда эканини унутманглар!
XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг дзюдо бўйича вазни 66 килограммгача полвонлар беллашувида икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари совриндори Ришод Собиров делегациямиз ҳисобига бронза медални келтирди. У кескин ва муросасиз баҳсларда беларуслик Дмитрий Шершан, арубалик Жейм Мата, Доминикан Республикасидан Уандер Матео ва словениялик Адриан Гомбоцни мағлубиятга учратди.
– Оила аъзоларимиз билан телевизор қаршисида жамулжам бўлдик, – дейди Рашид ака Собиров. – Кураш бошланди. Ҳаяжонланганимизни кўрсангиз эди. Гўё Бразилиядаги кураш саройидамизу мураббийдек маслаҳат берамиз. “Бўш келма, ўғлим!”, дейман юрагим ҳапқириб. “Бўйларингдан айланай, Ришодим, ёнингдаман, сенга ишонамиз!”, дейди онаси. Сизга аёлимнинг спортга ишқибозлигини айтмабман. Аслида у Ришоднинг курашга қизиқишини қувватлаган. Чалғидим-а. Кечирасиз. Ришод ўғлим зўр олишди. Бир пайт болам Адрианни партер ҳолатига тушириб, чирмаб олди-ёв! Рақиб оғриқли усулга дош беролмай,мағлубиятини тан олди. Қарасам, ҳаммамизнинг кўзимизда ёш. Сиз ҳам биздай қувонгандирсиз-а?!
– Балки ишонмассиз, тунги соат иккидан кейин бутун маҳалла қутлагани уйимизга кела бошлади, – дейди онаси Гулнора Раҳматова. – Ҳаммалари телевизор орқали Ришодимнинг курашини кўришганини айтишди. Бирови айтиб қолди: Устоз (опа мактабда ўқитувчи), ғалаба муборак! Ришод дунёнинг нариги четида, не-не мамлакатлардан жам бўлган полвонларни енгиб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди. Президентимиз ишончини оқлади. Ўғлингиз бутун Ўзбекистоннинг фахри!
Ришод Собиров Бухоро вилоятининг Жондор тумани Бўрибоғи қишлоғида туғилган. Бўрибоғининг кекса отахони, 82 ёшли Норполвон бобонинг айтишича, полвонлик Ришоднинг наслида бор. Бобоси Ҳазратқул бобо ўтган асрнинг 20-30-йилларида довруғли курашчи бўлган.
Ўзбекистон замини истеъдодларга ҳамиша бой бўлган. Гап уларни юзага чиқариш учун зарур шароит яратиш, қўллаб-қувватлашда. Мустақиллик йилларида барча соҳалар каби спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз раҳнамолигида олис қишлоқларда ҳам муҳташам спорт иншоотлари қад ростлади, барча замонавий шароит яратилди.
Олот туманидаги 7-олимпия спорт мактаб-интернати 1995 йилда ташкил этилган. Қисқа вақтда бу ердан дунёга машҳур ўнлаб спортчилар етишиб чиқди. Ришод шу мактаб-интернатда ўн икки ёшидан бошлаб таълим олди, кураш ва дзюдо билан мунтазам шуғулланди. Мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, тилга тушди.
– Ришод ўзига хос техникага эга, – дейди Олот туманидаги 7-олимпия спорт мактаб-интернати директори Рустам Тўраев. – Иродаси кучли. Аввало, мураббий топшириғига ижодий ёндашади, истаганингиздан ҳам зиёда бажаради. Рақиб билан беллашаётганда гавдасини тик тутади, ҳеч қачон эгилмайди. Рақибини қайси қўлда ёқаси ва енгидан ушлаб, мувозанатдан чиқариш усулини қойилмақом ўзлаштирган. Унинг Олимпиадада бронза медали учун ўтиш босқичида доминиканлик спортчига қарши курашига эътибор бергандирсиз. Дастлаб, рақибини ўрганди, хотиржам ҳаракат қилди. Буни фаолсизликка йўйган ҳакам уни икки бор огоҳлантирди. Баъзилар бундай ҳолатда асабийлашиб, умидсизликка тушади. Ришод улардан тубдан фарқ қилади, охиригача курашади. Доминиканлик рақибининг ҳолати, ўз кучига ортиқча баҳо бериб, ҳушёрликни бой берганини илғаб, айни шу фурсатда чиройли усул қўллаб, рақибини бели оша гиламга улоқтирди.
Ришод мактаб-интернатни тугатгач, Бухоро давлат университетида таълим олди. Таниқли мураббий Фурқат Солиев раҳбарлигида маҳоратини оширди, йирик халқаро мусобақаларда совриндор, ғолиб бўлди. Кейинги саккиз йиллик фаолияти пойтахт билан боғланди. Янги-янги номлар майдонга чиқа бошлаган ва кучли рақобат муҳитида терма жамоа сафидан мустаҳкам жой олиб турибди. Икки карра жаҳон чемпионлигига эришди, Пекин ва Лондон Олимпиадаларида совриндор бўлди. Мана, энди Бразилияда учинчи бронза медални қўлга киритди. Бу айтишга осон. Уч Олимпиадада дзюдочилар баҳсида медалга сазовор бўлган дунёдаги бешинчи спортчи сифатида эътироф этилди.
Суҳбат асносида Рашид акадан фарзанди Ришод билан қўнғироқлашгани ҳақида сўрадик. Полвоннинг отаси ҳеч нарса демади ва уяли телефонидан Ришоднинг ёзиб олинган сўзларини эшиттирди:
– Яратганга шукр, Президентимиз ишончини оқладим. Отажон, онажон, сизларнинг дуоларингиз мени қўллади. Қўлга киритган ютуғим мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига сизларнинг ҳам совғангиз бўлади.
Халқимизнинг қадриятлари кўп. Полвонлик истиқлол туфайли қайта тикланган, қадр топган қадриятдир. Элни шарафларга буркаган полвонни халқ ҳам эъзозлайди.
– Қишлоғимизда жуда кўп таниқли курашчилар ўтган, – дейди Бўрибоғи қишлоғи жойлашган “Паҳлавон” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Жўрақулов. – Илдизлар мустаҳкам экан. Ришод полвондай спортчимиз бор. Унга ҳавас қилиб, юзлаб ёшлар спорт билан шуғулланмоқда. Улардан ҳам умидимиз катта. Гали келди, бир гап айтсам. Йиғинимиз ташкил топганига икки йилдан сал ошди. Унга ном беришда анча таклифлар бўлди. Лекин кўпчилик “Паҳлавон” номини маъқуллади. Бугун қаерга бормайлик, фахр билан “Биз Ришод полвон вояга етган “Паҳлавон”данмиз!” деймиз. Ҳа, гўзал Ўзбекистоннинг “Паҳлавон”иданмиз.