«Реал» бош мураббийи Зайниддин Зидан Испания чемпионатининг 7-тури доирасида «Эйбар»га қарши ўйин (1:1) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди. Мадридликлар сўнгги 4та расмий ўйинда дуранг натижа қайд этишди.
«Ўйиннинг дебютидаги ўйинимиз менга ёқмади. Биринчи бўлимда ўз ўйинимизни намойиш қила олмадик ва рақиб ўйнаш имкониятини бериб қўйдик. Танаффусдан кейин яхшироқ ўйнай бошладик, лекин сўнгги пайтларда бир фикрни кўп такрорлашга тўғри келяпти. Ўйин 90 дақиқа давом этади, биз эса уни ёмон бошлаяпмиз. Баҳснинг 6-дақиқасидаёқ жаримадан етказилган узатмадан кейин гол ўтказиб юбордик. Лекин "Эйбар" кўп жамоаларга шундай гол урганини билардик.
Бизда жисмоний тайёргарлик борасида муаммо йўқ. Биз ўйиннинг сўнгги қисмини яхши ўтказяпмиз. Энди футболчилар терма жамоаларга йўл олишади. Мен эса вазиятни ўзгартириш учун ечим топишим керак. Бундай аҳволда давом эттириб бўлмайди.
Йўқ, бу инқироз эмас. Ҳозир энди октябрь, биз хавотирга тушишимиз керак эмас. Примерада кетма-кет 3та ўйинда дуранг ўйнадик. Бу нотўғри. Мавсум бошида жадвални бошқараётганингда, бу нарсага тўғри ёндашиш керак. Биз сидқидилдан ишлаб, ўйин бошида аввалгидек фаол ҳаракат қилишимиз керак. Ҳозир бизда шундай муаммо бор», – дейди Зидан.
«Реал» Испания чемпионатининг 7-туридан кейин 15 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди.