Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Жозе Моуриньо «қурбони»га айланган 10 футбол юлдузи

Баҳо:
+ | -

«Чемпионат» нашри португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо ишончини қозона олмаган ва унинг «қурбони»га айланган 10 футбол юлдузи ҳақида маълумот берди.

Андрей Шевченко, «Челси»

Жозе Моуриньонинг футбол юлдузлари «қотили» фаолиятини унинг «Челси»га биринчи келганида бошланди. Ўша пайтларда клуб хўжайини Роман Абрамович юлдузли жамоа ташкил қилиб, футболчилар хариди учун пул аямаган. Ўз-ўзидан, омадсиз трансферлар ҳам бўлган. Андрей Шевченконинг «Милан» жамоасидан «Челси»га ўтиши Лондон клуби тарихидаги энг омадсизларидан бири бўлди. Шевченко Дидье Дрогба билан қақшатқич дуэт ташкил этиши керак эди. Бироқ ивуарлик футболчи тўпурарлик қобилиятини намойиш қилганида, украиналик ҳужумчининг Англия футболига самарасиз мослашуви давом этарди. Шевченко «Челси»даги икки йили давомида атиги тўққизта тўп киритиб, ҳар бир ўйинда Моуриньо ишончини йўқотар, белидаги муаммоларда азият чекар эди. Натижада у ижара асосида «Милан»га қайтиб, бир мавсумдан сўнг ватанига — Киевнинг «Динамо» клубига ўтиб кетди.

Моуриньо Шевчеко ҳақида: «‘Милан’да у шаҳзодалар сингари яшаган эди. ‘Челси’да эса фалсафа бошқача бўлган, ҳеч қандай қироллик оиласи бизда бўлмаган. Ҳамма бир хил ишлаши ва майдонга чиқиш учун муносиб эканини исботлаши керак эди. Менимча, у ўзига бўлган ишончни йўқотган. Ҳар қадамда у нотўғри йўналиш бўйлаб ҳаракат қилган».

Рауль, «Реал»

Моуриньонинг «Реал»даги ишини футбол мутахассислари ва клуб мухлислари турлича баҳолайди. Бир томондан, унинг қўли остида жамоа Испания чемпиони бўлди ҳамда мамлакат Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди. Бошқа томондан, ЕЧЛдаги муваффақиятсизлик, «Эль-Класико»даги омадсизлик. Аммо Моуриньога қаратилган асосий таъна клуб афсоналарига бўлган эътиборсиз муомаласи бўлган. Жозе «Реал»га келиши билан клубнинг янги футболчилари — Роналду, Кака ва Бензема атрофида ўйин олиб боришини очиқчасига айтган. Раулга эса португалиялик мутахассис бошқа ролни таклиф қилган — клуб афсонаси майдонда эмас, кийиниш хонасида етакчи бўлиши керак эди. Моуриньонинг «Интер»ида ушбу ролни Марко Матерацци бажарган. «Реал»даги фаолияти давомида доим етакчи бўлган Рауль бундай ролдан воз кечиб, Гельзенкирхенга йўл олди ва икки йил ичида «Шальке-04» мухлисларининг меҳрини қозонди.

Моуриньо Рауль ҳақида: «Рауль ва Гути клуб учун кўп ишни қилган. Мен эса ‘Реал’га ҳали ҳеч нарса келтирмадим ва шу сабабли уларни ҳурмат қиламан. Биз янги ғалабалар ва совринлар томон юришимиз керак. Ўтмиш аслида бўлганидан яхшироқ кўринади».

Кака, «Реал»

Моуриньонинг «Реал»даги фаолиятига бир мавсум бўлмасидан у ўз характерини яна намойиш қилди. Узатмалар даҳоси, олиб ўтишлар устаси Кака ҳам Моуриньонинг «қурбони»га айланди. Моуриньо Какадаги қобилиятларга қарамай, футболчи бор кучини намойиш қилмаса, уларнинг барчаси бекор эканини айтди. Жароҳатлар туфайли Кака «Реал»нинг бир қисми бўла олмади. Бразилиялик футболчининг ўрнини эса ўша пайтларда унча ёрқин бўлмаган Месут Ўзил эгаллади. «Захира ўриндиғи — лазарет» Кака учун икки йил давомида энг машҳур йўналиш бўлди. Шунинг учун у «Милан»га қайтганида ҳеч ким бунга катта эътибор бермаганди.

Моуриньо Кака ҳақида: «Агар Кака ‘Реал’да қолса — ажойиб. Агар у ‘Милан’га кетса — ажойиб».

Икер Касильяс, «Реал»

Моуриньонинг Рауль, Гути ва Кака билан можароси нисбатан енгил ўтган бўлса, Касильяс билан можаро Испанияда бир йилдан ортиқ муҳокама қилинди. 2012 йилнинг 22 ноябрь куни Икер Касильяснинг ёрқин фаолиятига нуқта ясаган кун саналади. Ўша куни у узоқ дамлардан буён биринчи марта захирада қолиб, ўз ўрнини Антонио Аданга бўшатиб берди. Касильяс ўринбосари учун ўйин омадсиз ўтди, бироқ тушунарсиз сабабларга кўра асосий таркибдаги жойини сақлаб қолди. Португалиялик мутахассис Адан Касильясдан кўра яхшироқ жисмоний ҳолатда эканига барчани ишонтирарди. Лекин матбуотда мухлислар ёқимтойи ва Моуриньо ўртасида можаро ҳақида маълумотлар чиқарди. Вақт ўтиб Икер Диего Лопесга рақобатни бой берди ва Мадриддаги 25 йиллик фаолиятидан сўнг клубни кўз ёшлари билан тарк этди.

Моуриньо Касильяс ҳақида: «Ўртамизда муаммо йўқ. Ҳар ким ўз ишини қилмоқда ва Икер уни яхши уддалаяпти. Энди Касильяс унинг коллекциясида бўлмаган совринни — Европа Лигаси ғолиблиги учун бериладиган кубокни ютиш имконига эга бўлади».

Хуан Мата, «Челси»

2012/13 йилги мавсумда Хуан Мата «Челси» сафида ёрқин мавсум ўтказганди. Бироқ Моуриньо Лондонга қайтганидан сўнг испаниялик футболчи захира ўйинчисига айланиб қолганини сезди. Мата шунчаки Моуриньонинг ҳимоядан минимал узатмалар билан ҳужумга тезкор равишда ўтишдан иборат янги концепциясига тўғри келмади. Натижада ярим ҳимоячи «Манчестер Юнайтед»га қочиб кетди, аммо у ерда «Челси»да кўрсатган ўйинини намойиш қила олмади. Моуриньо «МЮ»га келгач, Мата яна захирада қолиб кетди.

Моуриньо Мата ҳақида: «Матани кучлироқ футболчи қила олмаганимдан афсусдаман. Балки қийин дамда ўз позициясида энг яхшиси бўла олмаслик унинг учун янги ҳолат бўлгандир. Ушбу ҳолат уни футболчи ва инсон сифатида янада кучлироқ қилгандир. Аммо мен мураббий сифатида унга ҳеч нарса бера олмадим ва бу мени ранжитди».

Кевин Де Брюйне, «Челси»

Мата билан биргаликда «Челси»ни Кевин Де Брюйне ҳам тарк этди. Адолат нуқтаи назаридан шуни айтиш керакки, бельгиялик футболчи «Челси»ни тарк этаётганида Касильяс ёки Рауль сингари юлдуз даражасида бўлмаган. «Вердер»да ижара асосида тўп суриб, самарали ўйин кўрсатган Де Брюйне Моуриньога нималарга қодир эканини исботлашга уринди. Лекин ярим йил ичида атиги учта ўйинда майдонга тушиш барчасига ойдинлик киритди. Ёш иқтидорнинг ўйинидан ҳайратланмаган Жозе уни «Стэмфорд Бриж»дан узоқроққа (Германиянинг «Вольфсбург» клубига — «Дарё» изоҳи) жўнатиб юборди. Моуриньо ушбу қарорини қуйидагича изоҳлади:

«Улар клубдан нима учун кетишни хоҳлаганини ўзларидан сўраб кўришингиз мумкин. Агар улар — Лукаку, Де Брюйне, Шюррле ва Салах — ростини айтса, ҳақиқий рақобат истаганини маълум қилади. Улар маҳоратли футболчилар билан рақобатлашишни хоҳламайди».

Давид Луис, «Челси»

Давид Луис Жозе Моуриньонинг Лондонга иккинчи марта қайтиб келишидан икки йил аввал «Челси»да пайдо бўлган ҳамда ЕЧЛ ва Европа Лигаси ғолиби бўлиб, ўзини таянч ярим ҳимоячиси сифатида синаб кўришга ва хушчақчақ характери эвазига мухлислар ёқимтойига айланишга улгурган эди. Аммо Моуриньо ўзи учун асосий — авантюризм ва ҳимояда ишончсиз ўйин омилларини ажратди. Ҳукм қатъий эди — жамоадан кетиш. Бундан ташқари, «Челси» жамоанинг асосий футболчиси бўлмаган ўйинчи учун 50 миллионни яна қачон ишлаб оларди? Ким ўйлабди дейсиз бир неча йилдан сўнг Давид Луис арзимаган пул эвазига «Челси»га қайтади деб?

Моуриньо Луис ҳақида: «Ўтган йили у жамоанинг асосий ўйинчиси бўлмаганди. Марказий ҳимоячи сифатида уни кўриб ҳам ўтирмаймиз, чунки бу жойда Гари Кехилл ва Жон Терри бутун мавсум ўйнади. Давид ‘Челси’ учун кўп нарса қилди ва доим профессионал бўлиб қолади. Уни яхши йигит сифатида соғиниб қоламиз. Бироқ футбол нуқтаи назаридан таркибимиз янада кучли бўлди».

Фрэнк Лэмпард, «Челси»

Моуриньо иккинчи марта «Челси»га қайтганида клуб афсонасига айланиб улгурган Фрэнк Лэмпардни қўйиб юборишга қарор қилди. Мураббий унинг хизматиларидан воз кечди, Лемпард эса жисмоний ҳолатини сақлаш учун энг қулай бўлган АҚШ чемпионати — MLS’га ўтиб кетди.

Моуриньо Лэмпард ҳақида: «Лэмпардни қўйиб юборишга қарор қилганимда ҳақ эдим. Биз тўғри қарор қабул қилдик. Агар келажакка назар ташласангиз, Фабрегас ва Матич яна 10 йил клубнинг пойдевори бўлишини кўрасиз. Бизнинг лойиҳамиз 1 йилга эмас, айнан 10 йил муддатга мўлжалланганини тушуниш керак».

Петр Чех, «Челси»

Кўп ўтмай Моуриньо 10 йил аввал Англияда чемпионликни қўлга киритишни бошлаган сўнгги футболчиси билан хайрлашди. Петр Чех узоқ йиллар давомида жамоанинг ўзгармас биринчи рақами бўлиб келганди. Моуриньо ёш Тибо Куртуага ишонч билдириб, Чехнинг «Арсенал»га ўтиб кетишига йўл қўйиб берди.

Моуриньо Чех ҳақида: «Чехга қароримни тушунтирмадим ва буни қилмайман ҳам. Агар битта кишига буни тушунтирсам, норози бўлган бошқалар ҳам топилади. Вазиятни шундай баҳолайман: клуб бор, жамоа бош, кейин эса футболчилар. Клуб менинг ваколатимда эмас, жамоани эса мен бутунлай назорат қиламан. Барча ишларим клуб учун қилинаётганини ҳамма тушуниши керак».

Бастиан Швайнштайгер, «Манчестер Юнайтед»

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бир неча кун аввал йиллик молиявий ҳисоботини чоп этиб, «кўрилмаган харажатлар» бўлимига 6,7 миллионни киритиб қўйди ва уни «клуб аъзоси ҳисобланмаган футболчининг нархи қадрсизланиши» билан тушунтирди. Гап Бастиан Швайнштайгер ҳақида бораётганини англаган бўлсангиз керак. Германия термаси сафида жаҳон чемпиони бўлган афсонавий Бастиан Швайнштайгер яқиндагина янги жамоага ўз кучини бағишлашга тайёр эканини айтганди. Клуб эса германиялик футболчи «қимматбаҳо мулк» эмаслиги ҳақидаги ҳужжатни имзолади. Бунга асосий сабаб — Бастианнинг хизматларига муҳтож бўлмаган Жозе Моуриньо.

Моуриньо Швайнштайгер ҳақида: «У мен билан гаплашди. Унинг учун жавоб беришни истамайман. Бу унинг ҳаёти ва карьераси. Унда ‘МЮ’ билан амал қилаётган келишув бор ва у кетиш ёки қолиш ҳуқуқига эга. Бу борада муаммо йўқ. Иккита позицияга бешта футболчи — Погба, Эррера, Шнайдерлин, Феллайни ва Кэррик бор. Агар муаммолар пайдо бўлса, клуб академиясидан ёш футболчиларни чақириб, уларга имкон беришдан хурсанд бўламан».

Қайд этиш керакки, Адриан Муту («Челси»), Шон Райт-Филлипс («Челси»), Эрнан Креспо («Челси»), Гути («Реал»), Рикарду Куарежма («Интер»), Хамит Алтинтоп («Реал»), Муҳаммад Салах («Челси»), Хуан Куадрадо («Челси»), Лассана Диарра («Реал»), Рафаэль ван дер Варт («Реал»), Ромелу Лукаку («Челси») каби футболчилар Жозе Моуриньо «қурбони»га айланган.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 20:04, 19.09.2016.
Ўқилди: 22085 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.