Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг муваффақиятини такрорлаган «андижонлик Пакьяо»

Баҳо:
+1 | -

Рио–2016 Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон олимпия терма жамоасига илк олтин медални бокс мусобақаларининг энг енгил – 49 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Ҳасанбой Дўстматов олиб келди.

Саккиз вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, филиппинлик Мэнни Пакьяони кумири деб ҳисоблайдиган Ҳасанбой Дўстматов Instagram’даги саҳифасини Manny Hasan Pacquiao Pacman номи остида юритади. У 1993 йил, 24 июнь куни Андижон вилоятидаги Булоқбоши туманида таваллуд топган. Олимпиада чемпионлигига қадар ўзбекистонлик боксчи бир қатор мусобақаларда иштирок этиб, юқори поғоналарни забт этган.
Ҳасанбой Дўстматов илк марта 2011 йили ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлган. Тажрибасини орттириб борган боксчи 2012 ва 2013 йилда мамлакат биринчилигида тенгсиз деб топилган. 2013 йилнинг ўзида Дўстматов Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам ғолиб чиққан. Шунингдек, кўплаб халқаро турнирларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олиб келган Ҳасанбой 2013 йили Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган ёзги Универсиада ўйинларида олтин медалга эга чиққанди.

Бундан ташқари, 2015 йили Ҳасанбой Дўстматов Бангкокда ўтказилган Осиё чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олган. Шунингдек, Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг VI мавсумидан бошлаб Ҳасанбой Дўстматов янги ташкил топган Uzbek Tigers («Ўзбек йўлбарслари») жамоасига таклиф этилди ва ўзининг ғалабаси билан жамоанинг мусобақа ярим финалига чиқишига ўз ҳиссасини қўшди. Бунга қадар у Ukraine Otamans («Украина атаманлари») сафида бир нечта жанг ўтказиб, муваффақиятга эришганди.

Ўзбекистонлик боксчи Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун Хитойнинг СианъАн шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ва Океания қўшма лицензион турнирида олтин медалга ҳам сазовор бўлиб, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Рио–2016 Олимпиадаси чемпионлиги йўлида ўзбекистонлик боксчи аввал мексикалик Хоселито Веласкесни (3:0), кейин эса қозоғистонлик Биржан Жакиповни (3:0) ишончли тарзда мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасига эга бўлди. Ярим финалда Ҳасанбой Дўстматов АҚШ вакили Нико Эрнандесни (3:0) қийинчиликсиз таслим этиб, мусобақанинг финалига йўл олган ва камида бронза медални нақд қилганди.

Олимпиада финалида ўзбекистонлик боксчи тажрибали колумбиялик чарм қўлқоп эгаси Юберхен Мартинесга қарши жанг олиб борди. Ҳаяжонли ўтган баҳсда Ҳасанбой Дўстматов барча раундларда устунлик кўрсатиб, ўз вазнида тенгсиз эканини исботлади.

Сўнгги маротаба бокс бўйича Олимпиада олтин медалини Андижон бокс мактабининг тарбияланувчиси Муҳаммадқодир Абдуллаев, 2000 йили Сиднейда ўтказилган Олимпиада ўйинларида қўлга киритган эди. 16 йилдан сўнг айнан андижонлик боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг натижасини такрорлаш бахтига мушарраф бўлди.
Финал жангидан аввал берган интервьюсида Ҳасанбой Дўстматов Муҳаммадқодир Абдуллаевни ҳам эслаб ўтди. «Ўша олтин медаль ҳозиргача ягона бўлиб келди. Мен ҳам Муҳаммадқодир ака каби чемпион бўлишни истайман. Ғалабам қолган боксчиларни руҳлантиришини хоҳлардим» – дея фикр билдирган эди Дўстматов.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 14:18, 15.08.2016.
Ўқилди: 6216 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.