Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларига: Йиғлатдингиз!

Баҳо:
+1 | -

Ўзбекистон футболчилари Қатарда майдонга тушдилар. Президентимиз вафотларидан кейин биринчи ўйин эди бу.

“Нима бўлар экан? Бу ёқда халқ эндигина мотамдан чиққан бўлса? Ютқазиб қўйишса, хафачилик устига хафачилик бўлмасмикан? Йигитларнинг руҳияти қанақа экан?” деган саволлар бор эди кўнглимда. Футболчиларимизнинг ҳам, мураббийларнинг ҳам кўнглида бор экан, шекилли, илк эътиборимни тортган нарса уларнинг, ҳатто мураббийнинг ҳам билакларидаги қора, мотам тасмаси бўлди. Бир йиғладим.

“Футболчиларимизнинг фақат оёғи эмас, калласи ҳам бор экан-ку”, дедим. Мураббийинггаям, дедим, отанггаям, дедим, раҳмат, дедим! Қатар стадионида аввал бизнинг Юрт қўшиғи, Президентимиз севган, фахрланган, жаҳон майдонларида янграшини орзу қилган Ватанимиз мадҳияси янгради. Икки йиғладим!

Азизлар, энди мадҳиямизни йиғламасдан тинглай олмас эканман! Ана шуни ҳис қилдим! Турли миллат вакиллари бўлган терма жамоамиз футболчилари, армани бўлган мураббий ҳам мадҳия сўзларини айтаётганини кўриб, кўз ёшларимни тия олмадим...

Икки мамлакат футболчилари майдон марказида саф тортиб, бутун бошли стадиондаги томошабинлар ҳам ўрнидан туриб, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақлашди. Уч йиғладим.

Стадионинггаям, дедим, стадионингни директоригаям, дедим, раҳмат, дедим! Ҳаммаси ўйин охирида бўлди. Ўзбекистон гол урди! Ўзбек футболчилари тарихда бўлмаган ишни қилди, меҳмонда, рақиб майдонида ғалаба қилди! Тўрт йиғладим!

Ўв, биродарлар! Футболчиларимиз қийқирмадилар, ўзларини яшил майдонга отмадилар, бир-бирининг устига ирғишламадилар. Улар бир жойга жам бўлиб, қўлларини кўкка кўтарганча “Ғалабамизни Президентимизнинг руҳи покларига бағишлаймиз!” дедилар. Футболчиларимизнинг фақат оёғи эмас, калласи эмас, қалблари ҳам бор экан! Ўв, қибладошлар! Ана шунда беш йиғладим!

Президентимизнинг руҳлари шод бўлди, дедим! Жойнамозни тўшадим, икки ракаат намоз ўқиб, Президентимизнинг ҳақларига дуо қилдим, футболчиларимизнинг ҳақларига дуо қилдим. Илоё, сизларни омад тарк қилмасин, дедим! Илоё, Президентимиз орзу қилганидек, Ўзбекистон буюк давлат бўлиб, футболчилари ҳам элга обрў олиб келсин, Жаҳон биринчиликларида бугунгидек севинтирсин, майли, йиғлатишсин, дедим! Майли, йиғлатишсин!

Ким билади, мен Президентини, она юртини, ўзига ўхшаган содда халқини қаттиқ севган ватанпарастдирман?! Ким билади, балки, асаблари бўшаб қолган, ҳар нимага йиғлайверадиган йиғлоқи бир чолдирман? Янаям ким билади...

Эрталаб туриб, Шоҳи Зиндага, Президентимизнинг бошларига бордим. Қуръон тиловат қилдим ва тепада сиз ўқиган гапларнинг ҳаммасини Президентимизга айтиб бердим. “Сиз орзу қилган ҳамма иш бўлаяпти”, дедим! “Ўзбекистон келажаги буюк давлат”, дер эдингиз, инша Аллоҳ, буюк бўлаяпти”, дедим. “Сиз тинч ётинг, кўнглингиз бизлардан тўқ бўлсин, энди, Худо хоҳласа, катта йўлдамиз, адашмаймиз”, дедим!

Айтдим, ўв, оғайнилар, айтдим!

Тўра Мурод

Манба: stadion.uz
Киритилди: 13:35, 07.09.2016.
Ўқилди: 27115 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.