Ўзбекистон ва Швейцария терма жамоалари ўртасидаги Девис кубогининг жаҳон лигасига ўтиш баҳсида ҳисоб тенглашди — 2:2.
Бугунги дастлабки ўйин Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин ва рақибнинг биринчи рақамли теннисчиси Хенри Лааксоненга ўртасида кечди. Мазкур учрашув жуда қизиқарли кечди ва теннисчилар 4 соат давомида кортда тер тўкишди.
Биринчи сетдан бошлаб теннисчилар тенгма-тенг ўйин намойиш қила бошлашди ва бўлим тақдири тай-брекда ҳал бўлди. "Лотерея" бошида ҳамюртимиз Лааксоненга 2та мини брейк қилиш имконини бериб қўйди. Натижада швейцариялик теннисчи тай-брекни 7:3 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.
Иккинчи сет ҳам деярли шундай давом этди. Томонлар бўлим давомида бир мартадан брейкни амалга оширишди. Айниқса, сет сўнгида ватандошимиз тўпни сет учун ўйинга киритган геймда ютқазиб қўйгани бироз аламли бўлди. Охир-оқибат сет тай-брекда ҳал бўлди. Бу сафар Истомин ишончлироқ ўйнади ва сетлар бўйича ҳисобни тенглаштирди - 8:6.
Учинчи сет энг ҳаяжонли бўлимга айланди. Сет бошида Лааксонен кетма-кет 2та брейкни амалга ошириб, 3:0 ҳисобида олдинга ўтиб олди. Кўп ўтмасдан Денис битта брейкни қайтариб олди. Истомин сет сўнгида рақибнинг иккиталик сетболини йўққа чиқариб, яна бир брейкни расмийлаштирди. Тай-брек эса ўзбекистонлик ишқибозларни янада ҳаяжонлантирди. Юртдошимиз 4:2 ҳисобида олдинда бораётиб, 4та очкони рақибига бериб қўйди — 4:6. Истомин шундай мураккаб вазиятда ўзини қўлга олди ва ўзи кетма-кет 4 очкони қўлга киритди — 8:6. Ўзбекистонлик теннисчи сетлар бўйича ҳисобда олдинга чиқиб олди — 2:1.
Учинчи сет ҳам тенгма-тенг кечди ва спортчилар ўз геймларини қўлга киритиб боришди. Ҳисоб 5:5 бўлиб турган вазиятда Денис рақибининг тўп оширида очкони қўлга киритишга муваффақ бўлди. 12-геймда эса тўпни Истомин ўйинга киритди ва сетни ўз фойдасига ҳал қилди — 7:5. Бу орқали матч ҳам Ўзбекистон фойдасига ёзилди — 6:7, 7:6, 7:6, 7:5.
Ўзбекистон ва Швейцария терма жамоалари ўртасидаги ҳисоб тенглашди. Тўқнашув тақдирини Жўрабек Каримов (АТР рейтингида 769-ўрин) ва Антуан Бельер (507) ўртасидаги баҳс ҳал қилади. Ўйин бироздан кейин старт олади. Ғолиб чиққан жамоа келаси мавсумда жаҳон лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Девис кубоги, Жаҳон лигасига чиқиш учун плей-офф
Денис Истомин - Хенри Лааксонен - 3:1 - 6:7 (3), 7:6 (6), 7:6 (6), 7:5.