Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Фил» суриб, «от» ўйнатиб...

Баҳо:
+ | -

Бугун шахмат бўйича ўтказилаётган ҳар қандай халқаро мусобақада хорижликлар ўзбекистонлик ёш шахмат усталарини асосий рақиб деб билади. Бунга етарлича асос бор.

 

Мамлакатимизда шахмат ривожига кўрсатилаётган улкан эътибор ва етишиб чиқаётган иқтидорли шахматчиларнинг кучли авлоди ҳозирда халқаро миқёсда ўз сўзини айтмоқда.

Келинг, ўзбекистонлик ёшлар дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаган шахматчиларимизни санаймиз: 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов, ўзбек қизлари орасида биринчи халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова, мактаб ўқувчилари ўртасида рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлари — ака-ука Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар, яна бир ёш жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов. Иқтидорли шахматчилар Абдулбосит Шарифжонов, Оқжол Раҳматуллаев, Нодирбек Ёқуббоев, Мафтуна Бобомуродова эса Осиё чемпиони шарафига муяссар бўлган. Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин...

Ана шундай ёш иқтидорлар сафини янада кенгайтириш, юртимизда шахматни изчил оммалаштириш, ўзбек шахматининг ёрқин келажагини таъминловчи истеъдодли спортчиларни тарбиялаш мақсадида бундан икки йил олдин пойтахтимизнинг «Бўзсув» канали бўйида шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби барпо этилганди. Яқинда бу ерга мамлакатимиздаги иқтидорли шахматчилар саралаб олиниб, ўқув машғулот дарслари бошланди.

Мактаб остонасидаёқ шахмат оламига шўнғигандай бўласиз. Бино ўзига хос дизайнга эга: шахмат доскасини эслатади. Мазкур иншоот бир қанча бўлимларни ўз ичига олган. Ўқув-машғулот хоналаридаги электрон шахмат тахталари халқаро андозаларга мос. Ўқувчилар учун махсус дам олиш хонаси мавжуд. Бу ерда шахматчиларнинг ўйин амалиётидаги тажриба-маҳоратини ошириш учун шахмат заллари барпо этилган — бир вақтнинг ўзида юз шахматчи ўзаро баҳслашиши мумкин.

— Айни пайтда бу ерда 75 ўғил-қиз шахмат сирларини ўрганмоқда, — дейди шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Комилжон Синдоров. — Шуларнинг 33 нафари имтиҳонсиз қабул қилинган. Сабаби улар миллатимиз фахри — чемпионлар. 6-16 ёшли ўқувчи-ёшларга мактаб дарсларидан бўш вақтида 13 тажрибали, профессионал мураббий сабоқ беради. Ҳар бир гуруҳ ихчам, беш-олти, кўпи билан ўн боладан иборат.

Машғулот хоналарининг бирини кўздан кечираётиб, шахмат доскасининг доналари эътиборимни тортди. Қўлимга «От»ни олиб, диққат билан разм соламан. Кўриниши, сифати барибир бошқача. Шунда ёнимдаги ҳамроҳим, мактабнинг услубчиси Алишер Раззоқов гап қўшди: «Бу доналар оддий ёғочдан эмас, ёнғоқ дарахтидан ишланган». Айтишича, ёнғоқ дарахтидан ишланган доналар ўта мустаҳкам бўлади. Дарз кетмайди, чириши қийин. Асллиги узоқ вақт сақланади.

Интернетга уланган компьютерлар билан жиҳозланган хонадамиз. Бу ерда ўқувчилар чет эллик ёш шахматчилар билан он-лайн шахмат ўйнаш, ўз тажрибасини янада ошириш имконига эга. Ҳаваскорлар, шахмат ихлосмандлари ҳам бу қизиқарли, ҳаяжонли дақиқалардан бебаҳра қолмайди:  ўйинни uzchess.uz сайти орқали тўғридан-тўғри кузатиши мумкин. Инглиз тили хонасида эса болалар лингафон ёрдамида қўшимча дарс олади.

— Даргоҳда ўқувчилар учун зарур барча биринчи ёрдам воситалари муҳайё этилган, — дейди болалар педиатри Фотима Муҳаммаджонова. —Болаларнинг саломатлиги жиддий назоратда. Хусусан, шахматчининг бўйи, вазни, кўриш қобилияти, юрак уриши сингари тиббий текширувлар ҳар куни ўтказилади.

Шахмат кишидан юксак ақл-заковат, сабр-матонат ва ирода талаб қиладиган ғоят мураккаб спорт тури. Бунда спортчи машғулотдан кейин табиийки, чарчайди. Шу боис яхши ҳордиқ чиқариши зарур. Бунинг учун эса мактабда барча шароит яратилган. Ёш шахматчилар турли кўнгилочар воситалар билан жиҳозланган хоналарда дам олиши мумкин. Турфа балиқлардан иборат аквариумлар кишига ором беради, сокинлик бағишлайди.

Замонавий спорт залида ўқувчи-ёшлар футбол, волейбол, баскетбол ўйнайди. Залнинг ўртасида стол тенниси турибди. Нега айнан стол тенниси экани билан қизиқаман. Билсам, шахматнинг блиц турида вақт чегараланган. Шахмат доналарини тез юриш керак. Стол тенниси ҳам блиц шахматга ўхшаш. Унда ҳам рақиб узатган коптокни дарҳол зарба бериб, қайтариш зарур. Шу маънода стол тенниси нафақат кўз равшанлигини оширади, балки тезкор қарор қабул қилишга ҳам кўмаклашади.

Шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан қайтарканмиз, ҳар томонлама мукаммал бу мажмуа йирик халқаро мусобақалар ўтказишга тайёр эканига амин бўлдик.  Бундай замонавий имкониятлар, машғулотларнинг юқори савияда, энг илғор усуллар асосида олиб борилиши ёш шахматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириши, шубҳасиз.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

«Оила даврасида» мухбири

Манба: "Оила даврасида" газетаси
Киритилди: 17:52, 08.09.2016.
Ўқилди: 7324 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.