Иордания пойтахти Амман шаҳрида оғир атлетика бўйича 4-халқаро Афро-Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мазкур мусобқада қизлар терма жамоаси билан иштирок этди.
Ҳабарингиз бор эркаклар терма жамоаси яқиндагина Рио-де-Жанейрода XXXI ёзги Олимипия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, терма жамоамиз етакчиси Руслан Нуриддинов нафақат олтин медални қўлга киритганди, балки Олимпия ўйинлари рекордини янгилаганди. Шу боисдан эркаклар терма жамоасига нуфузли мусобақадан сўнг жисмоний холатларини тиклаб олиш учун бироз дам беришга қарор қилган федерациямиз раҳбарлари Иорданияга қизлар терма жамоасини олиб кетишганди.
Эътиборлиси қизларимиз ҳам Афро-Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб ўзбек оғир атлетика мактаби чиндан ҳам қитъамизда етакчилардан эканлигини амалда исботлай олишди. Боиси мусобақада иштирок этган етти нафар қизимиздан олтитаси совринли ўринларни қўлга киритишди.
Вазни 53 кг гача бўлган спортчилар беллашувида Марина Сисоева, 69 кг оғирликдаги қизлар баҳсида Манзура Мамасолиева ва 75 кг оғирликка эга бўлган қизлар ўртасида Омадой Отақўзиевалар уччала йўналишда, яъни даст кўтариш, силтаб кўтариш ва иккикураш баҳслари якунларига кўра учтадан олтин медалларига сазовор бўлган булсалар, силтаб кўтаришда яна бир ҳамюртимиз Муаттар Набиева барча рақибларини ортда қолдириб олтин медали билан тақдирланди.
69 кг оғирликдаги қизлар баҳсида кумуш медал ҳам Ўзбекистон вакиласига насиб этди. Хабар бериб ўтганимиздек ушбу вазн тоифасида олтин медалга Манзура Мамасолиева сазоовр бўлганди. Шохсупанинг иккинчи поғонасидан эса яна бир ўзбекистонлик спортчи Гулноза Ахматова ўрин эгаллади. Гулноза ҳам ўз навбатида уччала йўналишда кумуш медалларини қўлга киритди. Шунингдек делегациямизнинг яна бир аъзоси Далера Давронова бронза медали билан тақдирланди. Демак мусобақа якунларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 4 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, умужамоа ҳисобида 31 мамлакат орасида биринчи ўринни эгаллашди ва 4-халқаро Афро-Осиё чемпионатининг Бош мукофотига сазовор бўлишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси янги тўрт йиллик Олимпия циклига аёллар терма жамоасини қайтадан шакллантирмоқда ва 2020-йилги Олимпия ўйинларида аёллар терма жамоаси олдига ҳам катта мақсадлар қўйилмоқда. Иорданиядаги турнир эса ушбу циклда дастлабки синов мусобақаси бўлди. Ана шу тариқа Токио Олимпиадасига қадар терма жамоа таркиби кўплаб халқаро мусобақалар орқали шакллантириб борилади ва қилинган катта хажмдаги меҳнатлар самарасини насиб қилса тўрт йилдан сўнг кун чиқар юртда ташкил этиладиган Олимипия ўйинларида кўрамиз.
Ўз навбатида биз Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбариятини, қолаверса шохсупадан ўрин олган қизларимиз ва уларни мусобақага тайёрлаган мураббийларни мазкур мувафақият билан муборакбод этиб қоламиз.