ЖЧ-2018 саралашининг учинчи босқичи 2-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Самвел Бабаян шогирдлари Доҳада Қатарни мағлубиятга учратди.
Биринчи таймда терма жамоамиз асосан иккинчи рақам остида ўйнашга ҳаракат қилди. Тўп билан кўпроқ қатарликлар муомалада бўлишди. Вакилларимиз Қатарнинг ўйин бошидаги босимидан чиқиб, аста-секин ҳужумга ўта бошлашди. Яратилган хавфли вазиятлар сони бўйича мезбонлар бироз устунликка эга бўлишди, аммо ҳозирча дарвозани ишғол қилиш ҳеч кимга насиб этмади.
Иккинчи бўлимда терма жамоамиз тактикани ўзгартирди ва кўпроқ ҳужум ташкил қила бошлади. Бу эса қатарликларга қарши ҳужумда имкониятларни юзага келтириш эҳтимолини юзага келтирарди. Иккита вазиятда омад Қатардан юз ўгирганини таъкидлаш лозим. Вазиятларнинг бирида Буалим Хухий 11 метрли нуқта устидан чалқанча услубда берган зарбаси тўсинга тегиб қайтди. Яна бир вазиятда эса Ислом Тўхтахўжаев ҳимоячиларимизни бирин-кетин алдаб ўтиб, жарима майдончаси ичида зарба беришга чоғланаётган футболчининг оёғига ташланиб, хавфни бартараф этди.
Майдонга Гейнрихнинг туширилиши ҳимоячиларини тахликада ушлаб турди. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Саша ўнг қанотда жарима зарбаси ишлади ва уни ўзи ўйинга киритди. Егор Кримец бош билан дарвозани ишғол қилди!
Футболчиларимиз голни Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовга бағишлашди...
Қолган дақиқаларда ҳисобни ушлаб туриш, рақиб шаштини пасайтиришда Гейнрихнинг ҳиссаси катта бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоамизда иккинчи ўйинда ғалаба қозониб, ўз очколарини 6тага етказди ва гуруҳнинг яққол пешқадами бўлиб олди. Термамиз навбатдаги баҳсни 6 ва 11 октябрь кунлари Эрон ва Хитойга қарши ўтказади.
ЖЧ-2018, 3-саралаш босқичи, "А" гуруҳи, 2-тур
ҚАТАР - ЎЗБЕКИСТОН - 0:1
ГОЛ: Егор Кримец (86)
Қатар: 21.Умар Барри, 2.Муҳаммад Муса, 3.Абдулкарим Ҳассан, 4.Аҳмад Саид, 9.Родриго Табата, 10.Ҳассан Ал Ҳайдос, 12.Акрам Афиф, 16.Буалим Хухи, 19.Аҳмад Ёсир, 20.Карим Будиаф, 23.Себастьян Сориа.
Ўзбекистон: 21.Александр Лобанов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 2.Егор Кримец, 5.Анзур Исмоилов, 19.Виталий Денисов, 18.Отабек Шукуров, 9.Одил Аҳмедов, 8.Сервер Жепаров, 23.Элдор Шомуродов, 10.Сардор Рашидов, 11.Игорь Сергеев.